Фуқаролар йиғинлари раислари сайлови
Вилоятимизда 2022 йилнинг май ойида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тадбирлар режасига мувофиқ, шу кунларда воҳамиздаги барча маҳаллаларда сайлов ўтказиладиган манзил ва объектларни аниқлаш, ишчи гуруҳларни тузиш ва уларнинг аъзоларини ҳудуддаги ҳовлилар, уйлар, кўчаларга бириктириб, фуқаролар вакилларини сайлаш бўйича умумий йиғилишларни ўтказиш жадвалларини тасдиқлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Маълумки, шу йил 25 март куни халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан "Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарор қабул қилиниб, унда юртимизда жорий йилнинг май ойида ўтказиладиган бу муҳим тадбирда вилоят бўйича 813 нафар фуқаролар йиғини раиси сайланиши қайд этилди. Айни пайтда мазкур ҳужжатга асосан сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тадбирлар режаси, бу жараёнга кўмаклашувчи вилоят комиссияси таркиби ҳамда сайлов бюллетени намунаси тасдиқланди.
Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси котиби, вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бош мутахассиси Шаҳриддин Каттабобоевнинг таҳририятимизга маълум қилишича, бугунги кунда Қашқадарёнинг барча шаҳар ва туманларида тегишли кўмаклашувчи комиссиялар тузилиб, ваколати доирасидаги масалаларни кўриб чиқиш ва ҳал қилишга киришган.
- Сайловга тайёргарлик доирасида, шунингдек, ишчи гуруҳларини тузиш юзасидан фуқаролар йиғинлари ёки фуқаролар вакилларининг йиғилишларини ўтказиш ҳамда кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлари аъзолари учун махсус ўқув дастури асосида семинар-тренинглар ўтказиш режалаштирилган, - дейди Ш.Каттабобоев. - Апрель ойининг дастлабки ўн кунлигида эса фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар кўрсатиш билан боғлиқ тадбирлар амалга оширилади.
Шу ўринда эслатиш жоизки, мамлакатимиз қонунчилигига кўра, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) фуқаролар йиғини томонидан, фуқаролар йиғинини чақириш имкони бўлмаган тақдирда эса, фуқаролар вакилларининг йиғилиши томонидан уч йилга сайланади. Сайловни ташкил этиш ва ўтказиш ошкоралик, муқобиллик ҳамда тенг сайлов ҳуқуқи принциплари асосида амалга оширилади.
Ўз мухбиримиз