Аввал хабар берганимиздек, жорий сайловда вилоятда 660 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 6 минг нафардан зиёд маслаҳатчиси сайланиши режалаштирилган бўлиб, шу кунга қадар 543 нафар маҳалла раиси ва уларнинг 5751 нафар маслаҳатчиси сайланди.
Китоб туманида фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови муваффақиятли якунланди.
Белгиланган чора-тадбирлар дастури асосида кўмаклашувчи комиссия ҳамда жойлардаги сайловни ташкил этувчи ва ўтказувчи ишчи гуруҳлари аъзолари ҳамкорликда иш олиб боришди. Улар томонидан амалий семинарлар ўтказилиб, сайловга оид қонунлар ҳақида атрофлича тушунчалар берилди. Кўчалар ва қишлоқларда ўтказилган йиғилишларда 169669 нафар сайлаш ҳуқуқига эга фуқаролардан 2809 нафар вакил ҳамда қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислигига 155 нафар номзод рўйхати шакллантирилиб, туман кўмаклашувчи комиссиясига тақдим этилди.
Шу тариқа тумандаги мавжуд 38 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғини раислари ҳамда раисларнинг 303 нафар маслаҳатчиси сайлаб олинди.
– Ҳаммаси қонунда кўзда тутилганидек, очиқ-ошкоралик, муқобиллик асосида ўтказилди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Китоб туман бўлинмаси раиси Жаббор Раҳмонов. – Қишлоқлар ва кўчалардаги йиғилишларда эл ичида ҳурмати бор, маҳалланинг эртанги кунига бефарқ бўлмаган вакиллар сайлаб олинишига эришилди. Кўмаклашувчи комиссия аъзолари ишчи гуруҳлари фаолиятини мувофиқлаштириб, кўмаклашиб турдилар. Рўйхатга олинган номзодлар таржимаи ҳоллари, меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотлар сайлов ўтадиган жойларда илиб қўйилди.
Сайловда раисларнинг 23 нафари, маслаҳатчиларнинг 194 нафари биринчи маротаба сайланди, қолган раис ва маслаҳатчиларга эл ишонч билдириб қайта сайлади.
***
Муборак туманидаги Сариқ қишлоқ фуқаролар йиғинида 6690 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 5120 нафари сайлаш ҳуқуқига эга бўлиб, улардан 84 нафар вакил сайлаб олинди. Вакиллар уч нафар раисликка номзод учун овоз беришди.
- Беш кишидан иборат ишчи гуруҳи аъзолари билан ҳамжиҳатликда ишладик, - дейди ушбу маҳаллада сайловни ўтказиш ва ташкил этиш бўйича шакллантирилган ишчи гуруҳи раҳбари Итолмас Қаршиев. - Тарғибот–ташвиқот тадбирларини ташкил этдик. Қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Сариқ, Шайх, Хўжамуборак, Қорабоғ қишлоқларида умумий йиғилишлар ўтказдик.
Номзодлар ўз дастурларида, энг аввало, маҳаллада тинчлик-осойишталикни барқарор сақлаш, тўй ва маросимларни тартибли, камхарж қилиб ўтказиш, ободонлаштириш, коммунал хизматлар сифатини яхшилаш ва маҳаллада оилавий бизнесни ривожлантириш, кам таъминланган оилаларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш, бунда тижорат банкларининг имтиёзли кредитларидан самарали фойдаланиш каби қатор масалаларга алоҳида эътибор қаратдилар. Вакиллар йиғин раиси лавозимига илк марта илгари сурилган номзодни ёқлаб овоз бердилар. Шунингдек, 11 нафар энг муносиб номзод маҳалла фуқаролар йиғини раиси маслаҳатчиси лавозимига сайланди.
- Маслаҳатчи лавозимига ҳам энг тажрибали, ташкилотчи маҳалладошларимиз номзодлари кўрсатилгани айни муддао бўлди, - дейди Итолмас Қаршиев. - Шунинг учун уларни танлаб олиш жараёни ҳам қийин кечди. Шундай бўлса-да, муносиблар маслаҳатчи бўлиб сайландилар. Истагим шуки, янги сайланган раис ва унинг маслаҳатчилари баҳамжиҳат, фидойилик билан иш олиб борсалар, албатта маҳалламиз бундан ҳам обод ва фаровон бўлиб бораверади.
Маълумотларга кўра, туманда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови якунланди. Ушбу жараёнда 21 нафар раис ва уларнинг 223 нафар маслаҳатчиси сайлаб олинди.
Л.ЎРОҚОВА, Ш.БОЗОРОВА