Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Майсара ҚЎЙЛИЕВА

26.01.2017


МАҲАЛЛАМНИНГ КАЙВОНИЛАРИ

Одамлар чеҳрасида самимийлик, қарию ёш бирдек ҳурмат-иззатда, бир-бири билан жуда аҳил-иноқ, елкадош. Тўйида қўлини кўксига қўйиб, азасида белини маҳкам боғлаб, бир-бириникида хизматда. Йўғини яширади, борини оширади. Эсимда, мактабда ўқиб юрган кезларим тенгқур қўшнимиз кўпинча дарсларга бормасди, гоҳида кечикиб, дарс тайёрламай, ё бўлмаса нонушта қилмай, уст-боши бир аҳволда келарди. Шундан билардимки, уйларида яна жанжал бўлган, онаси бувасиникига аразлаб кетиб қолган. Шунақа пайтларда  онамнинг бир оёғи қўшнимизникида бўларди. Сигирини соғиб, кези келганда нонини ёпиб, овқат тайёрлаб берарди. Маҳалла кайвонилари ўртоғимнинг бувасиникига бориб, узр сўраб, онасини қайтариб олиб келишарди. Қўшни аёл вақтини топиб, бирор тансиқроқ овқатми ё бирор ширинликми пишириб, бизникига олиб чиқар, бироз ўтириб гурунглашар, сўнг онамга раҳмат айтиб кетарди.

Ҳозир ўйласам, гарчи бу бир қарашда оддий воқеадай бўлиб туюлса-да, аслида маҳалламиздагиларнинг бир оила тақдири учун қайғуриши, оиладай муқаддас даргоҳга дарз кетмаслиги учун жон куйдиришининг ёрқин далили эди. Аслида бу фазилат халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. “Қўшнинг тинч – сен тинч”, “Бир болага етти маҳалла ота-она” сингари мақоллар шу фазилат, шу одат замирида туғилган бўлса, ажаб эмас.

Ибратли оилаларнинг бекаси бўлган, ўғил-қизларини эл корига ярайдиган комил шахслар этиб тарбиялаган, бугунги кунга келиб, ўзлари невара-чеваралар ардоғида ўтирган Зулфия     Худойқулова, Башорат Мансурова, Каромат Бўриева, Тўхтахол  Мейлиева, Ойқиз Туропова сингари кайвони аёлларсиз қишлоғимизни тасаввур қила олмайман. Маҳалладагиларнинг аҳил-иноқлиги, бирдамлигини таъминлашда бу онахонларнинг алоҳида ўрни борлигини бир мен эмас, ҳамма эътироф этади.

- Улар бизнинг энг яқин кўмакчиларимиз, - дейди Миришкор туманидаги Навбаҳор ҚФЙ раиси Панжи Бўриев. - Маҳалла  фаоллари сифатида оилада соғлом турмуш тарзи ва юксак маънавий муҳитни шакллантириш, аёлларнинг дунёқарашини ўстириш, айниқса, ўсмир қизларни ҳаётга тайёрлаш мақсадида ўтказиб келинаётган “Оила ва никоҳ”, “Иффатли келин”, “Қизларни турмушга тайёрлашда онанинг роли” каби тадбирларда ўз ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашишади. Шунингдек, ёшлар ва хотин-қизларнинг турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, маҳалладаги маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган иллатлар, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш мақсадида мутахассислар иштирокида “Огоҳлик – давр талаби”, “Ўз уйингни ўзинг асра”, “Диний экстремизм ва терроризмнинг салбий оқибатлари” мавзуларида давра суҳбатлари уюштирилиб,  тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилиб келинаяпти. Бу тадбирларда ҳам, аввало, кўпни кўрган кексаларимиз, айниқса, онахонларнинг панд-насиҳатлари, йўл-йўриқларига таянамиз.

Ушбу қишлоқ фуқаролар йиғини аҳолиси асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Кимдир ҳовлисидаги томорқада бирор нима экиб, кун бўйи ғимирлаб юрса, бошқа биров қорамол ё қўй-эчки боқиш, учинчи одам эса парранда парваришлаш билан машғуллигини кўрасиз. Бекор юрган одамни дарров гапиришади, “уйингда ишинг йўқдай бамайлихотир юрибсан” қабилида сўроққа тутишади.

-  Халқимизда бир гап бор, бекорчидан худо безор, дейишади, - дейди маҳалланинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Назира Тўраева. – Бу гапнинг айниқса бизнинг кексалар тилида кўп такрорланишига гувоҳ бўласиз. Оилада ўсаётган ёшлар ҳам шу каби кексаларимизнинг йўл-йўриғини олиб вояга етаётгани учунми, вақтнинг қадрини билишади. Нуфузли олийгоҳларда ўқиётганлар, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўяётганлар, фермерлик қилиб юрт фаровонлигига ҳисса қўшиб келаётганлар  кўпчиликни ташкил қилади. Хуллас, қишлоқда бўш юрган одамни деярли учратмайсиз. 

- Болани ёшлигидан меҳнатга ўргатиб бориш керак, - дейди пиру бадавлат онахон Тамара Петухова. – Нима учун айрим ёш йигит-қизлар номақбул ишларга қўл уради? Чунки уларнинг меҳнатга бўйни ёр бермайди. Ёшлигидан ота-онаси ҳалол ишлашга, ўз кучи билан рўзғорига наф келтиришга ўргатмаган-да.

Тамара аянинг ўзи турмуш ўртоғи билан биргаликда 15 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказган. Ҳаммаси уйли-жойли. Эл ичида обрў-эътиборли. Беш келин билан талашиб-тортишмай, сен-менга бормай муроса қилиб келаётган Тамара ая уларга турмушда сабр-қаноатли, оғир-вазмин бўлиш лозимлигини кўп уқтиради. Унинг фикрига кўра, оиладаги келишмовчиликлар кўп ҳолларда айнан шу хислатлар етишмаслигидан келиб чиқади.

- Қуш уясида кўрганини қилади, деган гап ҳам бежиз айтилмаган, - дея суҳбатга қўшилади шу қишлоқ кайвониларидан бири Тўхтахол Мейлиева. - Ўсаётган қизми-ўғилми атрофдаги катталарга қараб ҳаракат олади. Яхшини кўрса, яхши, ёмонни кўрса, ёмон хислатларни тарбиясига сингдириб боради.

 Аянинг гапларида жон бор. Биргина боланинг эл корига ярайдиган инсон бўлиши учун бизда оила бағри дорилфунун вазифасини ўтайди. Маҳаллаларимизда умргузаронлик қилиб келаётган юқоридаги каби фариштасифат онахонларимиз, дуогўй отахонларимиз эса шу дорилфунуннинг моҳир педагоглари, десам муболаға эмас. Омон бўлишсин!

Майсара ҚЎЙЛИЕВА

Report typo