Тадбиркор Дилмурод Худойбердиевнинг саъй-ҳаракатлари билан жамият негизида яна бир йирик ташаббус - Хитой технологияси асосида пластмассадан турли буюмлар ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди.
- Янги лойиҳани амалга ошириш режаси пайдо бўлгач, бозорни обдан ўргандик, - дейди Дилмурод Худойбердиев. - Шундан сўнг пластмасса буюмлар ишлаб чиқаришга қарор қилдик. Боиси, бундай маҳсулот ўзининг фойдаланиш учун қулайлиги ҳамда ҳамёнбоплиги билан харидорлар эътиборини қозонган, талаб юқори. Қолаверса, зарур хом ашё ўзимизда мавжуд. Яъни, ишлаб чиқариш жараёнида Шўртан газ кимё мажмуасида тайёрланадиган хом ашё дан фойдаланилади.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, 800 миллион сўм банк кредити ҳамда 50 минг АҚШ доллари қийматидаги ўз маблағлари ҳисобига Хитойдан замонавий технология харид қилинган. У бир неча хил уй-рўзғор буюмлари ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун мўлжалланган пластмасса қутиларни ишлаб чиқариш имконини беради.
- Айни пайтда челак, тоғора, кичик товоқчалар каби буюмларни ишлаб чиқаришни ўзлаштирдик, - дейди тадбиркор. - Бундан ташқари, бир неча хил ўлчамдаги пластмасса қутиларни ишлаб чиқараяпмиз. Экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари, маҳсулот етиштирувчилар ҳамда сақловчилар уларнинг асосий харидори ҳисобланади.
Бозор талабини билиш, рақобатбардош ва кундалик истеъмол учун зарур бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш тадбиркорлик фаолиятининг ривожини таъминлайдиган муҳим жиҳатлардан бири саналади. Шуни илғай олган тадбиркор Дилмурод Худойбердиев раҳбарлик қилаётган жамият тасарруфидаги корхоналарда 60 нафар киши иш билан таъминланган. Тадбиркор эса яна янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳаракатида. Мисол учун, яқин вақт ичида темир-бетон плиталар ишлаб чиқариш қувватини ишга тушириш режалаштирилган. Бу режа ҳам амалга ошса, иш ўринлари сони янада кўпаяди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Суратларда: корхона фаолиятидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.