Кичик бизнес
Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида вилоятимизда 3 триллион 332 миллиард 300 миллион сўмлик қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилган. Бу бажарилган ишлар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,5 фоизга, 2017 йилнинг дастлабки тўққиз ойига нисбатан эса 14,8 фоизга ошганини кўрсатади.
Маълумки, саноат ва ижтимоий объектларда, тадбиркорлик субъектлари биноларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан бир қаторда, аҳоли томонидан бажарилаётган қурилиш юмушлари ҳажми ҳам йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Натижада шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси тубдан чирой очиши баробарида, қурилиш маҳсулотлари бозори ҳам ривожланиб бораётгани эътиборга молик.
Яккабоғлик Сирожиддин Валиев ҳам ана шу жиҳатни инобатга олган ҳолда, қурилиш саноати учун зарур бўлган маҳсулот - дераза токча қопламаси (подоконник) ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. У таъсис этган "FBS technology group" масъулияти чекланган жамиятида бугунги кунда 11 турдаги замонавий токча қопламалари ва безашда фойдаланиладиган махсус материаллар ишлаб чиқарилмоқда.
- 300 минг долларга Хитойдан зарур технологияни олиб келдик, - дейди тадбиркор. - У бир суткада 6 тонна хом ашёни қайта ишлаб, керакли дизайн ва ўлчамдаги маҳсулотларни тайёрлаш имконини беради. Яқинда иш бошлаганимизга қарамай, маҳсулотларимиз ички бозорда ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Фуқаролардан ҳам, тадбиркорлик субъектларидан ҳам буюртмалар кўп. Шу боис яна 8 кишини фаолиятга жалб этиб, ишчиларимиз сонини 20 нафарга етказиш ва ишлаб чиқариш қувватини сезиларли ошириш ҳаракатидамиз.
Эътиборли томони, бугун қурилиш саноатида кенг қўлланилаётган ушбу маҳсулотни ишлаб чиқариш учун зарур хом ашёнинг қарийб 98 фоизи ўзимизда мавжуд. Тадбиркор унинг бир қисмини Китоб тумани таъминотчиларидан олаётган бўлса, яна бир қисми Навоий вилоятидан келтирилмоқда. Фақат айрим қўшимчаларгина импорт маҳсулот ҳисобланади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.