Тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида қабул қилинган қонун ҳужжатлари ҳамда бу борада божхона органларида жорий этилган имконият ва қулайликлар тўғрисида маълумотлар берилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 25 майдаги фармони билан 1 июндан эътиборан юртимиз тадбиркорлари ўзи ишлаб чиқарган товарларни (янги мева-сабзавот, полиз ва узум маҳсулотлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги фармони 2-иловасида кўрсатилган хомашё товарлари бундан мустасно) олдиндан ҳақ олмасдан, аккредитив очмасдан, банк кафолати ва экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта полисини расмийлаштирмасдан экспортга чиқариши йўлга қўйилди. Бунда шартноманинг умумий қиймати 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаслиги, товар ҳақиқатда олиб чиқиб кетилган кундан сўнг 90 кунлик муддат ичида валюта келиб тушиши таъминланиши шарт. Ушбу фармон 1-банди "а" кичик банди асосида экспортёр корхонанинг аввал экспортга чиқарилган товарлари бўйича дебитор қарздорлиги мавжуд эмаслигига алоҳида эътибор қаратиши лозим.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 июндаги қарори ҳам тадбиркорликни ривожлантиришда навбатдаги қадам бўлди. Мазкур ҳужжат билан жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб, тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари ҳақини олдиндан 100 фоиз тўлаш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилиш ҳуқуқи берилгани эътиборга моликдир. Бундан ташқари, қарор билан ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартиботларини бекор қилиш орқали ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ҳам мақсад қилинган.
- Мазкур ҳужжатларнинг қабул қилиниши маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларнинг рақобатдошлигини ва молиявий барқарорлигини оширишга имконият яратади, - дейди вилоят божхона бошқармаси вал-юта назорати гуруҳи бош инспектори Отабек Махмадалиев. - Соҳа вакилларига берилаётган кенг имкониятлар натижасида воҳанинг экспорт салоҳиятини оширишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳам улуши юқори. Маълумотларга кўра, жорий йилда вилоятда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари иштирок этмоқда. Улар томонидан дунёнинг кўплаб мамлакатларига қарийб 11 миллион АҚШ долларилик мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари ва узум етказиб берилди.
Семинарда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар қайтарилди. Келгусида божхона қонунлари бўйича юзага келадиган масалалар ҳамда божхона расмийлаштируви бўйича мавжуд муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш бўйича тушунтиришлар берилди.
Б.ЎКТАМ