Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • МАҲАЛЛИЙ ВАКИЛЛИК ОРГАНЛАРИ: ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва ошкоралик фаолият самарадорлигини таъминлайди

Абдишукур ОМОНОВ

17.02.2017


МАҲАЛЛИЙ ВАКИЛЛИК ОРГАНЛАРИ: ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва ошкоралик фаолият самарадорлигини таъминлайди

Шу ўринда қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан доимий равишда маҳаллий вакиллик органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш борасида маҳаллий Кенгашларга амалий ёрдамлар бериб келинмоқда. Семинарлар ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, бу борада ўтказилаётган тадбирларда туманлар ва шаҳар ҳокимликлари, маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари ва туман ҳокимликлари ташкилий-назорат гуруҳи раҳбарларининг эътибори қуйидаги камчиликларни бартараф этишга қаратилмоқда:

- айрим туман ҳокимликлари биноларига кириш жойида “Халқ депутатлари туман Кенгаши” деган пешлавҳа илинмаган;

- ҳокимиятлар биноларига кириш жойларига халқ депутатлари Кенгаши ва доимий комиссия раислари ва депутатларнинг қабул кунлари ва вақтига доир ёзувларни илиб қўйиш зарур;

- аксарият халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари давлат герби тасвири туширилган муҳрга эга эмас;

- ҳокимликларда доимий комиссиялар ва депутатлар учун алоҳида хона ажратилмаган;

- сиёсий партиялардан сайланган депутатлар уч кишидан иборат бўлса-да, айрим туман Кенгашларида депутатлик гуруҳлари тузилмасдан қолган;

- маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг мансабдор шахслари депутат этиб сайланган Кенгашлар ҳам мавжуд бўлиб, бу ҳолат қонун талабларига зиддир.

Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 27-моддаси талабларига биноан маҳаллий Кенгашларда маҳаллий бюджетларнинг тегишли даврдаги ижроси ҳар чоракда кўриб чиқилиши лозим. Кенгашларнинг норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган қарор лойиҳалари адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши, Кенгаш қарорлари расмий нашрларда эълон қилиниши зарур. Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари матнларининг электрон шакллари уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши шарт.

Ҳокимлик ва тегишли Кенгашларнинг расмий веб-сайтида маҳаллий Кенгашларнинг фаолиятига оид маълумотлар тўлиқ олиб борилиши керак. Доимий комиссияларнинг қарор ва баённомалари битта ҳужжат сифатида расмийлаштирилмаслиги зарур. Баённомаларда депутатнинг қайси сиёсий партия аъзоси эканлиги ва билдирган фикри аниқ кўрсатилиши, Кенгашлар ва доимий комиссиялар ўз қарорлари ижросини сессияларда кўриб чиқишга эътибор қаратмоғи керак. Ўз навбатида Кенгаш қарорлари ижрочиларга албатта етказилиши ва ижрога оид маълумотлар талаб қилиниб олиниши шарт.

Депутатлик сўрови депутат йўллаётган бошқа мурожаатлардан фарқ қилиши лозим. Бизнингча, депутатлик сўровлари бўйича ахборотлар Кенгаш ва доимий комиссияларда муҳокама қилиб борилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳокимликларнинг ташкилий-назорат гуруҳлари доимий комиссиялар ва депутатларга ташкилий масалалар юзасидангина амалий ёрдам беришлари, аксинча улар барча ҳужжат ишларини ўз зиммаларига олмасликлари даркор. Доимий комиссиялар раислари ўз комиссиясига  аъзо депутатларнинг фаолиятини самарали ташкил этиши, Кенгаш ва доимий комиссиялар ҳужжатларини расмийлаштиришда масъулиятни тўлиқ ўз зиммаларига олиши керак.

Албатта, ҳар бир депутат ўзи сайланган ҳудуддаги муаммони доимий комиссия ва сессияга олиб чиқишга, бу муаммони ҳал этишга ҳаракат қилади. Натижада туман миқёсида ечимини кутаётган кўплаб масалалар юзага чиқади. Бу масалалар сессияларда муҳокама этилиб, муаммоларни навбатма-навбат ва босқичма-босқич ҳал этиш чоралари кўрилади. Музокараларда сиёсий партия гуруҳларининг иштироки ҳам муҳим. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг ушбу ҳудуддан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари билан ҳамкорлиги ҳудуддаги муаммоларни тезроқ ҳал этишда ўз самарасини беради.

Халқ депутатлари туман Кенгаши раислари – ҳокимлар тегишли Кенгаш, доимий комиссиялар ва депутатлар фаолияти самарадорлигини ошириш борасида бош масъулдир. Асосий масала эса депутат ва сайловчи, раҳбар ва ходим, бошқарувчилар ва бошқарилувчилар ўртасида ҳамкорлик, очиқлик, ошкоралик, ишонч ҳамда халқ ва давлат манфаати йўлида биргаликда ҳаракат қилишдир.

Абдишукур ОМОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

Report typo