Маъмурий чеклов нима?
Маъмурий чеклов - ҳуқуқ ва эркинликларни вақтинчалик чеклаш ёки зиммага мажбуриятлар юклатиш бўлиб, ушбу чеклаш ёки мажбурият юклатиш жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинган шахсга нисбатан суд томонидан белгиланади. Яшаш жойидан сутканинг белгиланган вақтида ташқарида бўлишни; муайян жойларда бўлишни; суд томонидан белгиланган ҳудуд доирасидан ички ишлар органларининг рухсатисиз чиқишни; алкоголли ичимликлар истеъмол қилишни тақиқлаш; рўйхатдан ўтиш учун ҳар ойда бир мартадан тўрт мартагача ички ишлар органига келиш маъмурий чеклов турларидир.
Қай ҳолатда ўрнатилмайди?
Маъмурий назорат суд томонидан ўта хавфли рецидивист деб топилган, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик; ҳар қандай қасддан қилинган жиноятлар учун икки ва ундан ортиқ марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин. Вояга етмаган шахсларга, судланганлиги олиб ташланган ёки судланганлик ҳолати тугалланган шахсларга нисбатан маъмурий назорат ўрнатилиши мумкин эмас.
Қандай тартибда ўрнатилади?
Бу ишлар жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан кўрилади. Судга асослантирилган тақдимнома ўта хавфли рецидивистлар, жазони ижро этиш муассасаларида турган оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган, агар улар жазони ўташни қасддан бузувчилар деб топилган бўлса, уларни озод этишдан камида бир ой олдин жазони ижро этиш муассасасининг бошлиғи томонидан киритилади. Жазони ижро этиш муассасасидан озод этилиб, бир йил ичида икки ёки ундан кўпроқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганларга нисбатан тегишли ички ишлар органининг бошлиғи томонидан тақдимнома киритилади. Тақдимнома суд томонидан ўн кун ичида кўриб чиқилиши керак.
Маъмурий назорат олти ойдан бир йилгача муддатга ўрнатилади. Назорат остидаги шахснинг яшаш жойи бўлмаган тақдирда, суд маҳаллий давлат ҳокимияти органларига назорат остидаги шахсни турар жой билан таъминлаш чораларини кўриш мажбуриятини юклаш тўғрисида қарор чиқаради. Назорат остидаги шахсга қидирув эълон қилинганда ва суд томонидан бедарак йўқолган деб топилганда назорат муддатининг ўтиши тўхтатиб турилади. Назорат муддати назорат остидаги шахс маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган тақдирда ички ишлар бўлимининг тақдимномаси асосида олти ойгача, бироқ судланганлик муддати тугалланишидан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.
Тугатиш тартиби қандай?
Биринчидан, маъмурий назорат ўрнатилган муддат тугаганда. Иккинчидан, судланганлик ҳолати тугалланган ёки судланганлик олиб ташланганда. Учинчидан, озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилиниб, жазони ижро этиш жойига юборилганда. Тўртинчидан, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилганда. Бешинчидан, бошқа давлатга доимий яшаш учун кўчиб кетганда. Олтинчидан, вафот этганда.
Назорат муддатининг камида ярми ўтгач, ички ишлар органи тақдимномаси, назоратдаги шахс аризаси, шунингдек, меҳнат жамоаси, жамоат бирлашмаси ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг илтимосномасига кўра маъмурий назорат суд томонидан муддатидан олдин тугатилиши мумкин. Бу мурожаат суд томонидан ўн кунлик муддат ичида кўриб чиқилади. Шикоятлар юқори турувчи суд томонидан ҳал қилинади.
Қонунда назорат остидаги шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда ички ишлар органларининг мажбуриятлари ҳам белгилаб берилган. Назорат остидаги шахсга нисбатан қидирув эълон қилиш масаласи ички ишлар органининг тақдимномаси асосида суд томонидан беш кунлик муддат ичида кўриб чиқилади.
Маъмурий назоратни амалга оширувчи ички ишлар органи назорат остидаги шахсга яшаш жойидан ташқарида бўлиши ёки суд томонидан белгиланган ҳудуд доирасидан чиқиш учун ўн кундан кўп бўлмаган муддатга қуйидаги шахсий ҳолатлар муносабати билан рухсатнома беради:
биринчидан, яқин қариндошининг ўлими ёки оғир касаллиги. Иккинчидан, ишга жойлашиш ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш зарурати. Учинчидан, таълим муассасаларига қабул қилиш чоғида кириш имтиҳонларини топшириш зарурати бўлганда. Даволаниш, табиий офат туфайли яшаш жойида яшаш имконияти бўлмаганда, бошқа ҳудудда таълим олганда рухсатнома бир ойга қадар берилиши мумкин.
Қонуннинг мақсади нима?
Биринчидан, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар томонидан қайта ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш. Иккинчидан, айрим тоифадаги ҳуқуқбузарларга профилактик таъсир кўрсатиш. Учинчидан, айрим тоифадаги ҳуқуқбузарлар учун жазонинг тарбиявий ролини ошириш.
Мавзуга дахлдор масала сифатида яна шуни қўшимча қилиш лозимки, "Маҳкумларнинг ҳамда қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонунга асосан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида"ги Қонунга инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) ҳуқуқларини кенгайтириш, дахлсизлигини таъминлаш, маҳкумлар ҳамда қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Амалдаги қонунлардаги бу ўзгаришлар юртимизда инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади. Асосийси ва энг муҳими эса ушбу қонунларни пухта ўрганиш, тарғиб қилиш ва амалиётда қўллашдир.
Абдишукур ОМОНОВ,
вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари