Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ

27.06.2017


МАҲОРАТ, МЕҲНАТ ВА НАТИЖА

Зеро, шаҳару қишлоқларда қад  ростлаётган спорт мажмуалари, умумтаълим мактаблари қошидаги тўгараклар, спорт майдонлари уларнинг жисмонан соғлом ва маънан етук инсон бўлиб камол топишида катта ўрин тутмоқда.

Ана шундай истеъдодли ёшлардан бири, Қарши шаҳрилик ўн олти ёшли Тимирхан Атаевнинг кўплаб спорт турларида эришаётган ютуқларига бугун кўпчилик тенгдошлари ҳавас қилаяпти.

Ёш спортчи икки йил аввал, яъни 14 ёшидан спортнинг кикбоксинг тури билан мураббий Хуршид Файзуллаев қўл остида шуғуллана бошлади.

- Аввалига бу спорт тури билан ҳаваскор сифатида шуғуллана бошладим, - дейди Тимирхан Атаев. – Бироқ бироз муддатдан сўнг тенгдошларимнинг мусобақалардаги иштирокини ва эришган ютуқларининг гувоҳи бўлгач, ниятим жиддийлашди. Мен ҳам мусобақаларда иштирок этишни ва албатта чемпион бўлишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим. Шу тариқа, кикбоксинг билан профессионал даражада шуғулланишга киришдим.

Тимирхан ўз олдига қўйган мақсадига эришишида мактабда, спорт тўгарагида ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун яратилган шарт-шароит муҳим ўрин тутди.

У дастлаб шаҳар ва вилоят миқёсида ўтказилган мусобақаларда иштирок этиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин эгаллади. Бу уни янада кўпроқ шуғулланиш ва янада юқори натижаларга эришишга ундади. Жорий йил ҳам ўзини кўрсатиб, мамлакат чемпионатига йўлланма олди ва мураббийларида яхши таассурот қолдирди.

Гарчи у спортга бироз кеч кириб келган бўлса-да, ўзига хос хусусият ва қобилиятга эга. Гап шундаки, Тимирхан Атаев бир вақтнинг ўзида спортнинг кўплаб турлари, хусусан, таэквондо ИТФ, муайтай, таэквондо ВТФ, баскетбол, жанговар самбо билан жиддий шуғулланади. Таэквондо ИТФ бўйича Республика очиқ чемпионатида ўтган йили шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин эгаллади.

- Маҳоратим ва тажрибамни ошириш учун кўплаб спорт турлари билан шуғулланаман, - дейди у. – Лекин улар ичида кикбоксинг спорти мени мафтун этган. Унда ҳам қўлда, ҳам оёқда курашиш мумкин. Бу менга ёқади. Мақсадим жаҳон миқёсидаги мусобақаларда иштирок этиб ғолиб бўлиш. Қолаверса, бу келажагим учун ҳам муҳим. Чунки бу - ҳарбий спорт тури. Келажакда ҳарбий бўлмоқчиман. Бунга эса ҳозирдан жиддий тайёрланиб бораяпман. Ўйлайманки, ўз мақсадимга етаман.

У спортга бўлган кучли қизиқиши сабаб кикбоксинг сирларини қунт билан ўзлаштириб бораяпти. Ана шу меҳнатлари бугун турли нуфузли мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Азизбек НОРОВ

Report typo