Қонунбузарлик ҳолатларининг содир этилишига қарши кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётганига қарамасдан, айрим фуқаролар томонидан тақиқланган диний адабиётларни республикамиз божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтишга уриниш ҳоллари учрамоқда.
Хусусан, шаҳрисабзлик Рафиқ Тўраев Россия Федерациясидан Қарши халқаро аэропортига келиб тушганида унга тегишли юклар унинг ўзи томонидан тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси асосида божхона назоратидан ўтказилганда, декларацияда қайд этилмаган ва яширин равишда жойлаштирилган қўл телефони ва унга тегишли флешкартада ақидапарастликни тарғиб қилувчи бир нечта диний мазмундаги маърузалар борлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита хулосасига кўра, Рафиқ Тўраевдан ашёвий далил сифатида олинган уяли телефон хотирасидаги "yaqin qoldi. Mp3" номли аудиофайл диний ақидапарастликни тарғиб этувчи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланган материаллар сирасига кириши маълум бўлди.
Яна бир ҳолатда, жорий йилнинг 14 январь куни Москва-Қарши йўналишидаги авиарейс билан Қарши халқаро аэропортида парвозини якунлаган Сарвара Олимованинг ҳам юклари ўзи томонидан тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси асосида божхона назоратидан ўтказилганда, унга тегишли бўлган ноутбукда 30 дона аудио ва 20 дона видео форматидаги диний мазмундаги маърузалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётгани аниқланди.
Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг тегишли ҳукмларига кўра, Рафиқ Тўраев ва Сарвара Олимова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 246-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди ва қилмишларига яраша жазо чоралари тайинланди.
Дарҳақиқат, бу кишилар чет элда юрган вақтларида тўғри йўлдан юриб, номақбул ишларга аралашмаганларида, улар суднинг қора курсисида ўтирмас эди. Улар юртимизга олиб ўтмоқчи бўлган диний мазмундаги материаллар эса энг бебаҳо неъмат - тинчлик-осойишталикни бузишга, кишилар орасида ихтилоф келтириб чиқаришга қаратилгани билан хатарли эди. Хавфли қилмишнинг вақтида олди олинди. Юртда бузғунчилик чиқармоқчи бўлган кимсалар ўзларининг ҳаётини, тақдирини бузишди, холос.
Низомиддин ЖЎРАЕВ,
"Қарши аэропорти" чегара божхона пости бошлиғи