Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

19.02.2019


МАҚСАД ЖАЗОЛАШ ЭМАС, АММО ҚИЛМИШГА ЯРАША ЖАЗО МУҚАРРАР

Қонун устувор жойда ишда самара бўлади

- Инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман (шаҳар)лар бўлимлари 2018 йилнинг 1 августидан фаолият бошлаган эди. Ўтган йилнинг 5 ойи ичида агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги тизимида белгиланган агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини таъминлаш, турли қонунбузилишларнинг олдини олиш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Масъулиятни унутган, ўзига топширилган вазифани лозим даражада бажармаган, талон-торожликка йўл қўйган шахсларга нисбатан жиноий, маъмурий ёки интизомий жазо чоралари кўрилди.

Ўз ўрнида таъкидлаб ўтишни истардимки, айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида бир нечта ташкилот ва субъектларнинг ўзаро ҳамкорлиги, бирдек ҳаракат қилиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Уларнинг қайсидир биттаси ўз вазифасини лозим даражада бажармаса, табиийки бу қолганларнинг ҳам ишига салбий таъсир этади.

Мисол учун, ўтган йили вилоятда 104 минг гектар майдондаги ғўзаларни қисқа вақт ичида ва сифатли дефолиация қилиш эҳтиёжи юзага келди. Бунинг учун ҳукуматимиз, вилоят ҳокимлиги томонидан тезкор чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, барча ишлар ташкиллаштирилди, йўл хариталари белгилаб олинди, масъуллар бириктирилди. Аммо баъзи раҳбарлар ва ишчи-ходимларнинг ўзига юклатилган ишни лозим даражада бажармагани эвазига айрим жойларда ушбу муҳим агротехник тадбир кечикиб ўтказилган.

Натижада инспекциянинг вилоят бошқармаси томонидан бу борада масъулиятсизликка йўл қўйган вилоят "Агрокимёҳимоя" ҲАЖнинг 6 та туман филиали раҳбарларига нисбатан маъмурий ҳамда 74 нафар масъул шахсга нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида ишлар қўзғатилди.

Ёки бошқа бир мисол, ўтган йили терим мавсумига ҳашарчилар ихтиёрий жалб этилди. Ишларни тизимли равишда ташкил этиш учун ҳар юз нафар теримчи битта отрядга бириктирилиб, уларга отряд раҳбари тайинланди. Ҳар бир отряд раҳбари билан албатта, шартнома тузилди ҳамда уларга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда маош тўланди.

Аммо Косон туманида тегишли ҳуқуқий шартномалари мавжуд бўлмаган 5 нафар фуқарога терим отряди раҳбари сифатида асоссиз равишда маош тўланган. Жумладан, фуқаро Ҳ.Муртозаевага 600 минг сўм, С.Равшановга 600 минг сўм, Ж.Холиқовга 600 минг сўм, Ш.Раҳимовга 400 минг сўм ва А.Давроновга 200 минг сўм, жами 2 миллион 400 минг сўм маблағ ноқонуний тўланиб, талон-торож қилинган.

Мазкур ҳолат бўйича айбдор - туман Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари Кенгаши бош ҳисобчиси К.Доллиевга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, асоссиз тўлаб юборилган маблағлар жамғарма ҳисобига ундириб берилиши таъминланди.

Демоқчи бўлганим, қайси соҳада қонун устуворлигига тўла эришилса, ишлар тўғри ва тартибли ташкил этилса, ўз вақтида бажарилса, ўша соҳада самарадорлик юқори бўлади.

Лойиҳалар пухта ишланмасдан дастурга киритилмоқда(ми?)

 - Инспекциянинг вазифаларидан яна бири агросаноат, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш йўналишидаги лойиҳаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилиши устидан мониторинг олиб боришдир.

Шунга кўра, бошқармамиз ходимлари томонидан 2017 йилда тегишли  дастурга киритилган ва қиймати 100 миллион сўмдан ортиқ бўлган 189 та лойиҳа ҳолати ўрганилди. Шундан 30 таси (16 фоизи) пухта ишланмасдан дастурга киритилган. Натижада  кредит маблағлари олиш учун гаров таъминотининг мавжуд эмаслиги, айланма маблағ етишмаслиги, энергия таъминотидаги муаммолар ва бошқа омиллар сабабли амалга оширилмасдан қолган. Бундан ташқари, ишга туширилган лойиҳалардан яна 9 таси қисқа вақт ичида ўз фаолиятини тўхтатган.

Худди шундай, 2018 йилда амалга оширилиши белгиланган 270 та лойиҳа ўрганиб чиқилганида, уларнинг 55 таси (20 фоизи!) бажарилмагани аниқланди.

Айрим лойиҳалар эса номигагина амалга оширилган, белгиланган шартларнинг бирортаси ҳам бажарилмаган. Ёки бошқа ҳолатда тадбиркор лойиҳани амалга оширган, лекин ишни ташкил этиш учун на электр энергияси, на газ, на сув таъминоти мавжуд. Таъминотчи корхоналар эса олдин ваъдани бериб, кейин "унутишган".

Инспекция томонидан шу каби сансолорликларнинг олдини олиш, лойиҳаларнинг ўз вақтида ишга туширилишини назорат қилиш борасида ҳам белгиланган тартибда ишлар амалга оширилмоқда.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан масъул ташкилотларга тақдимномалар киритилиб, айбдорларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар қўлланилмоқда.

Жамоатчилик билан ҳамкорлик - ҳал қилувчи тамойил

- Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси фаолият қамровига кирувчи    соҳаларда турли ҳуқуқбузарликларнинг, жиноятларнинг олдини олиш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Рақамларга тўхталадиган бўлсам, бошқармамиз томонидан ўтган йилнинг 5 ойи ичида тегишли соҳаларда ўтказилган текшириш, мониторинг ва таҳлиллар натижаларига кўра, 2 минг 958 та назорат ҳужжатлари қўлланилди.

Хусусан, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида масъул ташкилотларга 113 та тақдимнома, 29 та кўрсатма киритилди, 132 та ҳужжатга протест келтирилди, 788 нафар мансабдор шахс қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик ҳақида расман огоҳлантирилди. Шунингдек, 116 нафар мансабдор шахс интизомий, 1 минг 217 нафари маъмурий жавобгарликка тортилиб, қўпол қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 9 та жиноят иши қўзғатилди.

Етказилган зарарларни ундириш юзасидан судларга 708 та, 2 миллиард 637 сўмлик даъво аризалари киритилди.

Давлат ва ўзга шахсларнинг манфаатига етказилган яна 62 миллион 492 минг сўм зарар ихтиёрий асосда ундириб олиниши таъминланди. 239 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Ўз ўрнида айтиб ўтишим жоизки, бир жойдаги қонунбузилиш, талон-торожлик, жиноят, албатта, иккинчи бир томоннинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилишига олиб келади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, биз жазоловчи эмас, қонунийликни, адолатнинг сўзсиз таъминланишини ҳимоя қилувчи ташкилот сифатида халқ ичига кириб боришни, халққа яқин бўлишни, кенг жамоатчилик билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйишни мақсад қилганмиз. Ана шундагина қонунбузилишларни ўз вақтида аниқлаш, турли жиноятларнинг, ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқишига йўл қўймаслик, соҳада тўлиқ назоратни таъминлашдаги имкониятларимиз янада ошади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ ёзиб олди.

 

Report typo