Ўз навбатида бу юртимизда стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш тизимини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 28 апрелдаги “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификация агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса ушбу соҳада сифат ўзгаришларини амалга оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Қарорга мувофиқ, мамлакатимизда халқаро стандартларни ва техник регламентларни тизимли жорий этиш, Ўзбекистон Республикаси Миллий эталонлар базасини ривожлантириш асосида маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатдошлигини ошириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни бажариш кўзда тутилган.
Қарши шаҳрида “Метрология, стандартлаштириш ва сифатни бошқариш соҳасидаги долзарб масалалар” мавзусида ўтказилган семинарда шулар хусусида сўз юритилди. Тадбир вилоят стандартлаштириш ва метрология бошқармаси ҳамда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда олий ўқув юртининг профессор-ўқитувчи ва талабалари, соҳа мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашишди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорига асосан бугунги давр талабидан келиб чиқиб тизим ташкилотларининг бир қатор устувор вазифалари ва фаолият йўналишлари белгилаб берилди. Жумладан, маҳсулот сифатини бошқаришнинг замонавий усулларини изчил қўллаш, уларни биринчи навбатда экспорт қилувчи корхоналарда кенг жорий этиш, саноат маҳсулотларини халқаро стандартларга мувофиқ сертификатлаштиришни амалга ошириш лозимлиги қайд этилган. Бу борада экспорт қилувчи корхоналарга қулай шароитларни яратиб беришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
- Албатта, бу вазифаларни ҳар жиҳатдан мақбул адо этишда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан бемалол ишлай оладиган етук мутахассисларга ҳам таянилади, - дейди “Ўзстандарт” агентлиги Метрология хизматлари кўрсатиш маркази ДК директори ўринбосари Маҳмуд Хайруллаев. - Муҳим жиҳати, тегишли қарорда ана шу масала – техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва аккредитация соҳаларида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этишга урғу берилган. Шунга кўра, келгусида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида янги йўналиш – метрология, стандартлаштириш ва маҳсулот сифати менежменти бўйича бакалавр кадрларни тайёрлашни ташкил этиш режалаштирилган.
Семинар савол-жавоб тарзида ўтди.
М.ШУҲРАТОВ