Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари - байроғи, герби ва мадҳиясига эга.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 5-модда.
Давлат хусусиятлари ва қадриятларининг кўзгуси
Lex.uz даги "Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат" манбасида мадҳияга шундай таъриф берилади: "МАДҲИЯ (гимн) тегишли давлатнинг хусусияти ва қадриятларини акс эттирувчи тантанавор куй ва шеър. Давлатнинг хос рамзларидан бири. Давлатнинг бошқа рамзлари давлат байроғи ва гербдир. Қоида тариқасида, давлат рамзлари ё Конституцияда, ё махсус қонунда, ё умумдавлат аҳамиятига молик бошқа ҳужжатда белгилаб қўйилади. Шу ҳужжатда тегишлича герб, байроқ, мадҳиядан фойдаланиш тартиби баён қилинади".
Ватанпарварлик бурчи
"Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида"ги Қонуни 2-моддасида шундай дейилади:
"Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси Давлат суверенитетининг рамзидир.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ватанпарварлик бурчидир".
Тинглашнинг ҳам қоидаси бор
Қонуннинг 7-моддасига асосан:
"Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси кўпчилик ҳузурида ижро этилганда, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ҳозир бўлган кишилар мадҳияни тик туриб ва ўнг қўл кафтини кўкракнинг чап томонига қўйиб, ҳарбий ёки давлатнинг бошқа хизматидаги махсус кийимдаги шахслар эса қўлини бош кийимига қўйиб тинглайди.
Агар Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг ижро этилиши Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг кўтарилиши билан биргаликда амалга оширилса, ҳозир бўлган кишилар унга юзи билан бурилади".
Ҳурмат қилиш шарт, акс ҳолда...
Интернетда тарқалган хабарларга кўра, шу йил 27 октябрь куни Тошкент шаҳридаги мактаблардан бирида хунук воқеа рўй берди. 11-синф ўқувчиларидан 14 нафари мадҳия янграётган вақтда ҳурматсизлик қилиб, уни мазах қилишган. Мактабдаги тарих фани ўқитувчиси танбеҳ бериб, уларни тартибга чақирган. Шундан кейин 14 нафар ўқувчи бир бўлиб, ўқитувчини дўппослай бошлаган, оқибатда муаллим жиддий тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган. Вояга етмаганлар комиссияси томонидан бу ҳолат жиддий муҳокама қилинган. Ўқувчилар учун уларнинг ота-онасига солинадиган жарима жазоси жуда енгил ҳисобланиб, айбдор болалар махсус ҳисобга олинди.
Юқорида қайд этилган қонуннинг 13-моддасига кўра:
"Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек Ўзбекистонда турган бошқа шахслар Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини ҳурмат қилиши шарт.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади".
Ўзбекистон Республикаси "Жиноят кодекси"нинг 215-моддаси "Давлат рамзларига ҳурматсизлик қилиш" деб номланади. Унга кўра Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳиясига ҳурматсизлик қилиш - энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади".
Ўзбекистон Республикаси "Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс"нинг 2031-моддаси "Давлат рамзлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш" деб номланади. Унга кўра: "Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳияси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, - фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -
фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади".
Машаққат ва масъулият билан
Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат музейида мадҳия матнининг дастлабки илк нусхалари сақланмоқда. Муаллиф дастхати билан қайта-қайта киритилган таҳрирлар матнни яратиш машаққати ва масъулиятидан дарак бериб турибди...
Шоир фикрича...
Мадҳиямиз матни муаллифи Абдулла Орипов суҳбатларининг бирида Давлат мадҳияси ҳақида жумладан, қуйидагиларни айтган эди: "…мадҳиянинг жанр сифатида ўз қонун-қоидалари бор. У жумладан, лирик қўшиқлардан фарқ қилади. Унинг юксак сурурига йиллар мобайнида турли тоифадаги, турли савиядаги фуқаролар якдил ватандошлар сифатида кўника борадилар. Мадҳия (гимн)ларнинг тарихи асли шундоқ. Баъзилар ҳозирги мадҳиямизнинг мусиқасини тинглаганда эски сўзлар эсга келаверади, деган гапларни ҳам қилишди. Айтиш лозимки, эски сўзлар эски авлодлар қулоғида кўмилиб кетди. Янги авлодлар янги мадҳияни хотираларининг тоза варақларига ёзиб олғусидир. Зеро, Давлат мадҳиямизнинг оҳанги мусиқа асари сифатида жаҳон давлатлари мадҳиялари орасида энг ноёбларидан бири ҳисобланади".
Севимли шоиримиз 1994 йилда "Тафаккур" журналида чоп этилган суҳбатида қуйидагича фикр билдирган: "Давлатимиз мадҳияси расман қабул қилингач, унинг сўзи менинг тасарруфимдан чиқиб кетди. Энди мен унинг ҳузурида оддий бир фуқароман, холос... Мен шу ўринда Италияда шоҳиди бўлганим бир ибратли воқеани айтиб берай. Камина машҳур "Илоҳий комедия" асарининг муаллифи буюк Данте юртида бўлганимда бир даврада ўтириб қолдим. Мезбонлар Италиядаги турли фирқа вакилларидан иборат эди. Улардан бири менга мурожаат қилиб бундай деди: "Муҳтарам меҳмон, мана, Сизнинг шарофатингиз билан биз - турли фирқа вакиллари бир дастурхондан овқат еб, бир стол атрофида гурунглашиб ўтирибмиз. Аслида биз сиёсий қарашларимиз нуқтаи назаридан бир-биримизга бутунлай қарама-қарши кишилармиз. Кўчада юрганимизда бир-биримизни кўрарга кўзимиз, отарга ўқимиз бўлмайди. Аммо бугун Сиз - Данте таржимони шарафига бир дастурхон атрофига йиғилдик ва сиёсий низоларни унутиб, бир миллат фарзандларига айландик. Чунки Данте - миллат тимсоли! Унга дахлдор ҳар қандай нарса бизни бирлаштиради. Биз Данте тимсолида Ватанимизни, миллатимизни кўрамиз ва бу тимсол мушкул вазиятларда бизни бирлаштиради, ақл-идрокка даъват этади!" Кўрдингизми, давлат ва миллат тимсолларининг аҳамияти қанчалик буюк!".
Абдулла Орипов "Унутилмас Мутал акамиз" мақоласида халқимизнинг бу муаззам қўшиғи ҳақида шундай ёзган эди: "Мадҳия - тирик ҳаёт, жонли турмуш. У турли фикрдаги ватандошларни бир неча дақиқадаёқ сўз ва оҳанг кучи билан бирлаштира олувчи буюк қудратдир".
Бастакор дейдики...
Мадҳиямиз куйининг муаллифи, атоқли санъаткор Мутаваккил Бурҳоновнинг "Кўнгил хазинаси" китобида шундай битиклар бор: "Ватан туйғуси, Ватан мадҳияси… Бу тушунчалар муштарак, бир-бировига уйғунлашиб кетган. Ватанни мадҳ этиш, уни улуғлаш ҳар бир инсон қалбидан ўрин олиши керак… Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Давлат мадҳияси янгича, истиқлол руҳида кун тартибига қўйилди. Муҳокама ва тортишувлардан кейин, мен ёзган мадҳияни ҳам танловга киритишди. Меҳнатлар зое кетмади. Мусиқанинг ярмига келганда олқишлар бошланди".
Дунё бўйлаб: 2 000 доллар жаримадан - ҳибсгача...
АҚШ оилаларида эрталабки нонушта ёки кечки овқат пайтида телевизорда гимн ижро этилиб қолса, ҳамма ўрнидан туриб, қўлини кўксига қуйиб, бирга ихлос билан жўр бўлади.
Рио-де-Жанейро Олимпиадасига лангарчўп билан сакраш бўйича мусобақаларда иштирок этиш учун келган америкалик спортчи, шу билан бирга захирадаги офицер ҳисобланадиган Сэм Кендрикс машқ вақтида АҚШ мадҳиясини эшитиб, югуришдан тўхтади ҳамда мадҳия тугагунича жойида ҳурмат билан қотиб турди.
ФИЛИППИН мадҳиясини етарлича ҳис-туйғу билан, астойдил айтмайдиган филиппинликлар 2 минг долларлик жаримага тортилишлари мумкин.
ХИТОЙ футбол федерацияси "Шаньдун Лунэн" клуби футболчиси Диего Тарделлини 1 ўйинга дисквалификация қилди. 33 ёшли футболчи "номуносиб аҳлоқи" учун жазоланган: Тарделли Хитой чемпионатида ўйиндан олдин янграган мамлакат мадҳияси пайтида бошини қашлаган. Ўша мавсумда Тарделли 24 та ўйин ўтказиб, 17 та гол урган ва 7 та голга ҳаммуаллифлик қилганди.
ҚИРҒИЗИСТОН парламенти - Жогорку Кенеш депутати Пархат Тулендибаев Қирғизистон мадҳиясини билмаслиги учун интернет орқали ҳамюртларидан кечирим сўради. Бундан аввал Тулендибаев мадҳияни нотўғри ижро этаётгани видеоси пайдо бўлганди. Янги видеода депутат мадҳияни миллий бош кийими билан ижро этаётгани тасвирланган.
ҲИНДИСТОН полицияси 2016 йилда ўтказилган халқаро кинофестиваль вақтида миллий мадҳия ижро этилиши вақтида ўрнидан турмаган 12 кишини ҳибсга олган. Мадҳия ижро этилиши вақтида ўрнидан турмаслик учун ҳибсга олишлар Ҳиндистон Олий судининг ҳар бир кинонамойиш олдидан мамлакат мадҳиясини ижро этиш қароридан кейин ўтказила бошланган.
ҚОЗОҒИСТОН президенти Нурсултон Назарбоев парламентдаги қўшма йиғилиш вақтида ҳукумат аъзолари ва депутатлар давлат мадҳиясини яхши билишлари зарурлигини алоҳида таъкидлади. Ва мадҳияни билмайдиган амалдорларни қаттиқ уялтирди. Давлат раҳбари йиғилиш арафасида мадҳияни жўр бўлиб куйлаб, бошқаларга намуна кўрсатган.
НАТО мадҳияси сўзларсиз ижро этилади. Люксембург ҳарбий оркестри дирижёри, капитан Андре Рейхлинг композицияни 1989 йилда, НАТОнинг 40 йиллиги муносабати билан ёзиб берган.
ИНТЕРНЕТнинг ҳам ўз мадҳияси бор экан. Қайд этилишича, қўшиқ нақорати интернетнинг кучига бағишланган. Мадҳия матнини 2008 йилги Пекин Олимпиадаси мадҳияси муаллифи ёзган.
ЎЗБЕКИСТОНДА. 2015 йилда Ўзбекистон ва Шимолий Корея терма жамоалари ўртасидаги ЖЧ-2018 саралаш учрашуви олдидан "Серқуёш, ҳур ўлкам..."ни терма жамоа билан бирга 35 минг киши бир вақтда куйлаган. Ўшанда футболчиларимиз 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
Манбалар асосида А.ҚОБИЛОВ тайёрлади.