Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ

28.12.2016


МАДАНИЯТ ВА МАЪРИФАТ ҲОМИЙСИ

 

Ушбу ташкилотга 1945 йил 16 ноябрь куни асос солинган бўлиб, унинг Низоми 1946 йилнинг 4 ноябрь кунидан расман кучга кирган. Бугунги кунда ЮНЕСКОга икки юзга яқин мамлакат аъзо саналади. Халқаро миқёсдаги юксак обрў-эътибор ҳамда мавқега эга ташкилот ўтган вақт давомида ўзининг маърифатпарвар ғоялари билан жаҳоннинг барча давлатларига кириб борди.

Таъкидлаш жоиз, ЮНЕСКО ирқи, жинси, тили ва динидан қатъи назар, жаҳондаги барча халқлар учун инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига умумий ҳурматни таъминлаш йўлида фаолият юритади. Ташкилот дунёда саводсизликка қарши курашиш, таълим тизимини ривожлантириш, миллий маданиятларни ўрганиш, атроф-муҳит ва маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш каби кўплаб кенг қамровли масалаларни ҳал этишни асосий мақсад қилиб олган.

Мамлакатимиз 1993 йили ЮНЕСКО аъзосига айланди, орадан уч йил ўтиб, яъни 1996 йили Тошкентда ташкилот ваколатхонаси ўз ишини бошлади. Ўтган давр ичида Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги ўзаро ишончли ҳамда мустаҳкам ҳамкорлик анъаналари изчил тараққий этиб, кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди.

Юртимизда миллий қадриятларимизни тиклаш, маданий ёдгорликлар, тарихий обидалар, қадимий шаҳарлар, муқаддас қадамжоларни асраб-авайлаш, бир сўз билан айтганда, аждодларимизнинг бой меросини ўрганишга қаратилаётган эътиборни ташкилот доимо эътироф этиб келади.

Эътиборлиси, 1998 йили мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов миллий маданиятни ривожлантириш, маданий-тарихий ёдгорликларни асраб-авайлаш ва ЮНЕСКО билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун ташкилотнинг олий мукофоти – “Абу Али ибн Сино” олтин медали билан тақдирланган бўлса, 2006 йили халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маданиятлараро ва динлараро мулоқотни ривожлантириш ҳамда маданий ранг-барангликни қўллаб-қувватлаш борасидаги улкан хизматлари учун ЮНЕСКОнинг “Боробудур” олтин медали топширилди.

Қайд этиш жоиз, мамлакатимизда ўтказиладиган кўплаб халқаро анжуманлар, хусусан, дунё илм-фани, маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимиз, тарихий шаҳарларимиз юбилей тўйлари ва бошқа нуфузли маданий тадбирларда ҳам ЮНЕСКО ташкилоти вакиллари доимо фаол қатнашиб келади. Бу эса жаҳонда кўҳна ва бой тарихимизга бўлган ҳурмат-эҳтиром ифодаси саналади. Шунингдек, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Камолиддин Беҳзод каби улуғ аждодларимиз, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши, Марғилон, Тошкент сингари шаҳарларимиз, шунингдек, “Алпомиш”, “Авесто” адабий ёдгорликлари ва Хоразм Маъмун академиясининг тарихий саналари ташкилот ҳамкорлигида нишонлангани бунинг яққол исботидир. Бундан ташқари, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабзнинг қадимий обидалари ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган ва халқаро муҳофазага олинган. Яшариш ва янгиланиш айёми - Наврўз байрами, “Катта ашула”, “Шашмақом” қўшиқлари, Бойсун миллий фольклор анъаналари инсониятнинг оғзаки ва номоддий мероси дурдонаси, дея эътироф этилган. ЮНЕСКО қарорига мувофиқ, 2001 йили Бухоро “Тинчлик шаҳри” деб эълон қилинди.

ЮНЕСКО халқаро ташкилоти билан мамлакатимиз ўртасидаги муносабатлар йилдан-йилга ривожланиб, ҳамкорлик доираси янада кенгайиб бораяпти. Ўз навбатида, бу ҳамкорлик дунёда тинчлик ва хавфсизликни, халқлар ўртасида дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилаяпти.

Азизбек НОРОВ тайёрлади.

Report typo