Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 декабрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Норбек ТЎЙЧИЕВ, Акмал САЙФИЕВ

31.10.2017


МАИШИЙ ЧИҚИНДИДАН ДАРОМАДЛИ ТАРМОҚ ЯРАТИШ МУМКИНМИ?

Аслида ҳатто табиий хомашёдан тайёрланган маҳсулотнинг ҳам ерга сингиб кетиши узоқ вақт давом этадиган жараён ҳисобланади. Масалан, қоғоз чиқиндига айланганидан сўнг фақат уч ойдан кейингина чирий бошлайди. Пластик, полиэтилен халтачаларнинг биологик компонентларга тўлиқ ажралиши учун 400-450 йил талаб этилса, шиша фақат миллион йилдан кейингина тўла йўқолиши мумкин.

Маълумки, мамлакатимизда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш, муносиб яшаш шароитларини яратиш, республикада санитария ва экологик вазиятни яхшилаш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш бўйича муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 21 апрелидаги "2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори эса туман ва шаҳарларимизнинг санитария-эпидемиология ҳолатини яхшилаш, 2017-2021 йилларда чиқинди билан боғлиқ вазифаларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантиришни янада кучайтиришга қаратилгани билан эътиборлидир.

Мазкур қарорнинг амалга оширилиши натижасида, аввало, қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш ва полигонларда утилизация қилиш хизматлари кўрсатиш бўйича яхлит тизим ташкил этиш ишлари ниҳоясига етказилади. Шу билан бирга, санитария жиҳатидан тозалаш ишларига ихтисослаштирилган ташкилотлар ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардаги "Тоза ҳудуд" давлат унитар корхоналари филиаллари махсус техникалар (чиқинди ташиш ва ассенизация машиналари) ҳамда қаттиқ маиший чиқиндилар учун электромеханик элак қурилмалар билан тўлиқ таъминланади. Айни пайтда қаттиқ маиший чиқиндиларни органик ўғитларга айлантириш учун бирламчи қайта ишлашни ташкил этиш, шунингдек, қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича замонавий технологияларни жорий этишга эришилади. Пировардида қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш хизматлари билан қамраб олиш даражаси 2021 йилгача мамлакатимиз бўйича 63 фоиздан 93 фоизга ўсади.

Қайд этиш жоизки, ривожланган мамлакатлар тажрибаси чиқиндиларнинг 85 фоизини қайта ишлаш мумкинлигини кўрсатмоқда. Айрим  мамлакатларда чиқиндиларни алоҳида йиғиш тизими йўлга қўйилган. Натижада қоғоз, пластик, алюминий каби хомашёнинг катта қисми қайта ишлашга юборилади. Бу жараённинг атроф-муҳитга ижобий таъсири жуда катта. Чиқиндиларни қайта ишлаш натижасида маҳсулот ишлаб чиқариш учун сарфланадиган энергия ва хомашё миқдори 50 фоизгача тежалиши мумкин.

Эътиборлиси, бу борада вилоятимизда ҳам жадал ишлар кетмоқда. Чиқиндиларни утилизация қилиш бўйича вилоятда 11 та хусусий корхона фаолият кўрсатаяпти ва уларнинг сони яна ошиши кутилмоқда. Хусусан, Қарши туманида "Universal max service" МЧЖ  томонидан замонавий технологиялар асосида йилига 180 минг тонна чиқиндини йиғиш, саралаш ва қайта ишлаш йўлга қўйилди. "Қарши труба пласт" МЧЖ эса йилига 700 минг тонна чиқиндини қайта ишлаб, резина кукунини ишлаб чиқаради. "Азиа металл гарант" МЧЖ томонидан йилига 1000 тонна чиқинди қайта ишланиб, арматура чиқарилмоқда.

Бундан ташқари, "Дилнур Худайназарова" хусусий корхонаси ишлатилиб яроқсиз ҳолга келган аккумуляторларни йиғиб, уларни Тошкент шаҳридаги рангли металл заводига етказиб беришни йўлга қўйган. "Бунёдкор кафолат сервис" МЧЖда эса пластмасса чиқиндилари йиғилиб, гранула ҳолига келтирилган ҳолда пластмасса қувурлари ишлаб  чиқарилади.

Умуман олганда, чиқиндини тартибга солиш, уни фойда келтирадиган тармоққа айлантириш борасидаги истиқболли лойиҳалар юртимизда экология ва санитария муҳитини янада яхшилаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, шаҳар ва қишлоқларимизнинг янада обод ва кўркам қиёфа касб этиши йўлида муҳим аҳамиятга эга.

Норбек ТЎЙЧИЕВ,

вилоят экология ва атроф- муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи 

Акмал САЙФИЕВ,

бошқарма етакчи мутахассиси

Report typo