Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маймун чечаги коронавирус каби пандемия даражасига чиқмаслигини тахмин қилаяпти, деди ҳафта аввалида ўтказилган брифинг чоғида ЖССТнинг фавқулодда ҳолатлар бўйича дастури чечакка қарши кураш котибияти раҳбари Розамунд Льюис.
У "Маймун чечаги covid-19 каби глобал пандемияни келтириб чиқариши мумкинми?" деган саволга жавобан: "Биз билмаймиз, лекин шундай бўлади деб ҳам ўйламаймиз", деган. ЖССТ айни вақтда "глобал пандемия" хавотирида эмаслигини қўшимча қилган.
"Бироқ биз одамлар ўзларини маймун чечагидан ҳимоя қилиш учун зарур маълумотларга эга бўлмаса, юқори хавф туфайли вирус юқтириб олишларидан хавотирдамиз. Дунё аҳолиси чечакни йўқ қилиш тугагандан бери ортопоксвирусларга қарши иммунитетга эга эмаслиги ва вирус бундан фойдаланиб, одамлар орасида осон тарқалишидан хавотирдамиз. Аммо бизда ҳозирча ушбу саволга жавоб йўқ", дея сўзини якунлаган Розамунд Льюис.
ЖССТнинг сўнгги маълумотларига кўра, дунё бўйича одамлар орасида маймун чечагига чалиниш ҳолатлари 400 га яқинлашди: шундан 257 та ҳолат лаборатория таҳлиллари асосида тасдиқланган бўлса, яна 150 га яқин гумон ҳолати рўйхатга олинган.