Майна унга аввал мағрур қаради. У ҳам шундай қилди. Майна сайрай бошлади. У ҳам сайради. Майна нимаики қилса, у ҳам шуни такрорлайверди.
Охири майна ғазабланиб, унга ташланди. У ҳам тезлик билан майнага чанг солди. Бундай кутилмаган тезкорликдан орқага йиқилиб, боши билан ерга қулаб тушган майнанинг ўта алами келди. Титраётган қанотларини кенг ёзиб, панжарадан аста мўралаган эди, қараса, ҳалиги майна ҳам ғазаб билан у томонга мўралаётган экан.
У “мени майна қилаяпсанми, ҳозир барча дўстларимни йиғиб келиб, сени нобуд қиламан”, - дея учиб кетди. Бироқ дўстлари билан келиб қарашса, ҳалиги майна ҳам ўз дўстларини чақириб келган экан. Икки ўртада роса жанг қизиди. Бу орада дераза ойнаси синиб, чил-чил бўлди. Майна ва унинг дўстлари ниҳоят биз уларни енгдик, деб ўйлаб, шодон сайраганча учиб кетишди.
Дераза ойнасидаги майналар ўзларининг акси эканини эса, афсуски, хаёлларига ҳам келтиришмади.
Гулчеҳра ТУРСУНОВА