Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • Макриддаги  цемент заводи Кашқадарёнинг саноат ва экспорт салоҳияти, қурилиш соҳасидаги имкониятларини оширади

Ўз мухбиримиз

20.05.2022


Макриддаги  цемент заводи Кашқадарёнинг саноат ва экспорт салоҳияти, қурилиш соҳасидаги имкониятларини оширади

   Китоб тумани Макрид массивида замонавий цемент заводининг бунёд этилиши  Қашқадарёда ички ва ташқи бозорларда харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмининг кўпайиши, шунингдек, воҳамизнинг саноат ва экспорт салоҳиятининг ошиши, қурилиш соҳасидаги имкониятлар кенгайиши учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Шу ўринда эслатиш жоизки, Хитой Халқ Республикасининг “Anhui Conch Cement Co LTD” компанияси томонидан вилоятимизда бир йилда 1,2 миллион тонна портландцемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган заводнинг барпо этилиши дастлаб 2018-2019 йилларга мўлжалланган бўлиб, ўшанда мазкур корхона Чироқчи туманида фаолият юритиши тахмин қилинган эди. Аммо мамлакат Президентининг 2018 йил декабрь ойида Қашқадарё вилоятига қилган ташрифидан кейин бу йирик инвестиция лойиҳаси зарур хом ашё базаси (оҳактош, лёссимон жинслар) мавжуд Китоб туманида амалга ошириладиган бўлди. Республика ҳукуматининг 2019 йил 3 майдаги қарорига биноан Китоб туманида цемент заводи қурилишини ташкил этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар белгиланиб, лойиҳани рўёбга чиқариш учун инвестор томонидан “Qarshi Conch Cement” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонаси ташкил этилгани ва 150 миллион доллардан ортиқ сармоя жалб қилиниши қайд этилди.

Пойдеворига 2019 йил октябрь ойида асос солинган йирик завод шу ҳафтада тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Унинг очилиш маросимида умумий майдони 62 гектарга тенг мазкур саноат объектида 400 та янги иш ўрни яратилиб, ҳар куни 3,2 минг тонна М-400, М-500 ва М-600 маркали цемент ишлаб чиқарилиши таъкидланди. Бу замонавий қурилиш материалларининг 70 фоизини ички бозорда сотиш, 30 фоизини эса қўшни мамлакатлар ва Осиё қитъасидаги бошқа бир қатор давлатларга экспорт қилиш режалаштирилаяпти.

Маълумки, бир йилда 6 триллион сўмдан ортиқ ҳажмда қурилиш ишлари бажариладиган Қашқадарё вилоятида цементга бўлган талаб шу пайтгача асосан Тошкент, Навоий, Жиззах ва қисман Сурхондарё вилоятларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳамда импорт ҳисобидан қопланар эди. “Qarshi Conch Cement” хорижий корхонасининг фойдаланишга топширилиб, унинг тўла қувват билан ишлай бошлаши бу борадаги вазиятни кескин ўзгартириши ва Китобнинг қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган туман сифатида мавқеининг ҳам ошишига олиб келиши мумкин.

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

Report typo