Тадбир
Президентимиз ташаббуси билан китоб ва китобхонлик тарғиботига оид бошланган тадбирлар бугун кенг қулоч ёйиб бормоқда. Турли касб эгаларининг ўзи таълим олган ёки яшаётган ҳудудидаги мактабга китоб совға қилиши ҳам ажойиб анъанага айланиб улгурди.
Яқинда давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси томонидан воҳамизнинг энг чекка ҳудудларидаги мактаб кутубхоналарига 1500 га яқин китоблар жамланмаси совға қилинди.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари, истеъдодли ёшлар, тажрибали ўқитувчилардан иборат гуруҳ ҳар бир мактабга китоблар тўплами билан кириб борар экан, бу учрашувлар ўқувчилар учун том маънода китобхонлик байрамлари, бадиий-мусиқий тадбирларга айланиб кетди.
* * *
Ана шундай тадбирлардан бири Қарши шаҳридаги 9-умумий ўрта таълим мактабида ҳам ташкил этилди.
Шу куни Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг Қарши шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмида хизмат қилаётган бир гуруҳ офицерлар ушбу мактабга 150 га яқин китоблар билан боришди. Улар орасида жаҳон мумтоз адабиёти ва миллий адабиётимиз дурдоналари билан биргаликда ёшларнинг дунёқарашини шакллантириш ва ривожлантиришга хизмат қилувчи илмий-оммабоп адабиётлар, энциклопедиялар ҳам ўрин олган.
Ҳарбий санъаткорлар томонидан ижро этилган тароналар, ўқувчиларнинг ажойиб қўшиқ ва рақслари тадбирга янада кўтаринки шукуҳ бағишлади.
Шу куни чегарачилар Қарши шаҳрида жойлашган Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатга ҳам юздан ортиқ китоблар совға қилишди.
Ж.ҚИЛИЧЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.