Биламизки, қонунларимизда тегишли лавозимдаги шахсларга ёки фаолият турига устама тўланиши белгиланган. Аммо афсуски, ойлигини олса бўлди-да, устама нега керак, қабилида иш тутадиган раҳбарлар ҳам йўқ эмас. Президентнинг 2019 йил 28 мартдаги қарори ижроси доирасида вилоят адлия бошқармаси томонидан ветеринария ходимларига 109 миллион 380 минг сўм тўланиши таъминланган бўлса, халқ таълими ва мактабгача таълим муассасаларининг 634 нафар ходимига туғруқ таътили бўйича 3 миллиард 329 миллион сўм пул маблағлари ундириб берилди.
Бу ҳақда вилоят адлия бошқармасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил қилинган матбуот анжуманида маълумот берилди.
Бошқарма бошлиғи Ўрол Останов адлия органларининг вазифа ва функциялари, бошқарма тузилмаси, юридик техникум ва Қарши туманида эксперимент тариқасида йўлга қўйилган давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш маркази фаолияти ҳақида батафсил тушунтиришлар берди.
Шундан сўнг бошқарма ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан 2020 йил давомида амалга оширилган ишлар, мурожаатларнинг кўриб чиқилиши, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши, ўтказилган ўрганишлар ва мониторинглар, қўлланилган таъсир чоралари ҳамда уларнинг натижалари, амалга оширилган ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ва бошқа фаолият турлари ҳақида ҳам маълумот тақдим этилди.
Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича адлия ходимларига юзланишди. Шу билан бирга, ФҲДЁ ва нотариал архив фаолияти билан ҳам танишилди.
Н.ХЎЖАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.