Вилоят халқ таълими бошқармаси бош мутахассиси Собир Маъдиевнинг айтишича, мактаб ярмаркаларининг 123 таси умумий ўрта таълим мактабларида фаолият кўрсатади. Шунингдек, ярмаркаларга аҳоли гавжум бўлган бозорлардан ва йирик савдо мажмуаларидан ҳам жой ажратилади. Олис ва бориш қийин бўлган тоғли ҳамда чўл ҳудудларга кўчма автодўконлар хизмат кўрсатади. Барча мактаб ярмаркаларида 26 турдаги зарурий ўқув қуроллари ва жиҳозлари сотуви ташкил этилади.
Мазкур маҳсулотларнинг аксарият қисми юртимизда ишлаб чиқарилган бўлиб, ҳозирда 2-9-синфда таҳсил олаётган 401 мингдан ортиқ ўқувчи эҳтиёжларига мўлжалланган. Ярмаркаларда савдо ишларини амалдаги солиқ ва банк қонунчилигига тўлиқ риоя қилган ҳолда ўтказиш ҳамда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида савдо ташкилотлари ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан барча турдаги тўлов терминаллари(Uzcard, Visa, он-лайн)дан фойдаланилиши шартлиги белгиланган.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 3 июндаги “Таълим муассасалари учун хавфсиз полиграфия маҳсулотлари ҳақидаги Умумий техник регламентни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ярмаркада сотиладиган дафтар, кундалик дафтари ва бошқа матбаа маҳсулотлари миллий маънавиятимизга мос келадиган суратлар билан безатилган бўлади.
Б.ЖОНИМОВ