Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • МАКТАБДА ГЎЁКИ ИЛМ-ФАННИНГ БАРЧА СИР-АСРОРЛАРИНИ ЎРГАНАМИЗУ, НЕГА УЛАР КУНДАЛИК ҲАЁТДА МУТЛАҚО КЕРАК БЎЛМАЙДИ?

НАСРИДДИН

27.07.2021


МАКТАБДА ГЎЁКИ ИЛМ-ФАННИНГ БАРЧА СИР-АСРОРЛАРИНИ ЎРГАНАМИЗУ, НЕГА УЛАР КУНДАЛИК ҲАЁТДА МУТЛАҚО КЕРАК БЎЛМАЙДИ?

Сараланган сатрлар

"Ҳой, юрт болалари, ҳар бирингиз бағрида бир гавҳарни жо айлаган хазинасиз. Йўқ-йўқ, гавҳарнинг ўзисиз! Бениҳоя қийматлисиз, бетакрорсиз, нодиру ноёбсиз. Қирраларингизга эл-улус жило берган, ярқираб-товланмоқдасиз. Теварагингизда кун кечириш деган ғалати жараён шайтон қиёфасида, сизни чалғитиш учун бўй кўрсатиб турибди. Юзлаб аждодларингиз мерос қолдирган истеъдод зарралари эса саодат лаҳзасини кутиб қонингизда, томирларингизда жим кезмоқда. Бир қалқинсангиз, келажак сари учар юлдуздай отилар қувватингиз бор, қалқининг ахир!"

Ёзувчи Исажон Султоннинг "Генетик" романида айни фикрлар жаранг сочади. Дарҳақиқат, бу ҳаётда истеъдодсиз одамнинг ўзи бўлмайди, ҳаммада нимагадир иқтидор, қобилият бор. Аммо турфа омиллар сабаб кимдир фаворитга, кимдир аутсайдерга айланиб қолади. Бу авлодлар силсиласида давом этиши натижасида ҳатто кучли ва кучсиз миллат кўринишида ҳам намоён бўлиши мумкин. Моддалар зарралардан тузилгани каби, қобилияти рўёбга чиқмаган кам сонли одамлар бориб-бориб халқни-да инқирозга буриб юбориши тайин экан...

Инсон тафаккури, тамаддуни доим олға силжиркан, адабиёт ҳам бир жойда депсиниб тургани йўқ, у ҳам мудом ривожланишда, янгиланишда. Айни жиҳатни "Генетик" романида кўрса бўлади. Муаллифнинг муҳим ва оғриқли саволи бор: буюк мутафаккирларнинг авлоди бўла туриб, иқтидор-қобилиятимиз буткул йўқолиб кетмаган айни вазиятда нега тирикчиликнинг майда ташвишларидан нарига ўтиб кета олмаяпмиз? Улкан илмий кашфиётлар қилишдан, мутараққий халқлар қабатига киришдан бизни нима тўхтатиб, чеклаб турибди? Ўзига хос услубдаги янги асар Сизга маъқул келишига шубҳамиз йўқ...

* * *

Айтадиларки, бир одам дарё ёқалаб келаётиб, каттакон ёмби топиб олди. Қўйнидан ёнғоғини олиб, чақмоқчи бўлиб уринган эди, ёмби бир неча бўлакка бўлиниб кетди. "Ялтироқ бўлгани билан ҳеч нимага ярамас экан-ку", дея афсусланиб уни отиб юборди-да, қирғоқда қалашиб ётган оддий тошлардан бири билан ёнғоғини чақиб еди ҳамда мурод-мақсадига етиб, ўз йўлига равона бўлди.

* * *

Қайлардадир ёмғир қирқ кеча-кундуз ёғади дейдилар. Уммонлар узра шовуллаб қуядиган жалалар ҳам бўлармиш. Балки дунёнинг бошқа жойларига борсангиз, ёмғирлари бегона туюлар? Сабаби: тафтию ҳиди, товушлари ўзга. Бизда эса мол-қўй иси, кимнингдир боласини чақирган овози, чечак аралаш ўтлоқ ҳидлари аро ёққан ёмғир турфа товушлар билан бирга, исларни ҳам ҳосил қилади.

* * *

Сандал атрофида қариялар эртак бошлашади, шулардан бири - Нуҳ алайҳиссалом ҳақида.

...Бир куни Нуҳ алайҳиссаломнинг хотини нон ёпибди. Нонлари қип-қизариб, пўрсиллаб пишибди. Тандирдан узиб саватга солаётса, қўли куйиб, биттаси ерга тушибди.

- Енгчаси йўғаканми?

Енгча - билаккача етадиган, қалинроқ матодан ичига пахта солиб тикилган узун қўлқоп. Бир тарафи қорайиб-куйиб кетган бўлади, ёмғирда намланса, куйик иси анқийди. Хотинлар янги пишган иссиқ нонларни ўша енгча билан узишади.

- Боракан-у, аммо қўлига кийволиш эсидан чиққан экан. Ёки нон ёпаверганидан илма-тешик бўлиб кетганми?

Хуллас, нон ерга тушганида хотин:

- Ҳаҳ, ўлгур, - дебди.

Шунда Нуҳ пайғамбар айтибдики:

- Ҳой нодон, ризқниям сўкадими одам? Қани, тавба қилиб, нонни ердан олиб кўзингга сур-чи!

Хотин шундай қилибди. Ерга тушган нон бўлагини олиб, пуф-пуфлаб кўзга суртиш одати ўшандан қолганмиш...

Маталларнинг кўпида хотинлар нодон бўлиб тасвирланишига ақлим шошади. Ташқарига чиққанимда уларга қизиқсиниб қарайман, сираям нодонга ўхшашмайди.

* * *

Эскиларнинг бир гапи бор: хотинга зуғум ўтказсангиз, қариганингизда ўчини олади. Ўшанчун бир қаттиқ, бир ширин гапиришингиз керак.

Ҳадеб яхши гапираверсангиз, ўзидан кетади, эрим нима десам кўнади деб ҳаволанади. Ҳадеб зуғум қилаверсангиз, тош остидаги майсадай эзилиб кетади, ҳаётдан кўнгли совийди.

* * *

Катталардан сўрасангиз, улар ҳам билишмайди. Гўё одамлар жуда кўп асрлардан бери шундай яшаб келишаётгандай. Саводсиз, жоҳил ота-боболар, зулм остида эзилган тарқоқ халқ… Бегона қаҳрамонлар, сув ости кемалари, баланд учадиган стратосфера учоқлари... Елкасига беҳи новдасидан камон ясаб осиб юрган болалар... У ёшдан ўтиб, анча улғайганларига эса отаси "уйлантириб қўяман" деб пўписа қиладиган бўлган... Амал-тақал қилиб мактабни битириб олишса, нима ишнинг бошини тутиши номаълум... Ўша ҳаёт, ўша заҳматлар...

У таассуротларни, манзараларни ҳеч бир тарих тушунтириб беролмайди. Тарих қуруқ фактлардан иборат. Лекин кишилар қалбидаги манзаралар бутунлай бошқача, жонли, маъноли, инсонлар тақдиридан ҳикоя қилаверади.

* * *

Ҳа, фанлар мактаб мобайнида бениҳоя ажойиб ҳикояларни гоҳ қуруқ илмий, гоҳ жонли тил ила сўйлаб беради. Аммо у ҳикояларни билишимиздан не фойда эканини айтмайди. Қишлоқ узра ўйнаган нур ва соя ўйинлари бошқа элларда бошқача жилваланишини, ботаётган ёхуд чиқаётган қуёш ёғдуси денгиз долғаларида палахса-палахса, тўқ сариқдан қирмизигача ажаб жилолар ҳосил қилишини, тўлқин қарсиллаши қанақа бўлишини, икки денгиз суви сираям аралашиб кетмаслигини, қуруқлик дунёсида неки бор, сув дунёсида ҳам борлигини, қуруқликда эсадиган шамоллар сув остида оқим деб аталишини, ёллари ҳилпираб чопадиган гуррос отлар у оламда сув отлари дейилишини... барчаси ила бизларни маҳлиё айлайди-ю, аммо...

Шу қишлоқдан чиқолмаслигимизни, у билимлар ҳеч қачон керак бўлмаслигини, мактаб тугагач, бир рўзғорнинг бошига келишимизнию эл қатори бизлар ҳам гувалак қуйиб, иморатлар солиб, далаларда ишлаш билан бирга, томорқамизда етилган мева-чеваларни бозорга олиб бориб сотиш билан тирикчилик қила-қила умримиз ўтиб кетаверишини айтмайди. Айтгандаям нима ўзгарарди? Тақдир ёзуғи шу эмасми - ҳамма бир тану бир жон, баҳамжиҳат бўлиб, бир-бирини суяб-қўллаб ҳаёт кечирмоқда. Ҳали ёш-ку, руҳини чўктириб нима қилдим, катта бўлса ўзи билиб олар, дейди.

* * *

- Беруний ким?

- Жуда катта олим, сизнинг аждодингиз! Мана шу гапларини минг йил аввал айтиб кетган!

Тўғри. Минг йил аввал яшаган бўлса, минг йил олдин айтади-да. Олдинроқ ёки кейинроқ айтишининг иложи йўқ-ку?

- У маҳалда дунё ҳали санашниям тузук-қуруқ билмас эди, гап шунда!

Бўлса бордир. Лекин биз оддий одамлармиз, унақа нарсаларга ақлимиз етавермайди.

Мана шу гап жуда кўп такрорланади. Кишилар ўзлари билмайдиган нарсалар ҳақида гап кетганида "Ҳа, энди биз оддий, жўн одамлармиз-да", деб истеҳзоли илжайиб қўйишади. Буни болалар ҳам ўзлаштириб олишган.

* * *

Мендел тасаввури кенг одам эди. Барча улкан кашфиётлар оддий ҳодисалар замирида ётишини биларди. Бундай ҳолат инсон ирсиятида ҳам учрармикин, деб бош қотирди. Инсонлар ҳам ўсимлигу дарахтлар сингари бир-бирлари билан чатишадилар, лекин баъзиларининг авлодлари бир-бирларига ўхшаса, бошқаларидан турли қиёфадаги фарзандлар туғилади. Нўхат ҳамда ловияда кучли навфақат биринчи авлодда устунлик қилса, учинчи авлоддан кейин ажралиш юзага келди. Илк навлар кучли, бўлиқ ҳосил берса, кейингилари ота-онанинг кучсиз тарафларини олиб униб чиқди. Инсонларда-чи? Афсуски, Мендел у чалкашликларнинг қонуниятларини тополмасдан дунёдан ўтиб кетди.

* * *

Нега оддий кишилар орасида илм-фан моҳиятини тушунадиганлар, унинг йўлларини очиб берадиганлар кўп эмас? Ахир, бир маҳаллар олимини ардоқлаган, кўкларга кўтарган эл шу эмасмиди? Нега кишиларнинг дарду фикри кундалик ҳаётдангина иборат? Нега?

* * *

Кеча одамларнинг кўзи оч эди. Машина дединг-а, у катта орзу эди. Бугун ҳамманинг иккита-учтадан машинаси бор. Кечагина одамлар дала-даштда у-бу экиб, меҳнатини қилиб юрарди. Эсингдами, устозларимиз ҳам мол-ҳол боқишарди, экин-тикин қилишарди. Энди ҳаёт ўзгариб кетди-ку? Сен дўкон очдинг, бошқа биров нималардир ишлаб чиқаряпти… Ҳали вақти келиб, одамлар илмнинг моҳиятини ҳам тушуниб қолишади. Ўшанда кўрасан ҳаётнинг гуркирашини… Мен жуда катта мақсадларнинг бошини тутганман, у йўлимдан қайтсам, умримнинг охиригача афсусланиб яшасам керак.

* * *

Олимлар ёлғизликка маҳкум бўлармикинлар?

Фазо сингари совуқ ва бепоён тафаккур қоронғиликларида бир ёғду, бир шуъла излаб, тахминлар, фаразлар, муваффақиятсизликлар ва умидлар аро кезар эканлар, юракларига, қалбларига қувват излай-излай тополмасдан, билимлардан мутлақо узоқ, еб-ичиш дардидаги кимсаларнинг бўлар-бўлмас нодон гапларидан озорланиб узлатга чекиниб кетишармикин?

Ёки, бу билимлар, бу сирлар одамни ўзи билан ўзи қолишга, зулматлар аро ёлғиз дайдишга ундармикин?

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

Report typo