Кўнгил кечинмалари
Мактуб - ярим дийдор, деб бежиз айтилмаган. Чунки мактуб - кўнгил ойнаси. Турли сабаблар туфайли кимнингдир ўзига айтишга ботина олмаган гапларингизни қоғозда эмин-эркин ифода этишингиз мумкин.
Булар майли, ўз йўлига. Аммо ҳеч ўйлаб кўрганмисиз: илк мактублар қачон пайдо бўлган ва бугунгиларидан фарқи нимада? Унинг ҳам талаблари, ўзига хос жиҳатлари борми? Ҳозирги технология асрида қоғоз мактубларга эҳтиёж бормикин?
Қизиғ-а?! Тўғрими?
Мактуб сўзи тилимизга араблардан кириб келган бўлиб, "ёзилган", "китобат қилинган" маъноларини билдиради. Бироқ илк мактублар айнан қайси йил ёки асрда пайдо бўлгани ҳақида аниқ бир тўхтамга келиш мушкул. Шуниси аниқки, азал-азалдан одам насли кейинги авлодларига ўзидан қандайдир нишона, хабар қолдирмоқни истаб яшаган. Ўсимлик пўстлоғи, дарахт япроғи, кейин-кейин жониворлар терисига ёзила бошлаган мактублар шу йўсинда ривожланиш босқичини босиб ўтган.
Демак, инсоният тарихидаги илк мактублар - қоятошлар ва дарахт таналаридаги битиклардир. Ҳамда улар бугунгилари сингари ҳиссиётларни эмас, фақат ва фақат фикр ва маълумотларни етказишга хизмат қилган.
Мактуб - адабий жанр
Олдинлари ёзилган мактубларни манзилга чопар ёки махсус кабутарлар элтиб берган бўлса, кейин-кейин почта хизмати йўлга қўйилди. Бугун эса ҳатто электрон кўринишда ниҳоятда тез ва осон жўнатиш имкони мавжуд.
Ўз навбатида мактуб бадиий шаклга ҳам эга бўлди. Яъни энди мактубда нима битилгани эмас, қандай битилгани ҳам эътиборга молик эди. Бадиий адабиётнинг ажралмас қисми бўлган мактуб жанри шу тахлит юзага келди, десак янглишмаган бўламиз.
Кўпгина бадиий асарларда ёзувчилар ўз асарининг маълум қисмидагина мактуб жанридан фойдаланса, асарини тўлалигича мактуб жанри асосида ёзган муаллифлар ҳам йўқ эмас. Намуна тариқасида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг "Бобурнома", Гётенинг "Ёш Вертернинг изтироблари", Стефан Цвейгнинг "Бир аёл мактуби" ҳамда буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг ахлоқий-тарбиявий ва бадиий қарашларни қамраб олувчи 88 хатдан иборат "Муншаот" асарини санаб ўтсак бўлади.
Нима учун айнан мактуб?
Хўш, нима учун айнан мактуб?! Ахир ёнингизда бўлмаган инсон билан гаплашиш учун бугун мобил телефон, ижтимоий тармоқлар турганда, ортиқча овора бўлиб қадим замонлардагидай мактуб ёзишиб ўтиришнинг ҳожати борми?!
Тасаввур қилинг, улкан қафасдаги қуш. Олдида ҳамма нарса бор: дон, сув, дарахт бутоқлари, борингки уёқдан-буёққа учиб сайр этиш учун жой ҳам етарли. Бироқ унинг катта қафасда учиб юриши билан чексиз самода чарх уриб парвоз қилганини тенглаштириб бўладими? Зинҳор! Зинҳор бўлмайди! Телефон ёки ижтимоий тармоқларда гаплашишнинг ўзаро мактуб ёзишишдан фарқи ҳам салкам ана шундай! Тўғри, телефон ҳам гаплашиш имконини беради, лекин мактуб ёзганингиздаги каби ички кечинмаларингизни эмин-эркин, самимий ва батафсил баён қилиш имконини ярата олмайди. Ахир мактуб ёзаётганингизда ўзингиз ва қалбингиз билан ёлғизсиз, сизни дилингиздагиларни айтишдан ҳеч ким ва ҳеч нарса чалғитиб қўймайди-да.
Қандай қилиб гўзал мактуб ёзиш мумкин?
Бунинг учун ҳуснихатингиз рисоладагидай бўлишидан ташқари, яна сўз бойлигингиз ҳам юқори бўлмоғи керак. Чунки соғинч, меҳр, миннатдорлик, муҳаббат сингари гўзал кечинмаларни ҳар ким ҳам қалбидан кечириши мумкин, лекин уни ҳис этиб тургани каби тушунарли қилиб баён этиш учун керакли сўзларни топа билиши лозим. Инсон сўз бойлигини беқиёс даражада оширувчи деб эътироф топган асосий манба эса, ҳеч шубҳасиз бадиий асар ва ҳар хил шеърий китоблардир. Дарҳақиқат, киши қанча кўп бадиий асар ўқиса, қанчалик кўп шеърлар ёдласа, сўз бойлиги ҳамда сўздаги нафосатни ҳис эта олиш қобилияти шунча орта боради.
Айрим тавсиялар шундан иборатки, мактуб ёзганда жумлаларингиз ортиқча чўзилиб кетмасин. Жумлалар имкон қадар қисқа ва лўнда бўлгани маъқул: токи уни ўқиган киши сўзларда ифодаланган маънони тушунмоққа қийналмасин. Гапни эса албатта "Ассалому алайкум!"дан бошланг. Сўнгра мактуб олувчининг саломатлиги, кайфиятини сўранг. Бунда сизнинг салом берганингиз мактуб олувчини ҳурмат қилишингизни билдирса, ҳол-аҳвол сўраганингиз у учун қайғуришингизни англатади. Айтмоқчи бўлган бор гапингизни ёзиб бўлганингиздан кейин уни олувчига омонлик тилаб, энг сўнгидан исмингизни келтиришни ҳам унутманг. Эсингизда бўлса Абдулла Қодирийнинг "Меҳробдан чаён" асари қаҳрамони - Анвар ўз мактубини "...адойи Анварингиз!" деган жумла билан тугаллар эди. Демак, сиз ҳам ота-онангизга мактуб ёзганингизда "сизни яхши кўрувчи фарзандингиз" ёки бирор дўстингизга мактуб битганингизда "сизга яхшилик истовчи дўстингиз" қабилида тугалласангиз, бир қадар мукаммалликка эришган бўласиз.
Байрам АЛИ