Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

ТАҲРИРИЯТ

03.02.2018


МАКТУБЛАР – ЭЪТИБОР БЕЛГИСИ

Миришкор хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Соҳиб Ражабов томонидан йўлланган “Тараққиётнинг олтин даври” сарлавҳали мақолада Президентимизнинг шу йил 22 январь куни имзоланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони хусусида сўз борган. Мақола муаллифи ушбу муҳим ҳужжатнинг мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётидаги аҳамияти ҳақида сўз юритар экан, ўзи яшаб турган ҳудудда юз бераётган ижобий ўзгаришлар тўғрисида шундай ёзади:

“Ҳозирги вақтда Помуқда спорт ўйингоҳи, шифохона қайта таъмирланиб, замонавий қиёфа касб этди. Яқинда туман ҳокими Помуқ шаҳарчаси аҳолиси билан учрашиб, ҳудудни комплекс ривожлантириш, электр, газ ва сув тармоқларини тартибга келтириш, аҳоли истиқомат жойларида суғориш тизимини ва ички йўллар сифатини яхшилаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш юзасидан ўз таклифлари билан ўртоқлашди...”

Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шарапова томонидан йўлланган мактуб эса Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган мурожаатига бағишланган. “Айниқса, таълим тизимининг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини изоҳлаб, Мактабгача таълим вазирлигининг ташкил этилиши, 3-4 йил ичида минглаб янги боғчалар қурилиши мўлжаллангани, мактабларда 11 йиллик таълим тизимига ўтилиши кўпчиликнинг дилидаги иш бўлди, - дейилади мақолада. – Бундан ташқари, олийгоҳларда махсус сиртқи бўлим ташкил этилиб, ўрта махсус маълумотга эга бўлган 5 мингдан ортиқ педагог учун олий маълумот олиш имконияти яратилганлиги, аниқ фанлар чуқур ўқитиладиган махсус мактаблар ташкил этилгани, улуғ адибларнинг номлари билан аталадиган ижод мактабларининг барпо этилиши, эҳҳе, буларнинг барчаси мўъжиза!”

Дарҳақиқат, бу каби ижобий ўзгаришлар ҳаётимизда муҳим ўрин тутмоқда. Биргина ўтган йил мисолида оладиган бўлсак, шу вақт давомида амалга оширилган ишлар таҳсинга сазовор. Айниқса, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида одамларнинг дарди-ташвиши, муаммоларини ўрганиш, уларга ечим топишга қаратилган тадбирлар катта аҳамиятга эга бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Китоб туман Халқ қабулхонаси мудири Абдишукур Омоновнинг ўтган йил мобайнида аҳолидан тушган мурожаатлар таҳлилига бағишланган мақоласи “Таҳлиллар, муаммолар ва вазифалар” деб номланган. Унда муаллиф шундай рақамларни келтиради:

“Китоб туман Халқ қабулхонасига йил давомида жами 2690 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 2156 таси ёзма ва 534 таси оғзаки мурожаатлардир. Уларнинг 2175 таси, яъни 80,8 фоизини аризалар, 488 таси, яъни 18,1 фоизини шикоятлар ва 27 таси, яъни 1,03 фоизини таклифлар ташкил қилади. 2690 та мурожаатнинг 501 таси бевосита Китоб туман Халқ қабулхонасида кўриб чиқилиб, ҳал этилган. 1700 та мурожаат кўриб чиқиш учун Китоб туманидаги ҳудудий ташкилотларга ва 489 таси юқори турувчи идораларга юборилган...”

Давомида бу мурожаатларнинг 74,6 фоизи қаноатлантирилган бўлиб, шундан 469 та мурожаат ижобий ечим топгани, 1180 таси ҳуқуқий маслаҳат ва маълумот бериш орқали ҳал қилингани, 358 та мурожаат қўшимча текширишлар орқали асосли деб топилиб, ҳал этилганлиги маълум қилинади. Албатта, бу ишлар замирида аҳолининг муаммо ва ташвишлари бартараф этилишини таъминлашдек эзгу мақсад ётибди. Бу ишларнинг жорий йилда ҳам давом эттирилиши эса, шубҳасиз, эзгуликка хизмат қилади.

Ҳакамлик суди раиси Суюн Каримов томонидан йўлланган “Ҳакамлик суди ҳаракатда” сарлавҳали мақолада ушбу ҳуқуқий органни ташкил этишдан мақсад, унинг фаолияти асослари ҳақида сўз юритилган:

“Ўзбекистон Республикасининг “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонунига асосан Савдо-саноат палатасининг вилоят ҳудудий бошқармаси ҳузурида доимий фаолият юритувчи “Ҳакамлик суди” ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади тадбиркорларга, корхона ва ташкилотларга, фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, уларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хўжалик низоларининг ечимини топишда амалий ёрдам беришдан иборат...”

Ҳуқуқий-демократик жамият тузиш йўлидан кетаётган мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган бу каби кўплаб ўзгариш ва янгиланишлар бир мақсадга – юртдошларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий онги-тафаккурини янада ўстиришга қаратилгани билан аҳамиятли. Ҳуқуқий маданият тушунчаси эса юксак маънавиятнинг ажралмас қисмидир. Қарши давлат университети ўқитувчиси Одилжон Авазназаровнинг “Маънавият – ҳалокатдан асровчи халоскор” сарлавҳали мақоласи Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асари мазмун-моҳиятига қаратилган. Мақола муаллифи шундай ёзади:

“Биринчи Президентимизнинг ушбу китобида инсоният учун барча замонларда ҳам бебаҳо бойлик бўлиб келган маънавиятнинг – бу мураккаб ва серқирра маъно касб этувчи тушунчанинг моҳияти, инсон ва жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти, назарий ва амалий жиҳатлари кенг қамровли фикр ва хулосалар орқали таҳлил этиб берилган. Шунингдек, истиқлол йилларида юртимизда миллий маънавиятимизни тиклаш, уни замон талаблари асосида ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, бу борада олдимизда турган мақсад ва вазифалар, ислоҳотларнинг маънавий мезонлари, айниқса, ёшлар тарбияси ҳақида атрофлича фикр юритилган...”

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ўқитувчиси Ўктам Абдуллаев, Қарши банк коллежи ўқитувчилари Баҳоргул Номозова ҳамда Комила Эшонқулова, Ғузор туманидаги 64-мактаб ўқитувчиси Марғуба Нормаматова, вилоят кўзи ожизлар махсус кутубхонаси бўлим мудири Б.Дўстмуродов томонидан таҳририятимизга йўлланган мақолалар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасига бағишланган.

“Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган тадбир ташкил этилди, - дейилади Ўктам Абдуллаевнинг “Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон асосчиси” деб номланган мақоласида. – Тадбир меҳмонлари талабаларга Биринчи Президентимизнинг суверен ва мустақил Ўзбекистонни барпо этиш, халқпарвар демократик ҳуқуқий давлат яратиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни таъминлаш ишига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўзлаб беришди”.

Вилоят кўзи ожизлар махсус кутубхонасида ўтказилган тадбир эса давра суҳбати ҳамда “Ватан тарихида барҳаёт сиймо” номли билимдонлар танлови тарзида ташкил этилган. “Билимдонлар танлови иштирокчилари мустақиллик йилларида эришилган улкан муваффақиятлар, Биринчи Президентимиз асарлари бўйича ўз билимларини намойиш этишди, - деб ёзади Б.Дўстмуродов. – Шунингдек, улар Ислом Каримов асарлари юзасидан берилган саволларга жавоб қайтаришди, Ватан мавзусида қўшиқлар куйлашди. Танлов сўнгида қатнашчилар “Энг фаол китобхон”, “Энг зукко иштирокчи”, “Энг иқтидорли иштирокчи” номинациялари бўйича тақдирланди...”

Қарши тиббиёт коллежида Буюк йўлбошчи таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб ўтказилган тадбир “Мангуликка дахлдор умр” деб номланибди. Бу ҳақида коллеж ўқитувчилари Баҳоргул Номозова ҳамда Комила Эшонқулова бизга юборган мақолада сўз боради. “Биринчи Президентимизнинг ҳаёт йўли ва фаолиятига бағишлаб “Мустақиллик меъмори ҳақида”, “Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси”, “Буюк истиқбол ижодкори” мавзуларида видеолавҳалар намойиш этилди, - дейилади мақолада. – Бундан ташқари, тадбирда коллеж ўқувчилари ўртасида эълон қилинган “Энг буюк жасорат соҳиби”, “Қомусимиз муаллифи” мавзуларидаги иншолар танлови ғолиблари тақдирланди...”

Албатта, бундай тадбирлар Биринчи Президентимизнинг ибратли ҳаёт йўли, фаолиятини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Бу буюк шахснинг қилган ишлари ва асарлари эса халқимиз учун муҳим манба, муқаддас хотира бўлиб қолаверади. “Президент сифатида ўз фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ Ислом Каримов шахсий томорқа хўжаликларини ривожлантириш борасида бир қатор жиддий тадбирларни амалга ошириб, шу мақсадда ҳатто мавжуд пахта майдонларини қисқартириш орқали томорқа ерлари ажратишгача борди. 720 минг гектардан зиёд унумдор ер деҳқонларга бир умрлик шахсий мулк қилиб берилди”, деб ёзади Марғуба Нормаматова ўз мақоласида. Биринчи Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилган бу каби ишлар халқимизнинг фаровон турмуш кечириши учун шароит яратди. Шу билан бир қаторда истиқлол йилларида маънавий ҳаётимизда ҳам оламшумул ўзгаришлар рўй берди. Айниқса, маънавиятимизнинг ажралмас қисми бўлган дин ва у билан боғлиқ қадриятларимиз қайта тикланди. Бу борадаги хайрли тадбирлар бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Қарши банк коллежи ўқитувчиси Ҳамдам Саидовнинг “Диний қадриятларни сингдиришда ислом омилининг ўрни” сарлавҳали мақоласида шу ҳақида сўз боради:

“Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 5 июнда Тошкентда ўтказилган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзланган нутқда динимиз, миллий қадриятларимиз, азиз-авлиёларимиз хотираси, меросини тиклаш, қадамжоларини обод қилиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида тўхталиб ўтган эдилар. Бу каби ишларнинг янада кенг кўлам касб этиши, албатта, диний қадриятларимизнинг янада эъзоз топишига замин яратади...”

Косон тумани Пудина қишлоғилик  Аслиддин Тожиддиновнинг “Ҳазрати Қусам Шайх ота” мақоласида ушбу авлиё мангу макон тутган зиёратгоҳ ҳақида сўз боради. “Истиқлол йилларида ушбу қадамжо ҳам янги қиёфа касб этди, - деб ёзади муаллиф. – Ҳозирда Қусам ота мажмуасига хорижий олимлар ҳам катта қизиқиш билдирмоқдалар. Жумладан, Франциядан келган профессор Серж Ле Геррек Шайх Қусам ота фаолияти ҳақида кўпгина қимматли фикрларни билдирди...”

Бундан кўринадики, заминимизда яшаб ўтган авлиёлар, мутафаккирлар қолдирган бой мерос чуқур тадқиқот ишлари учун етиб-ортарлик даражада ноёб манбадир. Уларни ўрганиш эса мутахассисларга тан.

Таҳририятимизга юртдошларимиз ўз ижод намуналарини ҳам йўллашган.  Шулардан бири шаҳрисабзлик Зулайҳо Норованинг “Тарбия” сарлавҳали шеъри қуйидаги мисралар билан бошланади:

Боланг – сенинг обрўйинг,

Бу ҳаётда борлиғинг.

Хуллас, таҳририятимизга келаётган ҳар бир мактубга алоҳида диққат билан ёндашар эканмиз, уларнинг эгаларига ўз миннатдорчилигимизни билдиришни истардик. Зеро, мактубларингиз нашрларимизга бўлган эътибордан дарак.

ТАҲРИРИЯТ

Report typo