Қарши давлат университети профессори, фалсафа фанлари доктори Очил Эргашевнинг бизга йўллаган хати “Конституциявий ислоҳотлар – барқарор тараққиёт кафолати” деб номланган. Унда бундан 25 йил муқаддам қабул қилинган Асосий қомусимиз, унинг ҳаётимиздаги ўрни, шунингдек, Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида сўз боради:
“Конституция давлатнинг Асосий қонуни сифатида бошқа барча жорий қонунлардан устуворлиги ва барқарорлиги билан ажралиб туради. Шу билан бирга, уни абадий, мутлақ ўзгармас, қотиб қолган ҳуқуқий ҳужжат деб тушунмаслик лозим. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларнинг тобора чуқурлашиб бориши, кучли фуқаролик жамиятининг жадал ривожланиши, давлат ва жамият қурилишидаги ўзгаришлар Конституциямизга тегишли ўзгариш ва қўшимчалар киритиш заруратини туғдирмоқда. Ҳуқуқшунос олим Акмал Саидовнинг фикрига кўра, Конституцияга ўзгартиш киритиш мураккаблаштирилган махсус тартибга эга. Шу сабабдан Конституциянинг ўзида унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тартибига махсус бир бўлим ажратилган...”
Хат давомида Асосий қонунимизга бугунга қадар киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида сўз юритилган.
Маълумки, Бош Қомусимизда Ўзбекистонда кўппартиявийлик асосида демократик сиёсат юритилиши белгилаб қўйилган. Шунга мутаносиб бугунги кунда фаолият кўрсатаётган 4 сиёсий партиянинг дастурлари халқимиз ҳаёти янада фаровон бўлиши, ҳуқуқий демократик жамият қуриш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларни ҳаётга жадал татбиқ қилишда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши раиси Олим Равшановнинг “Ташаббускорлик фаолиятимиз мезонига айланмоқда” сарлавҳали хати 1 ноябрь - мазкур партия ташкил топган кун муносабати билан ёзилган. Унда партиянинг бугунги кундаги фаолияти ҳақида сўз боради. Хатда жумладан, шундай дейилади:
“Вилоятда партиямизнинг 38 минг 129 нафар аъзоси 805 та бошланғич ташкилотга бирлашган. Улар сафи кундан-кунга кенгайиб бормоқда. Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида 1859 нафар фуқаро партиямиз сафига қабул қилинди. Шундан 895 нафари хотин-қизлар ва 798 нафари ёшлардир...”
Партия томонидан ёшларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ҳақда унда муаллиф қуйидаги фикрларни келтиради:
“Вилоятда партияга аъзо ёшлар сони 11 минг 464 нафарни ташкил этади. Уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, “оммавий маданият” ва ёт ғоялар таъсиридан асраш, уларни ўйлантираётган муаммоларни партия гуруҳлари ҳамда “Истиқбол” ёшлар қаноти етакчилари, фаоллари билан ҳамкорликда бартараф этиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. “Ёш сиёсатчилар” клуби координаторлари ва фаол етакчилари билан сектор ва клуб фаолиятини ташкил қилиш, тажриба алмашиш ва улар малакасини ошириш мақсадида “Салоҳиятли кадрлар – давр талаби” мавзусида ўқув-семинарлар ташкил этилди...”
Шубҳасиз, бу каби тадбирлар юртдошларимизнинг ҳаётини янада яхшилаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ёшларни маънан баркамол шахслар этиб тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.
Маълумки, шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида халқимизнинг атоқли фарзанди, сиёсий арбоб, ижодкор Шароф Рашидов таваллудининг юз йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ўқитувчиси Ўктам Абдуллаев бизга йўллаган мактуб шу буюк сиймонинг ҳаёт йўли, фаолиятига бағишланган.
“Шароф Рашидов фақат партия раҳбари эмас, ёзувчи, зиёли киши бўлганлиги учун ҳам республикада фан ва маданиятни ривожлантиришга айниқса катта ҳисса қўшган, - дейилади унда. – Унинг даврида Тошкентда академиклар шаҳарчаси, университетларнинг янги бинолари мажмуаси, ТошМИ шаҳарчаси, Тошкент цирки биноси каби ўнлаб объектлар қурилди. Республикада фан ва маданиятни ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. Халқлар Дўстлиги саройи (ҳозирги “Истиқлол”) меъморий мажмуаси учун қурилиш ғоясининг муаллифи ва ижодий раҳбари сифатида унга 1994 йилда (вафотидан сўнг) Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти берилди...”
Қарши давлат университети талабаси Даврон Қўзибоевнинг “Миллатимиз ифтихори” сарлавҳали хатида ҳам Шароф Рашидов ҳақида сўз борган. Мактубда ёзилган қуйидаги фикрлар диққатга сазовор:
“Тошкент метрополитени қурилишига собиқ марказ дастлаб қарши чиққан. Ҳали зилзила, ҳали ерости сувларини баҳона қилиб, бу лойиҳани амалга оширишга йўл бермаган. Шароф Рашидов метро Тошкент учун нақадар катта аҳамиятга эга эканини инобатга олиб, энг билимдон ва тажрибали мутахассислар иштирокида таҳлилий маълумотлар тайёрлаб, пойтахтимизда метрополитен қуриш учун етарлича асослар борлигини исботлаб берган эди ва бу иши билан ҳам халқпарвар шахс сифатида тарихда қолди...”
Юртимиз тарихи ниҳоятда бой ва ранг-баранг. Айниқса, қишлоқлар, шаҳарларнинг вужудга келишига доир қизиқарли ҳикоя-афсоналарни тинглаш ёки ўқиш ҳар бир кишига катта завқ бағишлаши табиий. Яккабоғлик Карим Султонов бизга ўз қишлоғи ва у ерда жойлашган тарихий тепалик тарихини ёзиб юборибди. “Қишлоғимизнинг номи Дотқуш, - дейилади мактубда. – Бу номнинг келиб чиқиши ҳақида қишлоқ аҳли орасида икки хил ривоят юради. Биринчиси шуки, қишлоғимизда қадимда ҳам ҳозиргидек боғ-роғлар, токзорлар кўп бўлар экан. Бир кампир боғини, узумларини қушлардан қўриқлаб, бақириб-чақириб турса, бир чумчуқ учиб келиб, кампирнинг оғзига кириб кетган экан. Шунда кампир “дод, қушларнинг дастидан дод”, деб қичқирган эмиш ва қишлоғимизнинг номи шундан бери Дотқуш деб атала бошланган дейишади. Иккинчи ривоятда эса қишлоғимиз ўрни қадимда Дашти Кеш деб аталгани ва қишлоғимиз номи шу сўздан келиб чиққани айтилади...”
Албатта, ҳар ким ўзи туғилган замин, ҳудуддаги қадимий ёргорликлар тарихини ўрганиши, у ҳақда билиши маънавий бурч. Зеро, бундай инсонларда дахлдорлик ҳисси кучли бўлади.
Юртдошларимиз орасида бадиий ижод билан ошно тутинганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Таҳририятимизга келаётган мактубларга улар ўзларининг ижод намуналарини илова қилишган.
Қарши туманидаги Ғубдин қишлоғида истиқомат қилувчи Зулхумор Насимова бизга “Аёлсан” сарлавҳали шеърини тақдим этган. Шеърда қуйидаги сатрлар эътиборимизни тортди:
Ўз ёрингга садоқатни сақла аршингда,
Гуноҳларнинг юзи қора бўлсин қаршингда,
Саратонни сезмасинлар ҳатто даштингда,
Тирикликни бунёд этган Буюк Аёлсан!..
Деҳқонободлик Маҳлиё Ҳамидованинг мактуби ҳам диққатга сазовор. Унда бадиий ижодга қизиқишини алоҳида таъкидлаган Маҳлиё бизга бир нечта шеърий машқлари ҳамда “Мен эскича яшар эканман” сарлавҳали мулоҳазалари битилган хатни ҳам йўллаган. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган “Ўчмас хотира” шеърида шундай мисралар ёзилган:
Қолдирдингиз сиз бизга озод ва обод Ватан,
Боғ-роғлари гуркираб, гуллаётган бир чаман,
Асрагаймиз биз уни, бўлармиз бир тану жон,
Дадил боргаймиз сизнинг бошлаган йўлингиздан...
Хуллас, таҳририятимизга келаётган ҳар бир мактубни қизиқиш билан ўқиймиз. Гарчи уларнинг ҳар бири газетамиз саҳифаларидан тўлиқ жой олмаса ҳамки, барчаси эътиборимизда.
ТАҲРИРИЯТ