Яккабоғлик Наргиза Мойлиева бизга юборган мактубида “Ассалому алайкум” калимасининг қадри, маъно-моҳияти тўғрисида фикр юритган. Турли манбалар асосида саломлашишнинг маъноси ва аҳамияти ҳақида сўз юритган муаллиф ўз эътиборини ёшларнинг саломлашишларига қаратади.
“Ёшларнинг саломлашишларини кузатдим... Ўғил болаларнинг саломлашиши ажабланарли ҳол экан, икки дўст бир-бири билан бошларини қўчқордек уриштириб саломлашаяпти... Қизлар эса салом калимасини қисқартириб, “ассалом”, “ассам”, “с...сом” тарзида беришади. Бу гўё улар орасида “мода”га айланган. Янаям қизиғи, жамоат жойларида, ҳар куни ўқишда бир-бирини кўрадиган дугоналар ўпишиб кўришишлари шартмикан?”
Шу фикрларни билдирган муаллиф салом сўзини тўла, чиройли ва самимий тарзда талаффуз қилиш лозимлигини уқтиради.
Яна бир ёш газетхон – Қарши шаҳрилик Нодир Нортўраев ҳам ўрнак бўладиган воқеа – солиқларни ўз вақтида тўламайдиган кишиларга ўрнини топиб берилган танбеҳ ҳақида ёзибди. Унинг шу воқеани бадиий талқин қилишга қаратилган ҳикояси “Ватан туйғуси” деб номланган. Ҳикояда икки қўшни мисолида солиқ тўлашга бўлган икки хил муносабат очиб берилади. Қўшнисининг ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтиришларидан сўнг ҳикоя қаҳрамони Саттор ака солиқларни ўз вақтида тўлашга қарор қилади:
“Саттор ака жим бўлиб қолди, Ботир ака эса сўзини давом эттирарди:
- Э қўшни, сиз давлат хизматидаги одамдан қочасиз, ахир. Тежамкор бўлсангиз, шу солиқларни бемалол тўлашга қурбингиз етади-ку! Сиз пулингизни ҳе йўқ, бе йўқ сарф қилавериб, қарзингизни вақтида узмасангиз, кўпайиб бораверади-да! Яна ўзингиз биласизу аммо ҳозир яхши иш қилмадингиз...
Ботир ака инспектор томон йўл олди. Саттор ака эса уялганидан қизариб, жойида қотиб қолди. “Ўз юртимнинг ривожига ҳисса қўшиш мениям қўлимдан келади”, деб ўйлади у ва Ботир аканинг изидан югурди...”
Қамашилик таниқли ижодкор Момохол Элмуродова Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шарапова фаолиятига бағишланган мақоласини “Энг суюкли устоз” деб номлаган. Унда ўқитувчининг ҳаёт йўли, тажрибаси, фикр-мулоҳазаларига кенг ўрин берилган. Мақола муаллифининг “Қаҳрамонликнинг масъулиятини қандай ҳис этаяпсиз?” деган саволига Муҳаббат Шарапова шундай жавоб қайтаради:
“Қаҳрамонликнинг юки оғир бўлар экан. Олдин 500 кишига хизмат қилган бўлсам, энди бутун республика аҳлига хизмат қилишим керак. Эл кўзида бўлиш ва катта масъулият талаб этади... Онам раҳматли “Халқнинг болаларини ўқитиш учун яратилгансан”, дер эдилар. Мен ўзимни ўқувчиларимсиз тасаввур қилолмайман. Ўзбекистондай гўзал юртда туғилган эканман, бу менинг бахтим. Шу эл учун, ватан учун доим хизмат қилишга тайёрман ва бунинг учун худодан куч тилайман...”
Дарҳақиқат, устозлик – олий рутба, муқаддас ва масъулиятли вазифадир. Зеро, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялашда устоз-мураббийларнинг хизматлари катта. Ёшларни турли ғоявий таҳдидлардан асрашда эса маънавий қадриятларимиз, муқаддас манбалар муҳим роль ўйнайди. Абдулазиз Махсумов таҳририятимизга йўллаган мактубида шу хусусда сўз юритган.
“Бугун дунёнинг турли бурчакларида дин ниқоби остида, баландпарвоз шиорлар билан бажарилаётган хунрезликларнинг муқаддас Ислом динига мутлақо алоқаси йўқ, балки динимизнинг мусаффо таълимотига умуман тўғри келмайдиган, мутаассибликка олиб бораётган фитналардир. Зеро, Ислом динида бегуноҳ қон тўкиш, зулм, фитна қораланади, инсонлар ўртасида совуқчилик, бўлиниш – тафриқага олиб келадиган ҳар қандай ақидага динимиз қарши бўлиб келган”, дейилади мактубда. Албатта, бундай ғоявий таҳдидларга қарши туриш ҳар бир маънавиятли инсоннинг вазифасидир. Китоб туманилик Ситора Шарипова бизга йўллаган мактублардаги мулоҳазалар ҳам юқоридаги фикрларга уйғун. “Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида жаҳон мамлакатларида террорчилик ҳаракатлари келтирган кулфатлар тўғрисида кўп маълумотлар берилмоқда, - деб ёзади Ситора Шарипова. – Терроризм қаерда бош кўтармасин, унинг оқибатида инсоният бошига турли кулфату мусибатлар тушмоқда. Бу бало инсоният цивилизациясига хавф солаётган экан, ҳамма ерда унга қарши жиддий ва узлуксиз кураш олиб бориш талаб этилади. Бу курашда эса фақат қурол кучига ишонишнинг ўзи етарли эмас, балки одамлар, айниқса, ёшлар онги ва қалбини асраш учун ҳаракат қилмоғи зарур...”
Кейинги хатида муаллиф бу каби ғоявий таҳдидлар асосан интернет сайтлари орқали онгимизга кириб келаётганини куйиниб ёзади ва барчани огоҳликка, ҳушёрликка чорлайди.
Қарши туман сервис ва тадбиркорлик коллежи ўқитувчиси Севара Қудратованинг “Ёшларимиз буюк аждодларимизга муносиб авлод бўлсин” сарлавҳали хатида мамлакатимизда олиб борилаётган ёшлар сиёсатига доир чора-тадбирлар тўғрисида фикр-мулоҳазалар келтирилган. Муаллиф бугунги кунда ёшларнинг ўзлари истаган соҳанинг етук мутахассиси бўлиб етишишлари учун яратилган шароитлар ҳақида сўз юритар экан, бунга муносиб бўлиш лозимлигини таъкидлайди. Бу эса ўқитувчи педагогларга ҳам боғлиқ:
“ХХI аср – интеллектуал бойлик, юксак билим ва салоҳият талаб қиладиган давр. Давлатимиз ва жамиятимизнинг бугунги куни ва келажаги учун энг муҳим бўлган соғлом ва баркамол авлодни ҳар томонлама етук қилиб тарбиялаш барчамиз учун ғоят муҳим ва масъулиятли вазифага айланди...”
Касби туманилик Азамат Усмонов юборган мактубда эса инсон маънавияти ҳақида сўз боради. Бошқаларга яхшилик қилиш, эзгулик улашиш ҳамда савоб амалларнинг этагини тутиш инсонни маънан юксалтиради, унинг даражасини осмон қадар кўтаради. Қуйидаги фикрлар эса ҳар бир кишини ўйлаш, мушоҳада юритишга чорлайди:
“Шундай экан, қилаётган амалларимизга бир назар солайлик-чи, бу ўткинчи дунёда қандай яхши амалларни бажараяпмиз? Ота-она, ака-ука, қариндош ва қўшниларнинг ҳаққини беминнат адо этаяпмизми? Яна ҳам чуқурроқ ўйлаб кўриб, кейин қарайлик-чи, ўзимиз қолиб, бировларнинг айбу нуқсонини излаш билан овора эмасмикинмиз? Кўнглимизни, хулқимизни, икки дунёмизни безаш қолиб, бошқаларга лой чаплаш билан машғул эмасмикинмиз?..”
Хотира – муқаддас тушунча. Ўтганларни ёд этиш – ҳар бир юксак маънавиятли шахснинг энг мўътабар вазифаси. Яккабоғлик фахрий ўқитувчи Қўчқор Эшпўлатов бизга йўллаган мактубида 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни ҳақида тўхталиб, ўз ижод намунаси – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган шеърини илова қилган. Шеърда шундай сатрлар бор:
Эзгу ишларингиз эслаймиз шу дам,
Сиз обрў топдингиз халқ орасидан,
Номингиз абадий бўлар мужассам,
Буюклар китобин саҳифасидан...
Хуллас, юқоридаги сингари хат ва мақолалар доимий эътиборимизда. Уларни ўқиб, азиз газетхонлар, юртдошларимизнинг фикр-мулоҳазалари, ўй-ташвишлари билан яқиндан танишамиз, улар билан дилдан суҳбатлашгандай бўламиз. Зеро, мактуб – дил ойнаси, деб бежиз айтилмаган...
ТАҲРИРИЯТ