Таъкидлаб ўтиш жоиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 9 февралда ички ишлар органлари фаолияти, мазкур тизимдаги муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган йиғилишда милиция таянч пунктлари инфратузилмасини такомиллаштириш, профилактика инспекторларининг малакасини ошириш бўйича тизим яратиш кераклигига алоҳида эътибор қаратган эди. Жойларда ташкил этилаётган профилактика инспекторларининг ўқув курслари Президентимиз томонидан ўртага ташланган масалалар ижросига қаратилган.
Ўқув машғулотларини олиб бориш учун Ички ишлар вазирлиги Академияси ва бошқа олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, вилоят ИИБ соҳавий хизматлари раҳбарлари, суд ва прокуратура органларининг етук мутахассислари ҳамда бошқа жамоатчилик ташкилотларининг масъул ходимлари жалб этилган.
Улар инспекторларга аҳоли билан ишлаш, ҳудудда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда маҳалла фуқаролар йиғинлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишнинг аҳамияти, бу борада эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар юзасидан маърузалар қилишмоқда. Шу билан бирга, янги қабул қилинган қонунлар, касбий фаолияти билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, уларнинг мазмун-моҳияти кенг таҳлил этилган ҳолда чуқур ўрганилаяпти.
Албатта, мамлакатимизда ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва фуқаролар хавфсизлигини ҳимоя қилиш кўп жиҳатдан профилактика инспекторларининг фидойилиги, шу билан бир қаторда малакаси, билим ва тажрибасига боғлиқ. Шу маънода ушбу ўқув курслари муҳим аҳамият касб этади.
Сирожжон БЕРДИҚУЛОВ,
фалсафа фанлари доктори