Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

15.10.2021


МАМЛАКАТДА ИСЛОҲОТГА МУҲТОЖ МАСАЛАЛАР КЎБДИР

Сараланган сатрлар

21 октябрь санаси яқинлашаркан, хўрланган, камситилган, ўрнини ўзга забонларга бўшатиб бериб, ўзи бир четда мунғайиб қолаётган тилимиз хусусида чиқишлар кўпаяр экан, давлат тилининг мавқеини кўтариш керак, дея қуруқ ваъзхонлик қилиш фикридан йироқмиз. Бунинг ўрнига, аввалги анъанамизга содиқ тарзда ўзбек тили имкониятларини беқиёс даражада очиб берган асарлардан лавҳаларни келтирамизки, ўзбекча ном танлашда мум тишлаб қоладиган ва четнинг хўрозқанди деса оғзидан калаба-калаба сув келадиганлар кўриб-билиб қўйсин: ўзбек тили нақадар бой тил!

Бинобарин, бугун эътиборингизга "Ўткан кунлар", "Меҳробдан чаён" каби романлар муаллифи Абдулла Қодирийнинг жадид матбуотида "Жулқунбой", "Овсар" каби тахаллуслар остида эълон қилган, долзарб мавзудаги чиқишларидан парчаларни ҳавола этамиз.

Бу ўлкада нима кўб экан, ухлайдирған бурчак ва унда ўмпайиб, тўмпайиб ухлағучи менга ўхшаш овсарлар! Мен сенга айтсам, ўзбекнинг ишчиси, деҳқони, маъорифи, маданияти, иқтисоди, шалтай-балтайи, хуллас, барчаси ҳам ухлайди. Аммо ўчоқбошини холи топқан олақарғалар бўлса, хўбам билган номаъқулчилигини қилаяпти! Қилаверсин, эгасига товоқ-қошиқ керак бўлса, ахир бир кун қатрон-патрон қилиб олар-ов, оғайни! Иш қилиб ўлмасдан баҳорга чиқиб олсақ бўпти...

*   *   *

Шу замонадаги баъзи одамларға ажаб ҳайрон қоламан. Бир минг болаға битта мактаб бўлса нима-ю, ўн минггига битта тўғри келса, сен билан менга нима ҳасрат!

*   *   *

Ер ислоҳоти муносабати билан Ўзбекистонда бошқа ислоҳотлар ҳам ясалар эмиш, деб эшитдим. Дарҳақиқат, мамлакатда ислоҳотга муҳтож масалалар кўбдир. Масалан, катталарга ақл ва басират ислоҳоти, муҳаррирларга тил ва маъно, шоирларга илҳом ва услуб (маъно бўлмаса ҳам майли), ёшларға ахлоқ ва кийим, хотинларга жабру зулм, домлаларға дин ва салла, "Муштум" ёзишгучилариға фақат   шахсларнинг ёқасига ёпиша беришлик ва бошқа мавзулар тўғрисида ўйлаб ҳам қарамаслик ва ҳоказо ислоҳотларга ниҳоят даражада эҳтиёж кўбдир.

*   *   *

Ҳар кимнинг ўзига яраша қўрқатурған нарсаси бўладир. "Иштонсизнинг чўпдан ҳадуги бор", дегандек, шу вақтда иштонлик инсон - ҳадуксиз одам эҳтимол йўқдир. Туркистон истатистиқа идорасининг кейинги йиқған ҳисобига қарағанда, иштонсизлар банаъжи кўпайибдирларки, биз уларни айнан қуйида кўчирамиз:

Мустамлакачи- аччиғланған чоғида сирининг очилишидан қўрқадир.

Ҳар турлук идора мудирлари - сайлов яқинлашса мансабдан тушиб қолишдан қўрқадирлар.

Янги кўз очқан ҳисобсиз ўзбек шоирча ва шоирачалари - минг машаққат билан азобланиб ёзған шеърларининг газеталарда босилмай қолишидан қўрқадирлар.

Тутантируқсиз мақола ёзишға ўрганган муҳаррирлар - тўсундан тегиб қолатурған танқид калтагидан қўрқадирлар.

Бой ва совдагарлар - айниқса буларнинг қўрқунчлари поёнсиздир...

Чунончи: дўкон совдаси яқинлашса, ижарани ошириб юборатурған яканчилардан қўрқадирлар, қўллариға кўпроқ пул йиғилиб қолса, моллар ошиб, пул қурсининг тушиб кетишидан қўрқадирлар, қўлида анчайин қоғоз кўтарган кишини кўрсалар "торғовой налўг" тушмоғидан қўрқадирлар, рўза ойи кириб закот бериш эска тушса, моллар ҳисобини олишдан қўрқадирлар... Ҳар ҳолда бу дуркум халқ учун ер ҳам қўрқунч, кўк ҳам қўрқунч. Фақат қоро ернинг остиғина тинчдир!

*   *   *

Бир вақтларда атоқли бир лўттичи турли лўттилар (фўксларни) кўрсатар эди. Айниқса анинг чигилдак бир қоғозни оғзиға солуб, ҳеч бир поёнсиз узун қилуб оғзидан чиқаруви бизни ҳайрон қолдирар эрди. Лўттибоз йўқ кунларда анинг ўрниға лўтгичилик қилатурған бир мажнун бор эди:

- Кишилар-кишилар, потино-потино! Чунки лўттибоз халқни йиғмоқчи бўлғанда "Потино" деган бир ашула айтар эди. Халқ мажнуннинг атрофиға қуруқ бир мазах учун йиғилғанда мажнун яна бир марта "Потино"сини айтуб олғач, чўнчагидан бир чангал қоғоз чиқаруб, халқға кўрсатуб чиқар эди. (Лўттичи оғзиға солатурған чигилдак қоғозни ялмалкан эканлиғин халқдан тасдиқ эттирар ва оғзини ҳам очуб, бошқа қоғоз йўқлиқни кўрсатар эди).

Мажнун кулунч бир ҳолда халқға оғзини а... а... қилуб очуб кулдиргач, бояғи бир чангал қоғозни оғзиға солуб қизиқ бир вазият ила ялмий бошлар ва бир қанча вақт чайнаб қоғозни ютуб яна "Потино-потино"сини айтуб, қоғозни лўмбоздек қилуб олур ва ҳунарини халқға ғурурлануб кўрсатуб чиқар эди. Мажнуннинг бу иши - лўттибозлигидан ҳам халққа ортиқ кулги берар, ҳаммамиз бу вақт кула-кула ўлар эдик.

*   *   *

...томошачилар театрни бекорчиликка эрмак ва ўзларининг эскидан қолма масхарабозлиқлари, дея қарий бошлағанлар. Ҳақиқатан ҳам, ўйлаб кўрганда, бизда театр ишининг бу равишда бориши ярим маданий халқимизға шундай таъсир қолдирмай мумкин эмасдир. Бир неча асрлардан бери сафсата ва сиҳрбозлиқлар ила заҳарланиб келмакда бўлған халқимизға адабий мактаб бўлур умидинда бўлдиғимиз театрнинг бу ҳоли ғоятда аянчлидир.

***

- Калникига ошға-а-а-а!!!

Гур-гур одам калникига туз ялаб чопадир...

- Айиқ полвон кураш тушадир, Жўра қизиқ маймун ўйнатадир, Фарғонадан Арава полвон келди, Жиззахдан Ит полвон келди...

Кўрубсизки, кураш ўрнини ижарага олған зарғалдоқ хўжаларнинг қилған фойдалари минди-минди...

- Чет эллардаги ўқуғучи ёшларимиз фойдасиға бу кун "Турон"да театру қўйиладир!

Ла ҳавла ва ла қуввата... Тошканд мусулмонларини... яйзара ер ютубдир ва ё катта-кичик оға-ини ин-инларига кириб кетибдир...

*   *   *

Дард кўб - давоси йўқ, ҳасрат узоқ - кечалар қисқа, манзаралар ажиб - кўзлар кўр, жарт-журт зўр - натижалар кичик, манзил узоқ - роҳила оз, ваҳима катта - тўй бедарак, осмон узоқ - ер қаттиқ, бўйи бир қарич - соқоли икки қарич...

*   *   *

Тажрибалик кишиларга маълум бўлса керак, аксар ялқовлар ўзлари учун фойдалик бўлган ишларга дангасалик қилиб, фойдасиз бўлган ишлар орқасинда умр ўтказалар.

***

Ҳар ким бўлса ҳам ўтмас матоҳини ўткуриб қолсун. Вақт келур, бозор касод бўлур, халқ молнинг яхшисини тилар, ҳар касбда ҳақиқий усталаргина қолур, бошқалар ўз чоруғини судрар ва судрашка мажбур бўлур. Шунгача-чи ўртоқ, тишни-тишга қўйиб, дамни ичка олиб, тинчкина юрмоқ керак! Аммо ҳозир бозор суриштирмайдир! Тошка ёмғур кор қилмайдир!

*   *   *

Истатистикаси бор бир миллат ойнаси бор бир қавм демакдир. Ойнангиз қўлингизда бўлса, шубҳа йўқки, дийдори шарифингиз сайхонидаги барча қинғир-қийшуқликларни кўрарсиз.

...мунавварларимизнинг асосий машғулиятлари қуйидағи режада кўрсатиладир:

Ўн беш фоиз ёшларнинг асосий ғоялари ичкулукка;

Йигирма беш фоизнинг яратилиш сабаблари ўрус ва бошқаларнинг фоҳишаларига;

Йигирма беш фоизнинг туғилиши соч ўсдириб, хина қўюб, янги мўда кийим билан бирга оқишқа;

Ўн фоизи қуруқ маҳмаданагарчиликка;

Қолған йигирма беш фоизнинг ғоялари НЭПга чин ўғул бўлмоққадир.

Бу ўрунгача ҳисоблари кўрсатилган халқ етакчиларидан бошқа яна бир дуркум оқ салла, қора кўнгил мунавварлар бордирки, инқилобдан сўнг эълони ифлос қилғанлиқларидан уларни ҳисобга олиш ва олмаслиқ "адаму вужуд" бизнингча баробардир.

***

Яхшилиққа ўрганган бир банда осонлиқ билан ўз яхшилиғини қўймайдир. А, ёмон-чи, Худо паноҳ берсун, ит суяк чайнамаса, тиши қичийдир. Хулоса, ёмон ёмонлиғини, яхши яхшилигини ташлай олмайдир. Мабодо ташласа, боши оғрийдир, кўзи чиқадир.

*   *   *

Афанди эшагини сотиш учун бозорга олиб кетаётган экан, йўлда ботқоқдан ўтаётиб думи лой бўлибти. "Шу арзимаган нарса учун харидорга хунук кўринмасин" деб эшагини думини кесиб хуржунига солиб олибти. Бозорда бир харидор: - Хўп яхши эшак экану, думи йўқ экан-да, - деган экан, Афанди унга: - Ёққан бўлса савдосини қилавер, думи хуржунда, - дебти.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo