Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

27.06.2023


МАМНУНИЯТ ИЛА ҚУРБОНЛИК ҚИЛИНГЛАР, ЗЕРО...

Инсон ва дин

Хабарингиз бор, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан дунё уламолари ва йирик фатво марказларининг хулосаларига таянган ҳолда 2023 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 28 июнь, чоршанба кунига тўғри келиши ҳақида хулоса қилинди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисга кўра: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қурбонлик куни Одам боласи қурбонлик қилишидан кўра бирор бир амал Аллоҳ таолога зиёда маҳбуб эмас. Қурбонликка сўйилган жонивор қиёмат куни ўз шохи, туёғи ва юнглари билан келади. Қурбонлик қони ерга тушишидан аввал Аллоҳ таолонинг ҳузурида хос мақомга эга бўлади. Шунинг учун мамнуният ила қурбонлик қилинглар" дедилар" (Ибни Можа, Термизий ривояти).

Шариатимизга кўра йил давомида фақат уч кун мобайнида адо этиш мумкин бўлган улуғ ибодат - қурбонликнинг ҳам ўзига хос аҳкомлари мавжуд. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан айни масалалар бўйича тақдим қилинган маълумотлар асосида энг кўп такрорланадиган савол-жавоблардан намуналар келтирдикки, бу кўпчилик учун манфаатли бўлишидан умидвормиз.

Қайси вақтда қурбонлик қилса бўлади?

Қурбонликнинг вақти - уч кундир. Улар - Зулҳижжанинг  ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи кунлари. Яъни, Қурбон ҳайитининг биринчи, иккинчи ва учинчи кунининг қуёш ботгунича.

Қурбонликнинг вақти ҳақида "Мухтасарул виқоя" китобида шундай дейилади: "Қурбонликнинг аввалги вақти, агар шаҳар жойда сўйилса - Қурбон ҳайит намози ўқилгандан кейин. Агар ундан бошқа (жума ўқилмайдиган қишлоқ) жойларда сўйилса, ҳайит куни тонг отгандан бошланади. Охирги вақти эса (ҳайитнинг) учинчи куни қуёш ботишидан озгина аввал тугайди".

Қурбон ҳайити намози ўқилмайдиган саҳро ва чўл жойларда қурбонликни Қурбон ҳайити куни тонг отиши билан сўйиш мумкин. Аммо Қурбон ҳайити ўқиладиган жойларда ҳайит намози ўқилгандан кейин қурбонликни сўйиш бошланади. Бундан олдин сўйишни бошлаш мумкин эмас. Шунингдек, ҳайитнинг эртаси куни ҳам тўлиқ қурбонлик сўйилади ҳамда унинг эртаси куни қуёш ботишидан озгина муддат олдингача сўйиш жоиз. Аммо қуёш ботиши билан қурбонлик вақти тугайди.

Қурбонлик қилишни вожиб қиладиган бойликнинг миқдори қандай ҳисобланади?

Динимизда бойлик нисоби 85 грамм тилло ёки унинг қийматидаги пул ва мол-мулкка эга бўлиш билан белгиланади.

Ҳожати аслиядан ташқари, юқорида айтилган маблағга эга бўлган эркак ва аёллар қурбонлик қилишлари вожиб бўлади. Қурбонлик қилишда маблағ бир йил ҳожатдан ортиқча бўлиб туриши ёки ўсувчи мол бўлиши шарт қилинмайди. Закотда эса маблағ бир йил ҳожатдан ортиқча бўлиб туриши ва ўсувчи мол бўлиши шарт қилинарди.

Қурбонлик нисобини ҳисобланаётганда қуйидаги нарсалар ҳожати аслиялар деб эътиборга олинади: еб-ичадиган таомлари, уч сидра киядиган кийим, яшаш жойи, уй асбоблари, касб асбоб-анжомлари, миниб турган улови, фабрика-заводларнинг станоклари кабилар. Яъни, буларнинг нархи нисобга киритилмайди.

Булардан ташқари, чорва моллари, ортиқча ҳовлилар, ижарага берилган уйлар ва машиналар, уйда ишлатилмай турадиган идиш-товоқлар, сувенирларнинг нархи 85 грамм тиллонинг қийматига етса, зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади.

Ҳозирги кунда кўп аёллар тақинчоқ ва ортиқча нарсалари ҳамда ўсмайдиган моллари ҳисобланса, нисоб соҳибига айланадилар. Гарчи закот бермасаларда, уларнинг зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади.

Агар одам намоз ўқимаса қурбон ҳайитида қилган қурбонлиги қабул бўладими?

Намоз ва қурбонлик қилиш алоҳида-алоҳида ибодатлардир. Уларнинг қабули бир-бирига боғлиқ эмас. Намоз ҳар бир балоғатга етган эркак ва аёлга фарз қилинган бўлса, қурбонлик бойлик даражасига етган кишиларга вожибдир. Лекин ўрни келганда шуни эслатиб ўтамизки, намознинг фарзлиги яна ҳам қувватли ва кунига беш марта такрорланади. Уни тарк қилиш билан бир кунда беш марта гуноҳкорлик содир бўлади. Ҳам намознинг, ҳам қурбонликнинг савобига эришиш қандай ҳам яхши!

Қассобга қурбонлик гўштидан ёки терисини иш ҳақи қилиб бериш жоизми?

Қурбонликнинг гўштидан ёки терисидан ёки унга тегишли бирор-бир аъзосини қурбонликни сўйган қассобга хизмат ҳаққи сифатида бериш мумкин эмас. Чунки Пайғамбаримиз алайҳисалом ҳазрати Алий разияллоҳу анҳуни бундай қилишдан қайтарганлар: "Қурбонлик учун сўйилган жонлиқдан қассобнинг ҳаққини берманг" (Имом Бухорий ривояти).

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, қурбонлик қилувчи қассобнинг ҳаққини ўз ҳисобидан бериб бўлгандан кейин, қассобга эҳсон сифатида қурбонликнинг гўшти, ёғи, териси каби нарсаларидан бериши жоиз. Бунда қассобга хизмат ҳаққидан ташқари ҳадя берилаётган бўлади.

Қурбонлик учун сотиб олинган ҳайвонга кейинчалик бошқалар шерик бўла оладими?

Қурбонлик қилмоқчи бўлган кишилар сигир ёки туяга етти кишигача шерик бўла оладилар. Улар сотиб олиш вақтида шерик бўлганлари каби, бир одам сотиб олгандан кейин ҳам шерик бўлишлари мумкин. Худди шундай бир киши уйида боқиб турган ҳайвонга ҳам шерикчилик қилиш жоиз (Аллома Ибн Нужайм, "Баҳрур-роиқ" китоби).

Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан сигирни етти кишидан, туяни етти кишидан қурбонлик қилардик" (Имом Муслим, Ҳаж китоби).

Сигир ёки туяни шерик бўлиб сўйганлар етти ё ундан озроқ киши бўлса ҳам, улардан бирортасининг гўштдаги насибаси 1/7 (еттидан бир)дан кам бўлмаслиги керак. Акс ҳолда қурбонлик жоиз бўлмайди. (Бурҳониддин ибн Моза, "Ал-Муҳийт ал-Бурҳоний" китоби).

Қурбонлик гўштидан бойларга ҳам берса бўладими ёки фақат фақир кишиларга бериладими?

Албатта, қурбонлик гўштидан камбағал ва фақирлардан ташқари бойларнинг ейиши ҳам мумкин. Бунга Ашраф Али Таҳонавий ҳазратлари ўзларининг "Қурбонлик аҳкомлари" китобларида Ҳаж сурасининг қуйидаги оятини далил қилиб шундай деганлар: "Аллоҳ таоло: "Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам егизинглар" деган (28-оят).

Уламолар ушбу оятдаги "Бас, улардан енглар" жумласидан қурбонлик гўштидан бойларнинг емоқлиги ҳам жоиз эканлигини истинбот қилганлар",  дейдилар.

Баданида қўтири бор жонлиқни қурбонлик учун сўйиш мумкинми?

Қўтир бўлган ҳайвон семиз бўлса, қурбонлик қилиш жоиз. Аммо қўтирлиги гўштга таъсир қилиб, ҳайвон озиб кетган бўлса, у ҳайвонни қурбонлик қилиш жоиз эмас. Шунингдек, бурни кесилиб кетган ҳайвонни ҳам қурбонлик учун сўйиш дуруст эмас ("Ал-Фатово ал-ҳиндийя" китоби).

Қулоғи ёки думига нуқсон етган ҳайвонни қурбонлик учун сўйиш мумкинми?

Ушбу аъзоларнинг учдан бири ёки ундан кўпи йўқ бўлса, қурбонлик учун сўйиш жоиз эмас. Аммо учдан биридан оз миқдори йўқ бўлса, қурбонлик қилса бўлади. Шунингдек, қулоғини учдан бирини кетказмаган ҳолда тамға ёки белги қўйилган бўлса ёки қулоқни иккига ёриб қўйилган бўлса ҳам бундай жонлиқни қурбонлик учун сўйиш жоиздир.

Иккита қулоқдаги нуқсон бир-бирига қўшиб ҳисобланадими, деган саволга уламоларимиз: "Йўқ, ҳар бир қулоқнинг ўзи алоҳида ҳисоб-китоб қилинади", деб жавоб берганлар. ("Ал-Фатово ал-ҳиндийя" китоби).

Тиши тўкилиб кетган ҳайвонни қурбонлик қилиш жоизми?

Агар тиши бўлмаса ҳам ўтлаб юришга қодир ва ем-хашагини еб юрган ҳайвон бўлса, уни қурбонлик учун сўйиш жоиз. Аммо тиши йўқлигидан бу нарсаларга қодир бўлмаса уни қурбонлик учун сўйиш дуруст бўлмайди. ("Бадоиъус саноеъ" китоби). Лекин Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳдан бўлган бир ривоятда тишсиз жонлиқни қурбонлик қилиш мумкин эмас деганлар. Шу сабабли, иложи борича тишининг кўп қисми бор ҳайвонни қурбонлик учун сўйиш эҳтиёт ва афзал бўлади.

Қурбонликка сўйиладиган ҳайвонлардан қорамол, ёши нечада бўлиши керак? Баъзан эшитиб қоламиз "Курак тиши бўлса, бўлаверади" деб, бу гап қанчалик тўғри?

Қурбонликка сўйиладиган ҳайвонларнинг ёши Пайғамбаримиз алайҳиссалом томонларидан белгилаб берилган. Бу ҳақда мўътабар фиқҳий китобларимизда шундай дейилади: "Қорамоллардан қурбонликка ярайдигани икки йилга тўлиб, учинчи йилга ўтганидир... Қурбонликка сўйиладиган ҳайвонларни бу йиллар билан белгилашдан мақсад, бу ёшдан кичик бўлган ҳайвонларни қурбонлиги дуруст эмаслигини ифода қилиш учун, ундан каттасини чеклаш учун эмас. Ҳатто бу белгиланган ёшлардан кичик ёшдаги ҳайвонлар қурбонлик қилинса, қурбонлик дуруст бўлмайди" ("Бадоиъус-саноиъ" китоби).

Чорвачилик соҳаси мутахассислари фикрича қора молларнинг олдидаги икки курак тиши ўн саккиз, йигирма ойларда чиқар экан. Ваҳоланки, қурбонликка сўйиладиган қора мол икки ёшга тўлиб, уч ёшга ўтган, яъни йигирма тўрт ойдан ошган бўлиш керак. Шундай экан агар курак тиши бор қорамолни ёши йигирма тўрт ойдан ошган бўлса, албатта қурбонлиги дуруст бўлади. Лекин йигирма тўрт ойга етмагани аниқ бўлса, уни қурбонлик қилиш дуруст эмас. Бироқ курак тиши бор қорамолни ёши, ойи ноаниқ бўлса, эҳтиётан бошқа ёши аниқ қорамолни қурбонлик қилиш керак бўлади.

Эҳсон учун олинган қўйни қурбонлик қилса бўладими? Агар бўлса, гўштини ярмини ўзига олиб қолса-чи?

Эҳсон учун олган жонлиқни қурбонлик қилса бўлади. Қурбонлик гўштини тақсимлаш қуйидагича: қурбонлик гўшти қурбонлик қилувчининг ўз мулки ҳисобланиб, хоҳласа уни ҳаммасини ўз аҳли оиласи учун олиб қолиши мумкин. Лекин, уламолар бир ҳиссасини муҳтожларга, яна бир ҳиссасини қариндош ва дўст биродарларга, яна бир ҳиссасини ўз аҳли оиласига тақсимлаб олишни мустаҳаб эканлигини таъкидлаганлар. Бунинг далили Салама ибн Акваъ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда келган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизлардан ким қурбонлик қилса, уч кун ичида ўзига бирор нарса олиб қолмай одамларга тарқатиб берсин", дедилар. Кейинги йилда саҳобалар "Эй, Аллоҳнинг Расули! Бу йил ҳам ўтган йилгидек қиламизми?" дейишди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: "(Бир қисмини) енглар, (бир қисмини) едиринглар ва (бир қисмини) ўзларингизга олиб қолинглар. Ўтган йили одамлар қийналаган эди, уларга ёрдам бўлсин дегандим", дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).

Аллома Ибн Обидин бу ҳақда шундай дейдилар: "Қурбонлик гўштини тақсимлашнинг энг афзал йўли, уч қисмга бўлиб,  бир қисмини  садақа қилиш, яна бир қисмини қариндош уруғлар ва дўсти ёрларга зиёфат қилиб едириш ҳамда яна бир қисмини ўзи учун сақлаб қолиш. Агар (оиласи катта бўлса) ҳаммасини ўзида олиб қолса ҳам жоиз" ("Раддул Муҳтор" китоби).

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

 

 

Report typo