Фототанқид
Баъзан телевизор кўриб ўтириб, таърифу тавсифда ҳаддан зиёд жўшиб кетадиган некбин журналистнинг "Бугун қишлоқ ва шаҳарларимиз орасидаги тафовут йўқолиб кетаяпти" деган гапига қулоқ соларканман, қишда йўллари ботқоқга, ёзда чангдан кўз очиб бўлмайдиган маконга айланадиган, газ, сув, "свет" чинакам ва ҳеч ечимини топмайдиган муаммо саналадиган қишлоқлар кўз олдимда гавдаланаверади.
Сиз суратда кўраётган манзаралар ҳам некбин журналист "кўрмайдиган" ўша тафовутнинг яққол тасдиғи - Қамаши туманининг Манғит қишлоғидаги 1020 хўжаликда яшайдиган 7 мингдан зиёд кишини қийнаб келаётган ҳолатлар. Кўприги бузилиб кетган чуқурликнинг нариги тарафида юзлаб хўжаликда аҳоли яшайди, бу тарафидаги умумтаълим мактабига юзлаб болалар ҳар куни шу жарлик орқали ўқишга бориб-келишга мажбур. Катталар-ку бир амаллар, аммо ёғин-сочинли кунларда бу ердан қатнашни тасаввур қилиб кўринг.
- Кўприкнинг бузилганига ўн беш йил бўлди, - дейди шу ерлик аҳоли вакили Комилжон Ҳамраев. - Сел келганда оқиб кетганлар ҳам бўлган. Шунинг учун болаларимизнинг бу ердан ўтиб-қайтишидан доим хавотирланиб турамиз. Турли ташкилотларга мурожаат қилганмиз, лекин кўриб турганингиздек натижа йўқ.
"Томчиси тиллога тенг" дея баҳоланаётган сувнинг бу ерда беқадр экани кишини ўйга толдиради. Яккабоғдан келадиган ичимлик суви қувури, айтишларича, 3 йил олдин тешилиб, шундан бери тонналаб сув ерга беҳуда сингиб кетаяпти. Аҳоли вакилларининг сўзича, қувурни таъмирлаш юзасидан қилинган шикоятлар самарасиз тугаган. Маҳалла раиси Сардор Абдуллаев эса ўзгача фикрда: унинг айтишича, қувурни "Сувоқова"дан келиб ямаб кетишган, лекин одамлар мол-ҳолга сув олиш учун тешиб кетади.
Маълум бўлишича, бу ерда сув у қадар муаммо эмас, шундай экан, катта қувурни тешиб, мол-ҳол учун чуқурликдан сув ташишнинг зарурати йўқдек.
Қўлбола симёғочлар ва бўй баробар электр симлари четдан келган кишини лол этиши табиий. Маҳалла раисининг айтишича, янги кўчиб келганлар, ўзбошимчалик билан уй қуриб олган кадастрсиз хўжаликлар электр токини шу тариқа тортишган. Умуман эса маҳаллада 100 дан зиёд янги "столба"га эҳтиёж мавжуд. Борларини эса кўриб турибсиз.
Дарвоқе, йўл. Маҳалла йўллари 10 километр атрофида бўлиб, шунинг бор-йўғи 2-3 километри асфальт қилинган экан, холос. Ўтган ва жорий йил ҳисобида 1 метр ҳам йўл асфальт тошини кўрмаган, бу яқин-ўртада кўрадиганга ҳам ўхшамаяпти.
- Раисликни бошлаганимга ҳали унча кўп вақт бўлгани йўқ, - дейди Сардор Абдуллаев. - Лекин керакли ташкилотларга, электр таъминоти корхонаси, ободонлаштириш идорасига хат билан бир неча бор чиққанман. Кўприкни эса маҳалла тадбиркори тиклаб беришни ваъда қилган.
Нима бўлганда ҳам Манғит маҳалласидаги бугунги ҳолат шундай. Берилган ваъда бажарилмаса, йўлланган хатга эътибор қилинмаса ва хатни йўллаганнинг ҳам у билан иши бўлмаса, айтарли ўзгариш юз бериши қийин. Дарвоқе, абгор манзаралар жойлашган кўча Буюк ипак йўли деб аталар экан. Тарихдан биламизки, Буюк ипак йўли ва унинг ёқасида жойлашган манзиллар ободлиги, ўз даврида зарур шароитларга эга бўлиши билан ажралиб турган. Юксак номни қабул қилишганми, унга лойиқ бўлишни ҳам ўйлаш керак-да...
Н.ХЎЖАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.