Жанубий Африка Республикаси (ЖАР)да никоҳ институтини ислоҳ қилишга, хусусан: аёлларга бир пайтда бир неча эрлик бўлиш (полиандрия) ҳуқуқи берилишига тайёргарлик кўрилаяпти. Ҳукумат шунга оид қонун лойиҳасини эълон қилган.
Мамлакатнинг амалдаги қонунчилигига кўра, Жанубий африкалик эркаклар расман бир нечта хотинни никоҳига олиши мумкин, аёллар эса бундай имкониятдан маҳрум. Ички ишлар вазирлиги тайёрлаган қонун лойиҳаси ушбу адолатсизлик(!)ни бартараф қилиш, аёллар ва эркаклар ўртасида ижтимоий тенглик ўрнатишга қаратилган.
Идоранинг ҳужжатда келтирилган изоҳида қайд этилишича, полиандрияни қонунийлаштириш қарори гендер тенгликка оид муаммоларни чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш натижаси бўлди.
"Мамлакатда мавжуд полигамия (кўп хотинлилик) аёлларга ҳам ўхшаш ҳуқуқ тақдим этилиши, уларга қонуний асосда бир неча эрлик бўлишга рухсат қилиниши талабини юзага келтиради", дея ҳужжат лойиҳасида ёзилган изоҳдан кўчирма келтиради ТАСС.
Ҳозир никоҳ ҳақидаги янги қонун лойиҳаси июнь ойи охиригача давом этадиган жамоат муҳокамасига қўйилган.
Мавзуга алоқадор: ЖАРнинг аввалги президенти Жейкоб Зума қонуний асосда тўрт хотинли бўлган.