Ижтимоий ҳимоя
2023 йил 30 апрель тарихий сана сифатида ёдимизда қолди. Шу куни ўтказилган референдумда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Конституциямизни ёқлаб овоз бергани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди. Янгиланган Бош қомусда фуқароларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топди. Шунинг учун ҳам ҳар бир ватандошимиз бу Конституцияни менинг конституциям, бахтли келажагим кафолати, деб аташга ҳақли.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 1992 йилдан буён Констититуцияга жами 15 марта ўзгартиш киритилди. Бу сафар эса ўзгаришлар кўлами катталиги сабаб ҳужжат янги таҳрирда қабул қилинди. Янгиланиш натижасида Бош қомусдаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошди. Умуман, Асосий қонунимиз 65 фоизга янгиланди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинди ва давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятларига тааллуқли нормалар 3 баробар кўпайди. Энг муҳими, Асосий қонунимизда биринчи марта "Ўзбекистон - бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат" (1-модда), деган норма белгиланди.
Ижтимоий давлат, деганда, аввало, ўз фуқароларига муайян минимал фаровонликни кафолатлайдиган давлат тушунилади. Янги Ўзбекистоннинг асосий мақсади - ҳар бир фуқарога ғамхўрлик қилиш, инклюзив ривожланиш, аҳолининг барча қатлами учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашдан иборат.
Бу жуда масъулиятли, залворли вазифа. Эътибор қаратадиган бўлсак, манаман деган давлатлар ҳам бундай вазифани уддалашни зиммасига олмаган. Бу эса юртимизда инсон қадри улуғ эканлиги, давлат сиёсати марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлашдек устувор вазифа турганини кўрсатади. Ижтимоий давлат деб эълон қилиниши давлатнинг ҳар бир фуқарога муносиб турмуш кечириши учун шарт-шароит яратиш мажбуриятини олганидир. Давлатимиз раҳбари таърифига кўра, инсон қадри - мамлакатнинг ҳар бир фуқароси учун тинч ва хавфсиз ҳаёт, фундаментал ҳуқуқ ва эркинликлар, малакали тиббий хизмат, сифатли таълим, кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя ҳамда соғлом экологик муҳит таъминланишини, муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилманинг босқичма-босқич яратилишини англатади. Демак, мавжуд ресурслар ижтимоий адолат тамойиллари асосида тақсимланади, жамиятда кучли табақаланиш авж олишига йўл қўйилмайди, энг заиф қатламлар учун ҳам сифатли таълим ва тиббиёт кафолатланади.
Муҳтарам Президентимиз Олий Мажлис палаталарининг йиғилишида таъкидлаганидек, тўрт йил аввал 23 фоиз ёки 7,5 миллион нафар аҳолимизнинг даромади камбағаллик чегарасига ҳам етмас эди. Ўтган даврда 3,5 миллион фуқаро учун даромад олиш имконияти яратилиб, камбағаллик 11 фоизга туширилди. Келгуси уч йилда уни 7 фоизга тушириш режа қилинмоқда.
Мамлакатимиз иқтисодиёти 2 карра ўсиб, 100 миллиард долларлик тарихий маррадан ошди. Келгусида аҳоли жон бошига даромадларни 5 минг доллардан ошириш, камбағаллик даражасини 5 фоизга тушириб, эҳтиёжманд аҳоли учун мустаҳкам ижтимоий суғурта тизимини жорий этиш, тиббиётга ажратилаётган маблағларни 2 баробар кўпайтириб, тиббий суғурта тизимига ўтиш ва кафолатланган тиббий хизматлар билан тўлиқ қамровни таъминлаш, йилига 150 минг квартирали янги замонавий уй-жойларни барпо этиш имконияти яратилади.
Шунга монанд, вилоятимизда ҳам бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Аҳолини қўллаб-қувватлаш дастури самарасида вилоятимизда ишсизлик даражаси 2 фоизга, камбағаллик 4 фоизга камайди. Қурилиш соҳасида фаолият олиб бораётган корхоналар сони 1 минг 114 тага кўпайди. 566 та кўп қаватли уй қурилиб, 20 минг хонадон фойдаланишга топширилди.
Ичимлик суви таъминоти даражаси 2017 йилдаги 37 фоиздан 62 фоизга етказилди. Қишлоқ хўжалигида жорий йилнинг ўзида қарийб 3 минг тонна пилла, 1 миллион 250 минг тонна дон топширилиб, белгиланган режалар ортиғи билан бажарилди.
Ижтимоий объектлар қурилишига эътибор қаратилаётганини қуйидаги рақамларда ҳам кўриш мумкин. 2017 йилда вилоятда 326 та боғча мавжуд бўлиб, қамров даражаси 13 фоиз эди. Биргина жорий йилнинг ўзида 652 та янги боғча очилди, уларнинг умумий сони 4 минг 200 тадан ошди. Натижада қамров даражаси 65 фоизга етди. 2025 йилга бориб бу кўрсаткич 4621 тага етади. 29 та янги мактаб қурилади. 264 таси реконструкция қилинади. Аҳолининг уй-жой билан таъминланганлик даражаси ҳам ошади. Келгуси йилда 6 минг хонадонли уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилади.
"Ёлғиз кекса" реестрига киритилган ўзгалар парваришига муҳтож кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш, вилоятдаги ихтисослаштирилган 2 та мактаб ва 2 та мактабгача таълим ташкилотида жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун "Ғамхўрлик гуруҳлари"ни ташкил этиш, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан, ишлаш истагида бўлган ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш борасида ҳам кенг кўламли вазифалар амалга оширилади.
Умуман, эришган ва қўлга киритилажак барча ютуқларимизда Асосий қонунимиз пойдевор вазифасини ўтаётгани айни ҳақиқатдир.
Комила КАРОМОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари, сенатор