Мазкур ярмарка Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 мартдаги “2017 йилда Халқаро саноат ярмарка ва кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ва вилоятда рақобатбардош, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, шунингдек, йирик саноат корхоналари ва кичик бизнес вакиллари ўртасида ички ва тармоқлараро саноат кооперациясини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил қилинмоқда.
Таъкидлаш ўринлики, ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида иштирок этаётган саноат корхоналари ҳамда тузилаётган шартномалар сони тобора ортиб бормоқда. Жумладан, ўтган йили ўтказилган ҳудудий саноат ярмаркасида вилоятимиздан ҳамда Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий, Сурхондарё, Самарқанд, Хоразм, Фарғона ва Бухоро вилоятларидан 350 га яқин саноат корхоналари вакиллари ва тадбиркорлик субъектлари 600 дан ортиқ турдаги маҳсулотлари билан иштирок этган ҳамда маҳсулотлар хариди ва ҳамкорликка оид қиймати 42 миллиард сўмликдан зиёд шартномалар имзоланганди.
Айтиш жоизки, ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси жорий йил 15 ноябрдан 19 ноябргача Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ”да ўтказилиши кутилаётган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг биринчи босқичи саналади. Иккинчи босқичда ҳам вилоятимиз вакилларининг фаол иштирокини таъминлаш кўзда тутилган.
Н.ХЎЖАЕВ