Тарихдан биламизки, мамлакатимиз ўтган асрнинг 90 йилини қарамликда, мустамлака тарзида ўтказди. Албатта, бу оз муддат эмас. Жиддий ўйлаб кўрсак, бир асрга яқин ҳукмфармолик қилиб, ўз ҳокимиятини ҳар томонлама мустаҳкамлаган иттифоқ шароитида бир давлатни озодлик сари етаклашнинг ўзи бўлмайди. Бироқ бу тарихий миссияни Ислом Каримов уддалади. Буни Ҳиндистон тарихида Махатма Ганди, Америка Қўшма Штатларида Жорж Вашингтон, Францияда Шарль де Голл, Туркия яқин ўтмишида Мустафо Камол Отатурк каби она халқининг миллий озодлик курашига бошчилик қилган сиймолар ҳаракатига қиёслаш мумкин.
Мустамлакачилик сиёсати устун бўлган, турғунлик кишанларига ўралашиб қолган 20 миллионлик халқнинг онгу шуурини янги туғилган чақалоқ миясидек соф, қалбидек шаффоф ҳолга келтириш учун мисли кўрилмаган фидойилик ва ўта моҳирона психологик таъсир талаб қилинишини эса барчамиз яхши англаймиз.
Буюк Йўлбошчимизнинг қатъий журъат ва ишонч билан қўйган илк қадами – СССР деб аталган таҳликали сиёсий майдонда 1989 йилда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши пролетариатчиларни бир қалқитган бўлса, 1990 йилда иттифоқдош республикалар орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда Президент лавозими жорий этилгани эса ғулғулага солди. Вужудга келган ўта оғир шароит, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий қийинчиликларга, турли тўсиқларга қарамасдан, халқимиз Ислом Каримов бошчилигида ўзининг асрий орзуси — Ўзбекистоннинг давлат суверенитети ва мустақиллиги сари қатъият билан ҳаракат қилишда давом этди.
Ниҳоят, орзиқиб кутилган сана – 1991 йил 31 августда Ислом Каримов тантанали равишда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини эълон қилди. У ўзининг том маънодаги тарихий нутқида қуйидаги фикрларни алоҳида таъкидлаганди: “Ўзбекистон раҳбарияти ҳеч қачон, қандай иттифоқ бўлмасин, ким билан иттифоқ бўлмасин, қандай шароит бўлмасин, иккинчи даражали ролга рози бўлмайди, бунга йўл ҳам қўймайди. Мустақил Ўзбекистон давлатининг сиёсати инсонийлик ва эзгулик тамойилларига асосланади”.
Ўзбек халқи ва давлатини мустабид асоратидан бутунлай халос этиш, маърифатпарвар, зиёли элимизнинг азалий ва муқаддас орзуси бўлган озодлик, эркинлик, ўзига беклик мақомини қайтариш, энг асосийси, қалбларни ларзага солувчи ҳаяжонли лаҳзаларни энтикиб кутган халқимизга давлат мустақиллигини қатъий туриб баралла эълон қилиш – бу юксак жасоратдир.
Ўзбек халқининг мустақилликка бўлган интилишини жаҳон ҳамжамияти, халқаро жамоатчилик қўллаб-қувватлади. Дунёдаги 125 мамлакат Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини дарҳол тан олди. 40 дан зиёд хорижий мамлакатлар билан дипломатия муносабатлари ўрнатилди.
Қомусимизда инсон ҳаёти, эрки, шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқлари муқаддас саналиб, давлат томонидан кафолатланди. Яъни давлат халқ манфаатлари учун хизмат қилиши белгилаб қўйилди ва шу қоидаларга мана, 26 йилдирки, қатъий амал қилиб келинмоқда. Бу ишларнинг барчаси ўзбек халқи учун тарихий жараёндир.
Халқнинг дардини англаш, ниятини уқиш, тилагини бажо келтириш кишидан синчков психологик нуқтаи назар ҳамда холис фидойилик талаб этиши маълум. Бу тил ва иш бирлигида кўзга ташланади. Ислом Каримовнинг раҳбарлик фаолиятига хос ғоят эътиборли ва ибратли фазилатлардан яна бири сўз ва иш бирлигидир. Шўро мафкураси чуқур илдиз отиб турган қалтис сиёсий муҳитда ҳам Ислом Каримовнинг ҳар бир сўзида, ҳар бир чиқишида ўз халқининг тарихи ва маданиятига, она заминига, миллий қадриятларига улкан муҳаббат туйғуси яққол сезилиб турди. Бу ҳақда гапирганда, 26 йил мобайнида халқимизнинг қалб тароватига айланган, анъанавий тус олган қадимий тарихи, бой маданий мероси, урф-одат ва анъаналарини ўзида мужассам этган, бироқ 100 йилдан ошиқ вақт давомида тақиқлаб қўйилган Наврўз байрами, Рамазон ва Қурбон ҳайитларини нишонлаш, динга ҳурмат билан муносабатда бўлишни қарор топтириш каби тадбирлар самарали йўлга қўйилганини таъкидлаш жоиз.
Шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа азиз-авлиёларимиз, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Бобур сингари улуғ аждодларимиз хотирасига нисбатан тарихий адолатни тиклаш ҳақидаги фикр-мулоҳазалар, қарор ва фармонлар, айни вақтда маърифатпарвар жадидчилик ҳаракати намояндаларининг ҳаёти ва ижодига муносабат масаласида кўп йиллардан буён давом этаётган баҳсларга оқилона чек қўйилиб, Абдулла Авлоний, Беҳбудий, Фитрат, Элбек, Абдулла Қодирий, Чўлпон сингари ижодкорлар мероси халқимизга қайтарилди.
Юксак қалб эгаси бўлган Биринчи Президентимиз Аллоҳнинг мўъжизавий хилқатларидан бири - инсонни улуғлаш, шарафлаш, унинг қадрини кўтариш, меҳнатини эъзозлаш каби умуминсоний фазилатларни халқимиз қалбига янада чуқурроқ сингдириб, энг аввало ўзи намуна бўла олди. Хусусан, мустақилликнинг дастлабки даврида, яъни 1992 йилда мамлакатимизда истибдод йилларида қарийб чорак аср етакчилик қилган фидойи инсон Шароф Рашидов таваллудининг 75 йиллигини нишонлаш ҳақидаги қарорнинг қабул қилинишини Ислом Каримов “Шароф Рашидов номини тиклаш билан биргаликда, энг аввало, ўзбек халқининг пок номи ва баланд обрўсини тиклаш мақсадимиз эди. Бугун биз шунга эришдик”, деб муқояса қилганди.
Шунингдек, “Ўтмишда яшаган инсонларнинг ҳурматини бажо этар эканмиз, бугунги кунда яшаб, мустақиллигимиз учун, халқимизнинг фаровон ҳаёти учун курашиб келаётган фидойи инсонларимизни асло унутмаслигимиз керак. Бугунги кунда Ўзбекистон келажагини яратаётган серғайрат ёшларимизни бошимизга кўтаришимиз лозим. Ватан учун жонини жабборга бериб ишлайдиган фидойи кишиларсиз Ўзбекистон келажагини тасаввур этиб бўлмайди”, деган фикрларига таянган ҳолда Биринчи Президентимиз умрининг охиригача Ватан равнақи, юрт келажаги, ёшлар тақдири, халқ ҳаёти фаровонлиги учун тинимсиз хизмат қилди. Очиқ кўнгиллилик, миллатидан қатъи назар одамларга хайрихоҳ муносабатда бўлиш, ўзгалар кулфатига ҳамдардлик ва ўзаро ёрдам туйғуси кишилар ўртасидаги муносабатларнинг меъёри ҳисобланиши, илмга, устозларга, маърифатпарварларга нисбатан алоҳида ҳурмат-эҳтиромда бўлиш каби фазилатларнинг ўзбек халқига хос эканини дунё аҳлига кўрсата олди ва ибрат бўлди.
Энг муҳими, “Мустақил Ўзбекистон давлатининг сиёсати инсонийлик ва эзгулик тамойилларига асосланади” деган дастурий ғоя бутун дунёга баён қилинди ва мана, чорак асрки, давлатимиз ана шу сиёсий принципга оғишмасдан, қатъий амал қилиб келмоқда.
Шундай экан, Ислом Каримов сиймоси ҳаётини Ўзбекистон равнақи, халқининг фаровонлиги, ёш авлод келажаги йўлида фидо қилган инсон, халқимизнинг суюкли йўлбошчиси сифатида қалбларимизда абадий муҳрланиб қолади.
Дилбар ХАЛИЛОВА,
Қарши давлат университети доценти