Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) маъмурий судларининг ташкил этилгани муҳим воқелик бўлди.
Мамлакатимизда илк маротаба давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини амалга оширишни таъминлашга хизмат қиладиган ушбу судлар оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли саналади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига кўра, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Бундан ташқари, “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги Қонун мазкур соҳани тартибга солишда муҳим ўрин тутади.
Қайд этиш керакки, Бош қомусимизнинг суд тизими белгиланган 107-моддасида маъмурий судлар ҳақида сўз юритилмаганди. 2017 йил 6 апрелдаги қонун билан мазкур модда янги таҳрирда баён қилиниб, Ўзбекистон Республикаси суд тизимида маъмурий судлар фаолият кўрсатиши белгилаб қўйилди.
Ҳозирги кунга қадар давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятларни кўриб чиқиш Фуқаролик ва Хўжалик процессуал кодексларига мувофиқ фуқаролик ишлари бўйича ва хўжалик судлари томонидан, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилаётган эди.
Шунингдек, янги фармон қабул қилингунига қадар давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги, давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги низолар умумюрисдикция (фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар), шунингдек, хўжалик судлари томонидан кўриб келинди. Хусусан, 2017 йилнинг биринчи чораги давомида хўжалик судлари томонидан кўрилган ишларнинг 47 минг 828 таси ёки 55,8 фоизи маъмурий ҳуқуқий муносабатларга оид ишларни ташкил этган. Давлат органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган 102 та ҳужжатлари ҳақиқий эмас, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) эса қонунга хилоф деб топилган. Ушбу ишлар юзасидан 63 нафар айбдор мансабдор шахсларга нисбатан тегишли суд таъсир чоралари қўлланилган.
Эндиликда ушбу тоифадаги ишлар маъмурий судлар томонидан кўрилади.
Мисол учун, давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори томонидан жаримага тортилган ҳайдовчи ўзининг ҳақлигини таъкидлайди ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги баённомада ҳуқуқбузарлик ҳолатини инкор этади. Судга ҳолатни ҳал этиб беришни сўраб, қайд киритади. Бундай вазиятда иш илгари жиноят ишлари бўйича судга бориб тушарди. Натижада судьялар анча мураккаб бўлган жиноий ишлар билан бирга маъмурий ишларни ҳам тўлиқ ўрганиши талаб қилинарди. Амалда эса бунга етарлича вақт ва имконият етмас, натижада иш охиригача синчиклаб кўриб чиқилмаслиги ҳам мумкин эди.
Маъмурий судларнинг ташкил қилиниши судларда мавжуд бўлган юқори юкламаларни камайтириш, судьяларнинг ўз фаолиятига жиддий масъулият билан ёндашишига кенг имконият яратади.
Маъмурий судлар жаҳон амалиётига тўлиқ мос келади. Бугунги кунда маъмурий судлар Италия, Франция, Германия каби ривожланган давлатларда самарали фаолият юритмоқда.
Шу билан бирга, маъмурий ишларни кўриб чиқишнинг процессуал тартибини белгилаш, давлат органлари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга оширишнинг замонавий тартиб-таомилларини жорий этишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси амалдаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини танқидий жиҳатдан таҳлил қилиш, кенг жамоатчилик муҳокамасининг натижалари, илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида тайёрланмоқда.
Ҳозирда республика бўйича 207 та маъмурий суд ташкил қилиниб, жами 262 та судьялик лавозими штатлари ажратилган, барча судлар ўз биноларига эга. Мазкур судларни етук малакали кадрлар билан тўлдириш борасида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда. Маъмурий судларга инсон ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашдек шарафли ва масъулиятли вазифа юклатилгани инобатга олиниб, уларга фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судларда тажриба орттирган малакали судьяларни тайинлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш мумкин, вилоят маъмурий суди жорий йилнинг 1 июнидан ўз фаолиятини бошлаган бўлса, қисқа вақт ичида вилоят, туман ҳамда шаҳар маъмурий судлари томонидан 2089 нафар шахсга нисбатан 1944 та иш кўриб чиқилган бўлиб, шундан 817 нафарига жарима жазоси, 44 нафарига қамоқ жазоси ва 145 нафар шахсга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, 814 нафари огоҳлантирилган, 5 та иш тугатилган, 1 та иш рад этилган бўлса, 16 та иш тегишли идораларга қайта расмийлаштириш учун юборилган.
Вилоят маъмурий суди томонидан биринчи инстанция судида кўриш учун 6 та оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий иш ҳамда 9 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш олинган бўлиб, 5 та иш сайёр суд мажлисларида мазмунан кўриб чиқилган, Китоб тумани маъмурий судидан юборилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш вилоят судида кассация инстанциясида кўриб чиқилиб, 4 нафар шахсга нисбатан суд қарори ўзгартирилган.
Бундан ташқари, вилоят маъмурий судлари судьялари томонидан жойларда муаммоларни ҳал этиш учун ҳар ойда очиқ мулоқотлар ташкил этиб борилмоқда.
Умуман олганда, маъмурий судлар фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаб, ҳар қандай мансабдор шахс хатти-ҳаракатларига қатъий ва принципиал баҳо беришда муҳим ўрин тутади.
Иброҳим АЛИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси
Бахтиёр ҚИЛИЧОВ,
вилоят маъмурий суди судьяси