Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мусо МУРОДОВ

23.05.2017


МАНСАБДОРЛАР ҲИСОБОТИ ТИНГЛАНДИ

Дастлаб вилоятда пенсия ва нафақаларнинг тўланиши ҳолати бўйича маълумотлар берилди. Унга кўра, бугунги кунда вилоятда 269 минг 912 нафар пенсия ва ижтимоий нафақа олувчи фуқаро мавжуд бўлса, уларга жорий йилнинг тўрт ойи давомида 452 миллиард сўм пенсия ва нафақа пуллари етказиб берилди. Айни пайтда 7 минг 945 нафар фуқарога  турли хилдаги пенсия ва ижтимоий нафақалар тайинланди.

- Тегишли даврда 795 нафар фуқародан пенсияга оид ариза ва шикоятлар келиб тушган бўлиб, уларнинг барчаси жойида ўрганилиб, тегишлича ҳал этилди, - дейди бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Ражабов. - Пенсионерларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида 1140 қисқа рақамли ишонч телефони ишлаб турибди, "SMS-пенсия" интерактив хизмати ташкил этилган.

Йиғилишда, шунингдек, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳам ташкилот масъули ахборот берди.

Унга кўра, вилоятда 1992 йилдан буён 4 мингдан ортиқ объект давлат тасарруфидан чиқарилган ва хусусийлаштирилган бўлса, 2014-2017 йиллар ичида тегишли давлат дастурларига асосан 105 та объект хусусийлаштирилди. 2017 йил 1 апрель ҳолатида "ноль" харид қийматида сотилган корхоналарга инвесторлар томонидан 42,4 миллиард сўм ва 3,73 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестициялар киритилди ва бунинг ҳисобидан ишлаб чиқаришни кенгайтириш тадбирлари амалга оширилиб, янги иш ўринлари яратилди.

Тадбирда галдаги мақсад-вазифалар, истиқболда кўзда тутилган лойиҳаларга атрофлича тўхталиб ўтилди.

Кун тартибидаги учинчи ҳисобот вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси мутасаддиларининг тадбирга келмагани сабабли эшитилмасдан қолди. Шунга мувофиқ, бу ҳақда халқ депутатлари вилоят Кенгашига маълумот киритилиши белгиланди.

Йиғилишда, шунингдек, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда депутатларнинг фаол иштирокини таъминлаш, аҳолини ўйлантираётган муҳим масалаларга ечим топиш, давлат дастурлари ижроси юзасидан депутатлик назоратини олиб бориш бўйича ишларни янада такомиллаштириш лозимлиги қайд этилди.

Мусо МУРОДОВ

Report typo