Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мусо МУРОДОВ

04.07.2017


МАНСАБДОРЛАР ҲИСОБОТИ ТИНГЛАНДИ

Унда депутатлик гуруҳлари иш режасига мувофиқ вилоят фермерлар кенгаши, вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳамда “Сувоқова” бошқармалари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари эшитилди.

Дастлаб жорий ўқув йилида умумтаълим мактабларини тамомлаган  битирувчиларни таълимнинг кейинги босқичига қамраб олиш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди. Унга кўра, айни пайтда 9-синфни битирган 48910 нафар ўқувчини қизиқиши ва галдаги мақсадларига мувофиқ академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига тўлиқ қамраб олиш жараёни белгиланган тартибда ташкил этилмоқда.

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 майдаги “2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарорига кўра, вилоятдаги 3 та таълим муассасаси қайта ихтисослаштирилди, - дейди вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар  таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Рашид Тўйчиев. - Қарши давлат университети қошидаги 4-академик лицей Қарши хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига, Деҳқонобод ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига, Кўкдала ижтимоий-иқтисодиёт ва педагогика касб-ҳунар коллежи Чироқчи педагогика ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига айлантирилди. Шунингдек, меҳнат бозоридаги реал талаб ўрганилиб, 61 та таълим муассасасида 39 та касб бўйича қўшимча мутахассислар тайёрланадиган бўлди.        

Йиғилишда, шунингдек, кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолиятини изчил ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан вилоят фермерлар кенгаши бўлим бошлиғи Р.Назиров, вилоятда сув ресурсларидан унумли фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, сув ҳавзалари хавфсизлигини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар бўйича вилоят “Сувоқова” бошқармаси бош муҳандиси Б.Мирзаевнинг ҳисоботи тингланди. 

Ҳисоботларда келтирилган маълумотлар асосида депутатларнинг  назорат-таҳлил фаолиятини кучайтириш, белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда депутатлик сўровидан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Тадбир савол-жавоб руҳида ўтди.

 

Мусо МУРОДОВ

Report typo