Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мусо МУРОДОВ

08.06.2017


МАНТИҚСИЗ МУРОЖААТЛАР

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон  Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил этилди ва бугун улар фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва холисона ҳал этишга хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, бугун амалиётда қўлланилаётган мурожаатлар билан ишлашнинг мутлақо янгича, халқона усули яхши натижа бераяпти. Аҳоли кўтариб чиқаётган муаммолар самарали ҳал этилиб, йиллаб четда қолдирилган ариза ва шикоятлар, ўз ечимини топмаётган масалалар белгиланган тартибда холислик тамойиллари асосида кўриб чиқилаяпти. Ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолаётгани йўқ.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилоят Халқ қабулхонасига 2017 йилнинг 2 июнь ҳолатига кўра 9826 та мурожаат келиб тушган.

- Ариза ва шикоятларнинг 2133 таси қаноатлантирилган, - дейди  Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилоят Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси Давлат Имомов. - 5543 таси бўйича асослантирилган ҳуқуқий тушунтириш берилган, 1761 таси эса тааллуқлилиги бўйича тегишли давлат ва бошқа хўжалик органлари томонидан кўриб чиқилмоқда. 389 та мурожаат талаби нотўғри бўлгани боис рад этилган. Уларнинг орасида анонимлари ҳам бор.

Фуқаролар мурожаатлари ҳар томонлама таҳлил қилинар экан, уларнинг юзага келиш сабаблари ҳам чуқур ўрганилади. Бу жараёнда айрим мутасадди раҳбарлар ўз вазифасига лоқайдлик ва масъулиятсизлик билан ёндашгани аниқланса, баъзи ҳолларда фуқароларнинг ўзлари уқувсизлиги боис мантиқсиз мурожаатлар йўллашаяпти.

Келинг, фактларга мурожаат қиламиз. Қарши шаҳрилик Ойсанам  Хонкелдиева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўз мурожаатида қайд этишича бир одамни ўғриликда, ўзини ҳақорат қилиб, роса урганликда айблаб, судга берган. Суд ишни кўришни маълум кунга белгилаган бўлса-да, аёл бунга сабри чидамаган, кутишни хоҳламаган, Халқ қабулхонаси ходимларидан ишни унинг фойдасига тезроқ ҳал қилиб беришни талаб қилган.

Қарши шаҳрилик бир онахоннинг мурожаатида қуйидаги қайдлар бор: “Ёлғиз қизим билан яшайман, пенсиям ҳисобига бир амаллаб рўзғор тебратиб турибмиз. Яшаб турган уйимиз жудаям абгор ҳолатда. Деворлари захлаб, поллари чириб кетган. Эрта бир кун нураб кетса, остида қолиб кетишимиз ҳеч гапмас. Илтимос, ё янги уй олишга ёки уйимни таъмирлаб беришга ёрдам берсангизлар”.

Ана шу юзасидан ўрганиш тайинлангач, онахоннинг бир қизидан ташқари тадбиркорлик билан шуғулланадиган ўзига тўқ уч нафар навқирон фарзанди бор экани маълум бўлган. Қаранг, оиланинг қорни тўқ, усти бут, уйи ҳам бинойидек. Ҳеч нарсадан ками йўқ.

- Яшаб турган уйимни тортиб олишаяпти, илтимос, ёрдам беринглар, - деб мурожаат қилган яккабоғлик эллик ёшлардаги Хонзода  исмли бир аёл.

Жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар, шаҳар ва туманларда  фаолият юритаётган Халқ қабулхоналари аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишларини эшитиш, муаммоларини тезкорлик билан шу ернинг ўзида ҳал этишга кенг имконият яратмоқда. Бу ўхшаши йўқ тизим сифатида аҳоли учун жуда катта қулайлик бўлди. Аммо баъзилар, муаммоси бўлмаса-да, бир синаб кўрай-чи қабилида иш тутиб, жўрттага мурожаат қилишади. Шундайлардан бири Қарши шаҳрилик Холнисахон Азимбетова. У Халқ қабулхонасига мурожаат қилиб, уйидан то “маршрутка” қатнайдиган йўлгача узоқ масофа босиб, бир неча ҳовлидан айланиб ўтишини, бу унга қийинчилик туғдираётганини айтиб, тўғри йўл очиб беришларини сўраган. Мурожаатни ўз вақтида ўрганишга киришилди. Маълум бўлишича, лойиҳа бўйича тўғри йўл қолдирилган, бироқ одамларнинг ўзбошимчалиги туфайли у ҳовлиларга қўшиб олинган. Шундай ҳовлилардан бири ариза ёзган аёлга қарашли экан.

Мурожаатлар орасида ўзининг эмас, халқнинг дарди-ташвишини кўзлаб ёзилганлари ҳам оз эмас. Масалан, Косон тумани Пудина қишлоғи аҳолиси шу ердаги деҳқон бозорини таъмирлашда ёрдам беришларини сўраган. Ўрганишлар натижасида бозорни таъмирлаш 2018 йилги дастурга киритилди. Косонлик бир қария тумандан Қарши шаҳрига қатнаб ўқийдиган талабалар учун автобус қатновини йўлга қўйишда амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган. Бу масала қисқа вақт ичида ўз ечимини топди. Ҳозирда Қарши-Косон йўналишида автобус қатнови йўлга қўйилган.

Умуман, вилоят халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар таҳлил этилганда уларнинг аксарияти якка тартибда уй-жой қуриш учун ер ажратиш, табиий газ, электр таъминоти, тоза ичимлик суви ва коммунал тўловларни ҳисоблаш масалалари, мулкий низолар, ажрим, фирибгарлик, оила-никоҳ, иш билан таъминлаш ва шу каби ижтимоий соҳага оид масалалар эканлиги кўзга ташланади. Албатта, уларнинг ҳар бири эътиборда.

Мусо МУРОДОВ

Report typo