Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • “МАРД ЎҒЛОН” ДАВЛАТ МУКОФОТИГА ҚАШҚАДАРЁДАН ҚУТҚАРУВЧИ ВА ТАЛАБА САЗОВОР БЎЛДИ

Ўз мухбиримиз

30.06.2022


“МАРД ЎҒЛОН” ДАВЛАТ МУКОФОТИГА ҚАШҚАДАРЁДАН ҚУТҚАРУВЧИ ВА ТАЛАБА САЗОВОР БЎЛДИ

Қашқадарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш бўлими қутқарувчиси Журабек Қобилов ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг 4-босқич талабаси Анвар Рахматов “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди.

Давлатимиз раҳбари томонидан куни кеча имзоланган қарорга мувофиқ, жорий йилда ҳам фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт, санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган 28 нафар иқтидорли йигит “Мард ўғлон” давлат мукофоти совриндори бўлди.

Ҳужжатда, шунингдек, тақдирланганларга тантанали вазиятда совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари топшириб, ҳар бирига  базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (яъни 15 миллион сўм) миқдорида пул мукофоти берилишини таъминлаш вазифалари ҳам қўйилган.

Қарор матнида қайд этилганидек, у мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаоллик кўрсатиб, ўзининг билим ва иқтидори, интилувчанлиги ва ташаббускорлиги, ҳалол ва самарали меҳнати билан Ватанимиз тараққиётини юксалтириш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва унинг халқаро нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқараш ва юқори салоҳиятга эга, халқ манфаати ва юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган фидойи ва мард ўғлонларимизни муносиб рағбатлантириш мақсадида қабул қилинган.

Шу ўринда эслатиш жоизки, “Мард ўғлон” давлат мукофоти Президентнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ таъсис этилган бўлиб, ҳар йили 30 июнь – Ёшлар куни арафасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 2 нафардан вакилларига топширилади.

Ўз мухбиримиз

Report typo