Тадбир Президентимизнинг 2018 йил 13 январдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди. Шу муносабат билан вилоят мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктига йигитларнинг ота-оналари, дўстлари, шунингдек, соҳа фахрийлари, жамоатчилик вакиллари таклиф қилинди. Тадбирда сўз олганлар мард ўғлонларнинг юртимиз сарҳадларини ҳимоя қилишдек ишга бел боғлаганини шарафлашди ва уларнинг хизматни аъло даражада ўтаб, ёруғ юз билан уйга қайтишига тилакдош бўлишди.
Илк бор эгнига ҳарбий либос кийган, кўзларида ўт, шижоат чақнаб турган бу йигитларни кўриб, Ватан ҳимояси ишончли қўлларда эканига шубҳа қилмайди киши. Уларнинг йигитлик бурчини адо этишдек эзгу орзуси рўёбга чиқмоқда. Бўлажак посбонлар бу йўлда турли синовлардан муваффақиятли ўтишди, ўз билим ва жисмоний имкониятлари билан ҳарбий хизматни ўташга муносиб эканини намойиш этишди.
- Армияга чақирув олган кунимдаёқ хурсандлигим ичимга сиғмасди, - дейди муддатли ҳарбий хизматга чақирилган китоблик Хуршиджон Халилов. – Шу вақтдан қатъий тайёргарликни бошладим. Жисмоний машқларга зўр бердим, билимимни оширдим. Натижада синовлардан муваффақиятли ўтиб, мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафида хизмат қилиш бахтига муяссар бўлдим. Бундан барча қувонди. Аввало ота-онам. Уларнинг оқ фотиҳасини олдим. Ишончларини албатта оқлайман.
Тадбирда хизматга отланган ўғлонларга махсус тайёрланган эсдалик совғалари топширилди. Кузатиш маросими муносабати билан дастурхон ёзилди.
М.ШУҲРАТОВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.