- Шерхон, сизнинг чекингизга Муҳаммад Юсуф билан мулоқотда бўлиш тушди, - деди бош муҳаррир. - Мақсад суҳбатлар орқали мустақиллик, унинг моҳияти, қадр-қимматини очиб бериш. Бинобарин, истиқлол куйчиси Муҳаммад Юсуф назмида ҳам озодлик, эркинлик, ватанпарварлик туйғулари баланд пардаларда куйланади.
Мажлисдан сўнг шоирнинг уйига қўнғироқ қилдим. Бахтни қарангки, гўшакни ўзи кўтарди.
- Муҳаммад ака, сиз билан суҳбатлашмоқчи эдим, мулоқотимиз газетанинг келгуси сонида чоп этилиши режалаштирилган. Қачон сиз билан учрашиб, суҳбатлашсак бўлади, - дедим мени диққат билан тинглаётган шоирга.
- Бўпти, ҳозир келинг. Уйимни биласиз, - деди Дархондаги манзилини яна бир бор тушунтириб.
Вақтни бой бермай, Муҳаммад аканинг уйи томон ошиқдим. Шундоққина Ҳамид Олимжон метроси бекати яқинида жойлашган эди бу қутлуғ хонадон.
Шоир мени ҳар галги қадрдонлардек қарши олди.
- Куни кеча ойнаи жаҳон орқали Сиз ва бир гуруҳ зиёлиларнинг давлат раҳбари билан учрашувига кўзим тушди, - дедим халқ шоирига юзланиб.
- Ҳа, Президентимиз Тошкентда бўлиб ўтган "Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон" ёшлар фестивалида нега қатнашмаганим билан қизиқдилар. Мен бу пайтда Фарғонада ижодий учрашувда эдим-да.
- Бу фестивалда Сизнинг "Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон" қўшиғингиз бутун ўйингоҳни ларзага солди. Барча-барча бутун вужуди билан юрт байроғини қўлга олиб, ушбу қўшиқни куйлади, - дедим шоирга ўзим кузатган манзарадан ҳикоя қилиб. - Аммо сиз бўлганингизда бунданда бошқачароқ бўлармиди?
Муҳаммад ака ижодий учрашув таассуротлари билан ўртоқлашар экан, яна мавзуни мустақил Ватан ва унинг рамзларига қаратди.
- Биласизми, мадҳиямиз янграганда фақат қўлни кўксига қўйиб, тинглаш кифоя эмас. Унинг ҳар бир сатрини юрак-юракдан куйлаш керак. Токи, юрак сел бўлсин.
Ватанпарварлик нима ўзи? Фақат мен Ватанни севаман дея, кўкракка уришми? Йўқ-йўқ, Ватанпарварлик бу - юрт тупроғини, байроғини кўзига суртиш. Мадҳиясини сўзма сўз, нуқта вергулигача билиш, Конституциясига қатъий амал қилиш. Ватанпарварлик бу - диёрини қумидан тошигача, сувидан тупроғигача севиш, - деди шоир куюнчаклик билан.
Бу сафар ҳам шоир билан суҳбатимиз узоққа чўзилди. Очиғини айтсам, у билан қанча гаплашсангиз ҳам камдек туюлар, зерикиш нималиги билинмас, у ҳар томонлама чуқур билимга эга эди. Айниқса, Ватан тарихини мукаммал билиши яққол сезилиб турарди.
- Муҳаммад ака, Сиз XXI аср ёшларидаги қандай хусусиятларни кўпроқ қадрлайсиз?
- Бугун мамлакатимизнинг катта ютуғи, менимча ўзи учун эмас, кўпроқ она Ватани қадр-қиммати, обрўси учун ёниб яшаётган ёшларни тарбиялашга киришганидир. Мард ва танти ўзбек фарзандининг олий хусусияти - ҳеч қачон мол-дунё изидан қувмайди. Бойликнинг қулига айланмайди. Ягона мақсади - миллатнинг юзини ёруғ қилишдан иборат. Менинг ёшларга айтадиган битта гапим бор: "Энди, укаларим, қўл қовуштириб, ҳадиксираб, қўрқиб ўтирадаган замонлар ўтиб кетди. Одамзод дунёдан ўтгандан кейин ундан фақат яхши ном қолади. Биздан эса озод ва обод Ватан, тинч ва фаровон ҳаёт қолиши керак-да".
Шоир гапирганда унинг ҳар бири сўзи юрак қаъридан вулқондек отилиб чиқаётгани юз-кўзидан акс этарди.
- Сизга айтсам, кўпчилик мустақилликни осмондан тушган деб ўйлайди. Гўёки шундай бўлиши керак эди, - дейди Муҳаммад Юсуф саволомуз нигоҳимга тикилиб. - Қайси бирини айтай, мустақиллик эрксевар аждодларнинг қони эвазига қўлга киритилган. Мазкур қутлуғ қадам миллатни асраб қолиш ва қудратига қудрат қўшишнинг дебочаси эди.
Муҳаммад Юсуф узоқ ўйга толди. Балки унинг кўз ўнгида истиқлол курашчилари - аждодлар жасорати гавдалангандир. Шоирнинг ўзи яна сукунатни бузди:
- Инсонда юрак деган анотомик жисм бор. Юрак нафақат инсонда, балки ҳайвонларда ҳам мавжуд. Аммо ҳаммада ҳам қалб, дил, руҳ бўлавермайди. Қалби, дили, руҳи, орияти ва эътиқоди бўлган одам мустақиллик қадрини билади, она юрти равнақи учун астойдил меҳнат қилади. Ўз ташвишига ўралашиб, халқ билан заррача иши бўлмаган инсоннинг жамиятга кераги йўқ. Содда қилиб айтганда, жамиятнинг ҳар бир онгли аъзоси миллат ва мамлакат тақдирига масъулдир. Мамлакатнинг шаъни-шукуҳи унинг мустақиллиги ва тараққиёти билан ўлчанар экан, инсоннинг ҳам инсонлиги озод ва эркин, фаровон юртда яшаши билан белгиланади.
Шоир ҳақ. Эркин ва фаровон юртда яшашга нима етсин. Унинг ўзи ҳам истиқлолни, мустақил юртни чин дилдан суяр, бу муҳаббат ҳар бир сатрга кўчар эди.
Муҳаммад акани охирги марта ҳам Мустақиллик майдонида ёш ижодкорлар даврасида учратдим. У билан саломлашар эканман, суҳбат жараёнида ёшлар ҳақида билдирган фикрлари бот-бот ёдимга келаверди. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида раҳбарнинг ёшлар билан ишлаш бўйича муовини бўлгани учунми, мулоқотларда у киши тез-тез ўзбек ёшлари ҳақида гапириб қоларди:
- Биласизми, ёшларимиз жуда билимли. Улар истаган тилда гаплашиб, компьютерни сайратиб юборишади. Дарҳақиқат улар ўзлаштирган билимлар миллат равнақига хизмат қилади. Лекин гап шундаки, биз бутун мамлакат ёшларини уйғотишимиз керак. Улар "XXI аср - Ўзбекистон асри бўлади. Ақл-заковат билан дунёни лол қолдирамиз. Мамлакатимизни ҳеч кимга бермаймиз" деб яшашсин...., - деди ўшанда ёшларни илм исташга, ҳамиша олға юришга, Ватанпарвар бўлишга даъват этган миллатпарвар шоир. ...Гапнинг ўғил боласини айтганда, бизнинг ёшларимизнинг ҳеч кимдан кам жойи йўқ.
- Аммо, ёшлар ҳақида гапирганда, бир оғриқли жиҳат эсга тушади, - дея чуқур хўрсинди шоир.
- Гарчи миллий ғурур ва миллатга фидойилик ҳақида тўлиб-тошиб ёзсак-да, баъзиларимиз оиламизда фарзандларимизга ватанпарварлик туйғуси ҳақида лом-мим демаймиз. Ахир тарбия оиладан бошланмайдими? Турмуш ташвишлари деймизу, уйимизга меҳмондек келиб кетамиз. Хўш, боламизга тарбияни биз бермасак, ким у билан шуғулланади? Етти ёт бегоналарми? Демоқчиманки, асосий бурчимизни унутиб қўяяпмиз.
Шундай эмасми? Гоҳида жажжи болаларимиз Жалолиддин Мангубердию Таробий, Куброю Амир Темур ҳақида қизиқиб сўрашса, "ўзинг ўқиб ол, домланг ўргатсин" деб жеркиб берамиз. Аслида биз ота-оналар эрксевар аждодлар жасорати орқали мустақиллик мазмун-моҳиятини болаларимизга чуқурроқ тушунтириб берсак, қўлига китоб тутқазсак айни муддао бўлади. Керак бўлса, озодлик тушунчаси она алласи ва сути билан бола қонига, вужудига кирсин. Ана шунда метин миллат пайдо бўлади, жипс халқ пайдо бўлади, сувда чўкмайдиган, ўтда ёнмайдиган, ўқ ўтмайдиган мустаҳкам қўрғон пайдо бўлади.
Баайни ҳақиқат. Шоирнинг ушбу фикрлари бугун ҳам долзарб аҳамиятга эга.
Муҳаммад Юсуф билан хайрлашиб, суҳбатни тайёрлагани яна таҳририятга йўл олдим. Аммо унинг суҳбат жараёнидаги самимияти ва иссиқ истараси бир умр кўз ўнгимда қолди.
Шерхон ҚОРАЕВ,
"Нишон тонги" газетаси бош муҳаррири