Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

27.05.2020


МАРДИКОРНИ КИМ ЎЙЛАЙДИ?

Икки ойга яқинлашдики, аҳоли карантин муддатини ўтаяпти. Айрим жабҳаларда бироз юмшатиш жорий қилингани билан кўп соҳаларда иш вақтинча тўхтаб турибди. Карантин эса осон ўт(аёт)гани йўқ: моддий қийинчиликлар, боз устига нарх-наводаги ўзгариш кўп оилаларни боши берк кўчага бўлмаса ҳам мушкул вазиятга тушириб қўйгани рост.

Мисол учун, турли ҳудудлардан вилоят марказида ишлаб кетадиган мардикорларни олайлик. Уларнинг доимий даромад манбаи бир марталик ишлардан эди ва туманлараро, вилоятлараро йўллар ёпилиши билан мардикорларнинг ризқи қийилди. Қолаверса, карантин шароитида уйда, бирор объектда бировни ишлатишнинг ўрни ҳам эмасди.

Яқин кунлардан эътиборан, вилоят коронавирусдан холи "яшил" ҳудуд сифатида эътироф этилиши ортидан "Қарши" чойхонаси атрофидаги "мардикор бозори" ҳам анча қизиб қолди. Мардикорларни тушуниш мумкин, уларга пул керак, аммо ҳар куни        40-50 чоғли одамга иш топилаётган экан, демак, аҳолида, турли субъектларда ҳам улар хизматига эҳтиёж бор.

Масаланинг яна бир жиҳати борки, мардикорларнинг бир жойда жамланиб туриши, аввало, карантин қоидаларига тўғри келмайди. Қолаверса, ишга олиб кетадиган кишилар уларнинг ҳар бирининг тана ҳароратини ўлчаб ўтирмайди, касалми, соғми, билмайди.

БИЗ, МАРДИКОР БОЗОРИНИ ТАРҚАТИБ ЮБОРИШ КЕРАК, ДЕГАН ФИКРДАН ЙИРОҚМИЗ.

Айтмоқчи бўлганимиз шуки, айнан шу - мардикорлар тўпланадиган жойда бир вақтлар Қарши шаҳар вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш бюроси тузилган, ҳудуд ўраб олиниб, гўёки зарур шароитлар яратилганди. Савол туғилади: ҳозир қани улар?

"Мижоз" кутаётган кишилардан бири карантин бўлгани учун бу ер ёпиқлигини, "участковий" келиб бу ерда тўпланмасликни айтганини билдирди. "Участковий"ни тушуниш мумкиндир, бу тоифадагилар ортиқча бош оғриғи кўпайтиришни хоҳламайди, лекин бюродагилар лоақал ўз вазифалари ҳақида ўйлаб кўришса бўлади-ку.

Мардикорга иш, пул керак - буниси аниқ. Уни ёллайдиганларга иш кучи керак - бунисиям кўриниб турибди. Талаб ҳам, таклиф ҳам бор. Шундай экан, бюро ходимлари қаерга биқиниб олишган? Карантин баҳона эмасми ўзи уларга?

Хўп, бюродагилар келди ҳам дейлик. Нима каромат кўрсатади улар? Уларнинг каромати шу бўладики, аввало, иш излаётганларнинг соғлиғи ҳолатидан келиб чиқиб, муносиб иш топиб беради, ёлловчиларга саломатлиги кафолатланган ишчи таклиф этади, ўз навбатида мардикорларни "участковий"нинг зуғумидан ҳимоя қилади. Шунда сих ҳам, кабоб ҳам куймайди.

Ҳар ҳолда мардикорлар ҳам уйда ётавериб зерикканидан эмас, пул топиб оиласини боқиш важидан, ўзини хатарга қўйиб бўлса-да, ризқ излаб чиқишган. Шаҳар ҳокимлиги ва бандлик бошқармасидагилар бу ҳақда жиддий ўйлаб кўришлари керак. Уларни тарқатиб, уй-изига қайтариб юборган билан масала ҳал бўлиб қолмайди...

НАСРИДДИН

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo