Йиллар ўтиб, замон тараққий этиб бораётган бўлса-да, номи ва моҳияти ўзгаришсиз қолаётган мардикор бозори манзарасига қараб тураркансан, қатор саволлар туғилади кишида: хўш, бундай “бозор” юзага келишига сабаб нима? Нега у замон билан ҳамқадам эмас?
Саволга жавобни мижозлар нуқтаи назаридан изласак, аввало, бундай жойдан керакли ишчи кучини топиш осонроқ. Қурувчими, бузувчими, юк туширадиган дейсизми, ортадиганми, ер ағдарадигану том шувайдиган, ҳамма-ҳаммаси шу ерда йиғилган бўлади. Келасиз, кўрасиз, маъқул келса, савдо пишса, хоҳлаган кишингизни олиб кетаверасиз. Шунинг учун “бозор” замонавийлашадими-йўқми, мижозга фарқи йўқ. Унга арзон ишчи кучи керак.
Мардикорларнинг ўзи эса яхши ва янги шароитларни истайди. Аммо буни ким қилиб беради? Тирикчилик кўйида ҳар жойдан йиғилиб келган одамларнинг бошини бирлаштириш, ўртага пул ташлаб қандайдир шароитлар ҳозирлашнинг эса имкони йўқ: чунки мардикорлар тўпланиб турган жойни ҳеч ким уларга хатлаб бермаган, қонуний чора кўраман деса, бир зумда уларнинг қадамини бу жойдан узиш мумкин.
Шунинг учун мардикор бозори азалдан қандай бўлса, шундайлигича турибди. Серқатнов йўл ёқаси, машиналар, уни ўраб олган одамлар тўдаси... Ёзги таътилдан “унумли” фойдаланишга уринган ўсмир ҳам, ёши ўтиб қолган кишилар ҳам бор улар орасида. Аксари уринган кийимда, қўлида иш қуроллари, ишчи кийими солинган пакет...
Соат ҳали тўққиз бўлмай туриб, кун қизиб ҳаммаёқни ёндираман дейди. Кўпчилик йўл ёқасидаги реклама баннери соясига тиқилиб олган. Пиёдалар йўлакчасидан (!) “Қарши” чойхонаси тарафга ўтаётган машиналар нақ уларнинг устига қараб юриб қолади. Доимий ўтирадиган жой бўлмагани сабаблими, мардикорлар бунга деярли эътибор беришмаяпти. Албатта, бу ердаги шароитни яхши деб бўлмайди. Шундай экан, шу жойга келиб, иш излаш ўзини оқлайдими? Мардикор бир кунда қанча топади ўзи?
- Одатда 40-50 минг, иш яхши бўлиб қолса, 80 минггача боради, - дейди ўзини Бахтиёр деб таништирган йигит. – Қиш пайти унча иш бўлмайди. Мана ҳозир, эрталаб бориб цемент тушириб келдик. Озроқ дам олиб, кейин яна бирор жойга кетамиз. Энди, мардикорнинг иши шу-да.
Бир қарашда мардикорнинг даромади у қадар ҳам ёмон эмас. Ҳар куни ишга чиқиб турса, бир ойда 1 миллион 200 минг – бир ярим миллион сўм бор дегани. Бордию ҳафтанинг бирор кунида дам олса (ҳар ҳолда иш қизийдиган шанба ё якшанбада эмас), бу суммадан 200 минг чегириб ташланади. Қорин тўйдириш учун эса камида 5-6 минг харажат қилишга тўғри келади. Чунки “Мардикорнинг еган-ичгани текин” деган ақидалар эскириб бораяпти. Қолаверса, ҳар куни ҳам иш топила қолмайди.
Энди ҳисоблаб кўрайлик: бу ердагиларнинг кўпи Қамашидан келиб-кетса, ҳар куни 10 минг сўм йўлкира учун сарфлайди, бу ойига 300 минг сўм дегани, тамаддига, дейлик, 100 минг. Демак, қўлда “тоза” қоладигани 1 миллион сўмнинг нари-берисида.
Албатта, бу пул билан рўзғорни юритса бўлади, бироқ бу осонми?! Йўлнинг ёқасида қадрсиз бир ҳолда турасиз, бир мижозга ўн-ўн беш киши бўлиб ёпишасиз, омадингиз чопса, иш бор, бўлмаса, қуёшнинг тиғида, соя қидириб кунни кеч қиласиз. Меҳнат муҳофазаси, касаба уюшмаси, иш стажи деган гапдан дарак йўқ. Шундай экан, ким ҳам уларни ҳимоя қиларди? Наҳотки мардикор масаласига замонавий тарзда ёндашишнинг имкони бўлмаса? Ахир, қайси асрда яшаяпмиз?
Шулар ҳақида ўйларканман, шундоққина ўша манзилда - йўл ёқасида жойлашган, атрофи панжара билан ўралган чоғроқ майдон эътиборимни тортди. Айтишларича, мардикор бозори келгусида шу ерга кўчаркан.
- Бир муддат илгари шу ерга ҳам кириб ўтирдик, - дейди Шербўта Жўраев. – Меҳнат биржаси бўлади, дейишди. Лекин соя жой йўқлиги учун ҳамма қайтиб чиқди. Тўғри, ўтиришга жой бор, лекин ҳеч қайси мижоз буёққа кириб келмайди. Бошда “кран”дан сув келиб турганди, кейин уни ҳам ёпиб ташлашди.
Дарҳақиқат, бир қарасанг, “стоянка”га, яна бир қарасанг, бозорчага ўхшаб кўринадиган бу чоғроқ майдон қай мақсадда бино қилинган ўзи?
Маълум бўлишича, бу жой Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тузилмасида филиал шаклида ташкил қилинган вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш бюроси экан.
Вилоят бандлик бошқармаси бўлим бошлиғи Жуманазар Бозоровнинг айтишича, айни пайтда мазкур бюро ўз ваколати доирасида фаолият кўрсатаяпти, худди шундай хизматлар яна Шаҳрисабз ва Чироқчи туманларида ҳам кўрсатилмоқда, яъни фуқароларга кунбай иш топишда кўмак берилаётир. Фақат бошқармада бунинг учун алоҳида штат ажратилмагани сабабли қилинган ишлар ҲОЗИРЧА рўйхатга тушмай турибди.
Энди бир савол туғилади: агар бюро ўз ишини кўнгилдагидай олиб бораётган бўлса, унга ажратилган майдон нега ҳувиллаб ётибди? Бюро ходимлари қаерда? Иш изловчилар нега у ерда эмас?
Ваҳоланки, шаҳарга иш излаб келувчиларнинг бир қисми юқорида тилга олинган манзилда, яна бир қисми Насаф кўчасининг марказий деҳқон бозори яқинидаги қисмида сочилиб юришибди. Бюро эса ҳеч қандай фаолият билан шуғулланаётгани йўқ. “Ундоқ-бундоқ” деган гаплар фақат гап, холос, амалда ҳеч нарса йўқ. Бироқ бюро зиммасига юкланган вазифаларга назар соларкансиз, уларнинг амалда рўёбга чиқиши кўп муаммоларни ҳал этишига амин бўласиз.
Масалан, қарорда айтилишича, вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш бюросининг асосий вазифалари сирасига вақтинчалик бир марталик ишларга ёлланишда фуқароларга кўмаклашиш, касб-кор тайёргарлиги, ўз ишини ташкил этиш ва юритиш масалалари бўйича маслаҳат ва касбга йўллаш хизматлари кўрсатиш, вақтинчалик бир марталик ишларни бажариш учун фуқароларни ёллашда иш берувчи хусусий шахсларга кўмаклашиш, иш изловчи фуқароларни кенг хабардор қилиш учун хусусий иш берувчилар томонидан бериладиган иш турлари тўғрисидаги маълумотлар банкини шакллантириш, манфаатдор иш берувчилар ва вақтинчалик бир марталик иш изловчи шахслар иштирокида бўш иш ўринлари ярмаркаларини мунтазам равишда ўтказиш, бундай фуқаролар учун зарур ижтимоий-маиший шарт-шароитлар яратиш, овқатланиш шохобчалари ташкил этиш ва ҳоказолар киради.
Қоидага кўра, бюронинг иш вақти соат 6:00 да бошланади, ишни тугатиш вақти соат 16:00. Бюро дам олиш кунларисиз ишлайди.
Хўш, бюро ходимлари ойликни қаердан олади? Улар меҳнатига ҳақ тўлаш туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан амалга оширилади.
Энг асосийси, бюро вақтинчалик бир марталик иш қидираётган фуқароларга, шунингдек, иш берувчи хусусий шахсларга бепул хизмат кўрсатади.
Тасаввур қилингки, “Қарши” чойхонаси ёнидаги бюро. Иш изловчилар бир тараф, ёлловчилар бир тараф. Алоҳида бир хонада эса бюро ходимлари. Ишчи кучи зарур одам бемалол кириб келади (атрофини 15-20 одам ўраб олмайди), тўғри бориб бюро ходимига учрашади. Ходим эса зарур касб эгасини, хизмат кўрсатиш нархини маълум қилади. Энг муҳими, ёлловчи учун кафолат бор. Мисол учун, ҳозир мардикор бозоридан бир кишини уйга олиб келдингиз. Аммо сиз билмайсиз-ку, у ўғрими, тўғрими, балки оғир касалдиру иш вақтида бирор кўнгилсизлик юз бериб қолар?
Бордию ишчини ёллаш бюро иштироки билан бўлса, турли кўнгилсизликларнинг олдини олиш мумкин. Ҳар ҳолда улар синалмаган ёки аҳволи оғир кишини ишга қўйишмайди.
Бунинг мардикоргаям, ишчи ёлловчигаям фойдали томони жуда кўп. Хўш, унда нега бу амалиётга қўл ургимиз келмаяпти? Ваҳоланки, республикада бундай бюро ташкил этиш ташаббуси 2000 йилда ўртага ташланган, ўшанда Республика комиссияси ўрганишлари вақтинчалик бир марталик ишларни бажарувчи кўпчилик шахслар, энг аввало ёшлар, ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётганини, зарур меҳнат кўникмалари, касблар ва малакага эга эмаслигини кўрсатган.
Шу билан бирга, фуқароларнинг муайян қисми вақтинчалик бир марталик ишларни бажариш, яъни мардикорлик баҳонаси билан ўз оилавий мажбуриятларини бажаришдан, оиласини моддий таъминлашдан бош тортиш ҳоллари учраган (бугун бундай эмасми?)
Ўша пайтда ҳам ишсизликнинг сабабларини ўрганиш ва уни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан бандлик бўйича вазирлик ва унинг жойлардаги органлари иши қониқарсиз баҳоланган. Ҳозирги аҳвол бўйича оддий бир мисол, жорий йилда бандлик бошқармаси вилоятда 45 марта меҳнат ярмаркаси ташкил этгани ҳолда ушбу ярмаркага мардикор бозоридан бирор киши жалб қилинмагани ғалати. Ахир, улар уйда бекор ётган эмас, ишлайман, пул топаман, деб кўчага чиққан кишилар-ку. Бандлик бошқармаси биринчи навбатда уларни ишли қилишдан манфаатдор эмасми?
Республика комиссияси таҳлилида, шунингдек, маълум жойларда шаклланаётган мардикор бозорларида жамоат тартиби ва зарур ижтимоий-маиший шарт-шароитларнинг йўқлигига тоқат қилиб бўлмаслиги қайд этилган.
Мана, шундан бери 18 йилдан ошиқ вақт ўтди. Нима ўзгарди? Айтарли ҳеч нарса. Кичик майдонни панжара билан шунчаки ўраб қўйиш муаммо ҳал бўлди дегани эмас. Чамаси бандлик бошқармаси мутасаддилари “қандайдир мардикор”га замонавий шароит яратиб беришни тасаввурига сиғдира олмаяпти.
Дарвоқе, луғат титкилаб билсам, мардикор сўзи “тажрибали”, “ишбилармон одам” деган маъно англатар экан. Ушбу сўзни бўлаклаб, “мард”ни “қўрқмас” деб олсак, “кор” – “иш” бўладиган бўлса, яхлит тарзда “ишдан қўрқмайдиган киши” деган мазмун келиб чиқаркан. Аммо бугун мардикор деганда асосан қора ишларни қиладиган кишиларни тушунамиз. Балки шунинг учундир қора ишчига яхши шароит яратиб беришга деярли киришилмаяпти. Амалда эса бундай бозорга эҳтиёж бор. Фақат уни замон талабига мос, инсон қадрини кўтарадиган кўринишга келтириш керак. Уйда ётган сояпар ишёқмасни меҳнат ярмаркасига олиб чиқиб, уни ҳисоботларга тиркаш эмас, ишга иштиёқманд кишини қўллаб-қувватлаш мантиқдан, чамамда.
Б.ЎКТАМ