Бугун мафкуралар тўқнашуви ва ғоялар курашига тўла глобаллашув даврида Ватанимиз сарҳадларини ҳимоя қилиш, мустақиллигимизни асраб-авайлаш, эл осойишталиги йўлида хизмат қилаётган юрт ўғлонларининг аҳди ҳар жиҳатдан улуғ ва буюк. Биринчи Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар қандай давлатнинг куч-қудрати ва имкониятларига унинг армиясининг жанговар қобилияти ва жанговар тайёргарлигига қараб баҳо берилиши бежиз эмас ва бундай қараш мустаҳкам асосга эгадир.
Шундай даврлар бўлганки, Ватанимизнинг не-не мард ўғлонлари ўзга юртларда ҳарбий хизмат ўташ, ўзга юртларнинг қуролли можароларини ҳал этишга чорланарди. Бунинг оқибатида қанчадан-қанча ўзбек йигитлари қурбон бўлган. Шу сабаб ўшанда ота-оналар қандай бўлмасин, фарзандларини армияга юбормасликка ҳаракат қилишарди. Истиқлол шарофати туфайли йигитларимиз миллий армиямизга жалб қилиниб, фақат ўз Ватани сарҳадлари дахлсизлигини ҳимоя қиладиган бўлишди. Бу сиёсий жиҳатдан, айни пайтда мантиқан ҳам тўғри қарор эди.
Бугун миллий армия сафларида йигитлик бурчини ўтаётган ҳар бир навқирон ўғлон ватанпарварлик ва миллий қадриятларга содиқлик руҳида тарбияланади. Зеро, армия – ҳаёт мактаби. Ҳаёт синовларида тобланиш ҳеч қачон ҳеч кимга ортиқчалик қилмаган.
Бугунги болалардан “Катта бўлсанг ким бўласан?” деб сўрасангиз, уларнинг аксарияти “Аскар бўламан”, дея дадил ва баралла, ғурур билан жавоб беради. Ўз навбатида болаликдан Ватан ҳимоясига киришиш қарори билан улғайган бола ўз мустақил позициясига эга юрт қўриқчисига айланади.
Айни кунларда юртимиз бўйлаб Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги кенг тантана қилинмоқда. Бугун ҳар бир ўзбек онаси қалбида “Менинг ўғлим – Ватан ҳимоячиси” деган шараф туйғуси мужассам. Оналар қалбидаги қувончдан ҳар бир мард йигит томирида ишонч ва жасорат қони жўш урмоқда. Зотан, улардаги мардлик ва жасорат тинч-осойишта ҳаётимизнинг мустаҳкам кафолати сифатида аҳамиятлидир.
Даврон КЕСИМОВ,
Лобар КАРИМОВА,
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси мутахассислари