Зеро, туркийлар қадимданоқ худди шу хислатларни ўзида жамлаган, шу фазилатлари билан таниқли мард, жасур ва мағрур халқ бўлган. Эртак, ривоятлар, халқ қўшиқларию достонларида тараннум этилган мардлик, жасорат азалдан туркийларнинг табиатида мужассам бўлган, қадим муаллифлар томонидан ёзиб қолдирилган мозий битиклари қатида эса айни шундай хислатли эр йигитлар қиёфаси намоён бўлади. Мўғул даштларидан топилган “Тўнюқуқ” ва “Кул Тигин” битиктошлари мазмун жиҳатдан қаҳрамонлик, элу юрт ҳимоясини ўзида акс эттиргани билан аҳамиятли. Тарихан биздан анча олис даврда – иккинчи турк хоқонлиги ҳукм сурган (тахминан 712-716 ёки 720-726 йиллар) вақтда тошга зарб этилган бу ёзувларни ўқиб, уларда акс этган воқеаларни хаёлда гавдалантиришга уринилса, беихтиёр энг аввал тасаввур ойнасида шиддатли, ёвқур баҳодир қиёфаси пайдо бўлади. Бу – саркарда, хоқоннинг яқин маслаҳатгўйи Тўнюқуқдир. Эл орасида ҳурмат-обрўси баланд бўлган, ҳатто қўшни қабила ва элатларда ҳам номи машҳур бўлган Тўнюқуқ ўз ҳаётини халқи ҳимояси, туркийлар салтанатининг мустаҳкамланишига бағишлаган. Ўша давр урфига кўра, аслзода хонадон фарзанди ўлароқ Табғач давлатида тарбияланган Тўнюқуқ юксак ақлу заковат ва ҳарбий салоҳият эгаси эди. Юртига қайтгач, унинг фаолияти юрт ишига қаратилади. Турк хоқонлигининг учала номдор ҳукмдори - Элтариш, Бўгу, Билга хоқонлар қошида маслаҳатчи, қўмондон сифатида хизматда бўлади.
Ўз даврининг билимдон, доно давлат арбоби, моҳир саркардаси саналган бу шахс ўз тарихини битиктошга ўйиб ёздирган. Тошбитикда Тўнюқуқнинг давлат, халқ борасидаги фикрлари, ташқи ёвдан юртни мудофаалаш ва турк хоқонлигини мустаҳкамлаш учун амалга оширган ишлари батафсил баён этилган. Буларни ўқир экансиз, кўз ўнгингиздаги баҳодирни нафақат ёвқур, ботир жангчи, қаттиққўл, таптортмас ва тажрибали саркарда, балки ўз даврининг билимдон кишиси сифатида таний бошлайсиз. Унинг фикрича, озод миллатгина халқ, давлат бўла олади. Ўзаро тарқоқ, ноаҳил халқ давлат тузишга нолойиқ. Бундай халқни Тангри ҳам қўлламайди, ундан юз ўгиради. Матнда ўқиймиз:
“Турк халқи Табғач давлатига бўйсунар эди. Турк халқи ўзининг хони билан ҳам бўлмай, Табғач хоқонлигига қўшилди, хонлик бўлди. Ўз хонини қўйиб, яна Табғач хоқонлигига қўшилди. Тангри шундай деган экан: хон бердим. Хонингни қўйиб таслим бўлдинг. Табғачга таслим бўлгани учун тангри ўл, деган шекилли. Турк халқи ўлди, йўқ бўлди, тугади. Турк сир халқи ерида бирорта ҳам уруғ қолмади...”
Бу воқеалар иккинчи турк хоқонлиги юзага келмасидан олдинроқ рўй берганди. Битик давомида Элтаришнинг хоқон бўлиши ва Тўнюқуқни ўз хизматига олиши воқеалари баён этилади. Салтанатни оёққа қўйиш, мустақил давлат бўлиш учун аввало ташқи душманлар билан курашиш, чегараларни мустаҳкамлаш, рақибларга ўзининг ким эканлигини билдириб қўйиш керак эди. Бу юмуш Тўнюқуқ зиммасига тушади. Боиси, Элтариш хоқоннинг ундан бошқа ишонган одами йўқ эди. Белга мардлик камарини маҳкам боғлаб, шу ишга тутинган саркарда салтанат ҳимоясига отланади. Бу воқеалар тасвири шерюрак қўмондоннинг ички кечинмалари уйғунлигида чизилади. Табғач ва ўғузлар билан ёвлашган туркийлар анчагина қудрат касб этади ва атроф-жавонибда улар ўз мавқеини мустаҳкамлаётгани ҳақидаги овозалар тарқала бошлайди. Бундан ёвлар сергак тортади. Туркийлар бошчиси Элтариш хоқон ва Тўнюқуқ эканини билиб, уларни орадан кўтаришга, туркийларни ўзларига бўйсундиришга уринадилар. Кузатувчи, яъни айғоқчидан бу хабарни эшитган саркарданинг тинчи йўқолади. Матнда бу ҳолат қуйидагича тасвирланади:
“Ўша гапни эшитиб, тун ухлагим келмади, кундуз ўтиргим келмади. Ундан сўнг хоқонимга илтимос қилдим. Шундай илтимос қилдим: Табғач, Ўғуз, Хитой - бу учови қамал қилса, қамалда қолажакмиз. Унда вужудининг ичи-тошини - молу жонини топширган кишидай бўламиз. Юпқа йиғин тор-мор қилишга осон эмиш, ингичка йиғин узишга осон эмиш. Юпқа қалин бўлса, тор-мор қиладиган баҳодир эмиш. Ингичка йўғон бўлса, узадиган баҳодир эмиш. Шарқда Хитойдан, жанубда Табғачдан, ғарбда Қурдамдан, шимолда Ўғуздан ҳимояланиш учун икки-уч минг аскаримиз бор. Бундан бошқа келадиганимиз бормиди? Шундай деб илтимос қилдим. Хоқоним мен доно Тўнюқуқнинг арзини эшитди. Кўнглингга қараб йўл тут, деди...”
“Кўнглига қараб”, яъни ўзининг тадбиркорлиги билан иш тутган Тўнюқуқ аскарини ёвга қарши дадил бошлаб боради. Тенгсиз жангда унинг лашкари сон жиҳатдан ўзидан кўп бўлган душман қўшинини тор-мор қилиб, ғалаба билан қайтади:
“Уларнинг лашкари уч минг экан, биз икки минг эдик, урушдик, тангри ёрлиқади, қочирдик, дарёга тушди. Қочган йўлида яна ўлди. Шундан кейин ўғуз кўплаб таслим бўлиб келди...”
Бошқа жангларда ҳам туркийларнинг қўли баланд келади. Ташқи душманлар чекинади. Халқини, юртини, шу билан бирга, ўз ор-номусини қаттиқ туриб ҳимоя қилган жасур саркарда ва унинг хоқонини тан олишга, уларга бош эгишга мажбур бўлади. Бунинг боисини битик муаллифи турк хоқонларининг шижоат ва қатъияти, ўзининг жўяли маслаҳатлари туфайли деб билади. “Элтариш хоқонга, Турк Бўгу хоқонга, Турк Билга хоқонга хизмат қилдим, тун ухламай, кундуз ўтирмай, қизил қонимни тугатиб, қора терим югуртиб, меҳнатни, кучни бердим...”, дейди у. Ва бу интилиш, меҳнат беиз кетмайди: турк хоқонлиги тарих зарварақларидан жой олди. Мард ва жасур саркарда эса ўз ҳаётини тиккан бу ишдан мамнунлик ва қониқиш ҳиссини туяди. Айни шу туйғу ифодасини қуйидаги парчада кўриш мумкин:
“Бу турк халқига қуролли душманни келтирмадим, яловли отни югуртирмадим. Элтариш хоқон муваффақият қозонмаса, унга қўшилиб мен ўзим муваффақият қозонмасам, давлат ҳам, халқ ҳам йўқ бўладиган эди. Хоқоним муваффақият қозонгани учун, мен ўзим муваффақият қозонганим учун давлат ҳам давлат бўлди, халқ ҳам халқ бўлди...”
Битиктошнинг бир ўрнида муаллиф ёвлар тилидан ўзи ва хоқон таърифини келтиради. Бу таъриф кўҳна туркий тилга хос равишда сиқиқ, лўнда жумлада ўз аксини топган: “...хоқони алп экан, маслаҳатчиси билга экан (аслиятда: қағани алп эрмиш, айғучиси билга эрмиш)”. Жумлада қўлланган “алп” сўзининг луғавий маъноси “ботир, қаҳрамон” деган мазмун касб этади. Қадимдан туркийларда жисмонан бақувват, мардлик, жасорат кўрсата олган йигитлар, ботир саркарда ва жангчилар номига “алп” сўзи қўшиб айтилган. Юқоридаги жумлада ҳам бу сўз турк хоқонининг баҳодирлиги, қўрқмас жангчи эканини англатиш учун ишлатилган. Умуман, туркийлар оғзаки ижодида “алп” сўзи кўп такрорланади, қолаверса, халқимиз тарихида “алп” номини олган ва номи афсонага айланиб кетган шахсларни кўплаб санаш мумкин. Шулардан бири – Алп Эр Тўнгадир. Форсий манбаларда “Афросиёб” номи билан аталган бу қаҳрамоннинг номини Маҳмуд Кошғарий, Абу Райҳон Беруний, Юсуф Хос Ҳожиб каби олиму шоирларнинг асарларида учратиш мумкин. Унинг тарихи ёзилган манбалар Алп Эр Тўнга номи остида анчайин машҳур саркарда, давлат арбобининг шахсияти яширинганига ишора қилади. Қадим битикларда унинг алплиги, баҳодирона ҳаракатлари, юртпарварлик ғоялари билан йўғрилган сиёсати ҳақида маълумотлар кўп учрайди. Жумладан, қомусий асар сифатида қимматли манба саналган Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарида Алп Эр Тўнга исмининг маъноси батафсил тушунтирилади. Тўнга (тонга, тона) сўзи йўлбарсга ўхшаган жониворни англатишини ва туркийларда бу сўз лақаб тарзида қўлланишини ёзади. “...Туркларнинг улуғ хони Афросиёбни Тона Алп Эр, деб атар эдилар. Йўлбарс каби кучли баҳодир одам, демакдир”, дея изоҳ берилади асарда. Бундан кўринадики, Алп Эр Тўнга Элтариш хоқон сингари турк ҳукмдорларидан бўлган. Унинг номи Фирдавсий “Шоҳнома”сида ҳам келтирилган. Достонда Афросиёб эронийларнинг энг катта душмани сифатида тилга олинади. Бу бежиз эмас. Чунки Алп Эр Тўнга эронийларнинг туркийлар давлатига ҳужумини қайтарган, ўз юртини қаттиқ туриб ҳимоя қила олган жасоратли, шижоатли шахс бўлган...
Хуллас, халқимиз тарихи қатларидан бўй кўрсатиб, номи манбаларда қайд этилган бундай жасорат эгаларини яна кўплаб санаш мумкин. Кул Тигин, Тўнюқуқ, Алп Эр Тўнга, Широқ, Тўмарис каби қаҳрамонлар юрт ҳимоясига кўксини қалқон қилиб, ўзининг мардлиги, жасорати билан тарихда қолган шахслардир. Улар билан ўзбек халқи ҳақли равишда ғурурланади ва келажак авлодга ҳамиша ўрнак сифатида кўрсатади.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА