Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

11.01.2019


МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ЯГОНА

Қақшатқич тўқнашувдан сўнг фашист жангчиларига биринчи маротаба орқага чекинишга буйруқ берилган. Ўз навбатида зирҳли техникалар ҳар қандай мамлакат мудофаасини ташкил қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани исботини топганки, ушбу ҳақиқат бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Қудратли армиялар қуруқлигу ботқоқлик, нишонни узоқдан ўққа тутадигану тўғридан-тўғри жангга кирадиган замонавий танкларига эга.

Ўзбекистон армиясининг ҳам асосий кучи ҳарбий танклар бўлиб, маълумотларга кўра, Қуролли Кучлар ихтиёрида 420 танк, 179 самолёт, 715 та жанговар машина, 143 та ўзиюрар тўп, 880 тўп ва 109 та ёппасига ўт очиш қуроллари мавжуд.

Биз учун эътиборга молик жиҳати эса, Марказий Осиёда ягона танк бригадаси Муборак туманидаги ҳарбий қисмда жойлашган.

Қуролли Кучларимизни ислоҳ қилиш, мамлакат мудофаа салоҳиятини янада ошириш, ҳарбий соҳани замон талабларига мос ҳолга келтириш билан боғлиқ мутлақо янгича ёндашув, кўламдор ислоҳотлар самарасини мазкур ҳарбий қисм мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бу ерда биргина ўтган йил давомида лойиҳа қиймати 37 миллиард сўм бўлган 17 та объектда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, ҳарбий қисм бутунлай замонавий қиёфа касб этди. Жумладан, аскарлар ошхонаси, тиббиёт пункти ва казармалар капитал таъмирланди, ҳарбий хизматчиларнинг овқатланишини ташкил қилишда аутсорсинг тизими жорий қилиниб, аскарларнинг ошхона ишларига жалб қилинишига барҳам берилди. Бундан ташқари, иссиқлик ва электр тармоқлари янгиланди. Маданият ва спорт саройлари қурилди.

- Ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, яшаш ва хизмат вазифаларини ўташлари учун яратилган қулай шароит масъулиятли ва шарафли бурчни сидқидилдан бажаришда муҳим ўрин тутмоқда, - дейди ҳарбий қисм тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўлинмаси бошлиғи, подполковник Зиёдбек Мамажонов. - Мисол учун, янгидан қурилган муҳташам маданият саройида ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун турли концертлар, кўнгилочар дастурлар ташкил этилмоқда. Спорт саройида эса спортнинг 12 тури билан шуғулланиш имконияти яратилган, тренажёр заллари ишлаб турибди. Қолаверса, ҳарбийларнинг фарзандлари учун ҳам спорт тўгараклари очилган.

Дарҳақиқат, ҳарбий қисм кўплаб чемпионларига эга. Абдумалик Муҳаммадиев ўтган йили Мудофаа вазирлиги тизимида қўл жанги бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлган бўлса, майор Собир Ўразов Хитойда ушу спорт тури бўйича ўқиб келди, Отабек Жабборов армрестлинг бўйича 75 килограмм вазн тоифасида   Ўзбекистон чемпиони бўлди, Жавоҳир Раимов Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ   миқёсида қўл жангида тенгсиз деб топилди. Айни пайтда ҳарбий қисм спортчилари Қуролли Кучлар тизимида ўтказиладиган бокс мусобақасига   тайёргарлик кўрмоқда.

Жанговар машиналар парки. Турли туманлардан келган ёшларга ҳарбий техникалар ҳақида маълумотлар берилмоқда. Водийлик ҳарбий хизматчи Маҳмуджон Соаталиев душман зирҳли техникасини йўқ қилиш, танкнинг қуролланиш бўлими ишлаш ҳолатлари, танк экипажлари ҳаракати, қурол-аслаҳаларини жанг ҳолатига келтириш, нишонни мўлжаллаш каби муҳим вазифалар ҳақида гапириб беради. Унинг уқтиришича, ҳарбий танк билан бирга ўзини ҳам бошқара олиши керак. Танкда механик ҳайдовчи, командир, мўлжалга олувчи оператор ва ўқловчидан иборат таркиб бўлиб, ҳаммасини керакли қарор ва тўғри мўлжал ҳал қилади.

Айни пайтда муомаладан чиқарилган ва ҳимоя қатламлари ўзгача эски танк эътиборни тортади. Маълум бўлишича, ушбу ҳимоя қатлами ичига портловчи модда жойланган, душман снаряди танкка келиб урилганда,   портлашни ичкарига ўтказмасликка хизмат қилади.

Наридаги майдонда эса ҳарбий қурол-аслаҳалар намойиши. Кўринишдан кинолента сақланадиган айлана қопқоқли жиҳозни эслатадиган мана бу мина 150 дан 500 килограммгача юк тушганда, портлайди, яъни танклар учун мўлжалланган. Жимжималиси эса Франция қуролли кучларида фойдаланилади, бироқ таъсир кучи камроқ. Душман миналарини аниқлашда ишлатиладиган муҳандислар разведка асбоблари ҳам барчага бирдай қизиқ.

- Қурол-яроғни, ҳарбийлар ҳаётини телевизордан кўриш бошқа, яқиндан ҳис этиш бошқа экан, - дейди Касби тумани Жизза қишлоғидан келган ўқувчи Санжар Турсунов. - Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртига ўқишга кирмоқчиман, бугун бу ердаги зирҳли техникалар, уларнинг ишлаш жараёни билан танишиб, аҳдим қатъийлашди.

Аслида тинч ва осойишта ҳаётни таъминлаш халқ ва армия бирлигини тақозо этади. Қуролли Кучлар тизимидаги ислоҳотлар айни шу мақсад рўёбига қаратилганки, балки шу сабаб халқимиз миллий армия деганда, мустақиллигимизнинг мустаҳкам қалқонини тушунаётир.

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo