Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

22.03.2017


МАРВ – ХУРОСОН ШАҲАРЛАРИ ОНАСИ

ЭНГ ҚАДИМГИ “МИЛЛИОНЕР”

Ҳозир ўрта асрларда аҳолиси миллион кишидан ошиқ бўлган йирик Марв шаҳри ўрнида фақат харобалар ва бўлак-бўлак эски иморатларни кўриш мумкин. Бу вайроналар ҳамда каттагина - 10-12 метрлик маданий қатлам – бешта турли манзилгоҳ излари Қадимги Марв номи остида бирлашади. Биринчиси, бу энг қадимий, тарихдан илгариги даврга    мансуб истеҳкомли шаҳар - Эрк Қалъа; иккинчиси, антик Марв – Гаур Қалъа шаҳри; учинчиси, араб даврига хос қўрғон-манзилгоҳ -  Шоим Қалъа; кейингиси, энг гуллаб-яшнагани – салжуқийлар даврига мансуб, шаҳар маркази саналган Султон Қалъа қўрғони билан Кўҳна Марвдир. Ниҳоят, нисбатан кейинроқ, темурийлар даврида пайдо бўлган манзилгоҳ – Абдуллахон қалъаси ёки Янги Марв мўғул-татарлар томонидан вайрон қилинган эски шаҳар ўрнида икки асрдан сўнг қад кўтарган. Шундай қилиб, Марв – эрамизгача бўлган  II мингйилликда вужудга келган манзилдир, у кўп асрлар давомида ўз тарихий асоси бўйлаб ўрнини ўзгартирар экан, шу аснода ривожланди, тараққий топди. Ва ҳар бир давр унда ўзининг такрорланмас изини қолдирди. Марв  эрамизгача бўлган даврда узоқ вақтлар Буюк ипак йўлининг муҳим занжири ва ривожланган Марғиёна ўлкасининг пойтахти эди. Кўп асрлар мобайнида бу шаҳар Ҳиндистон, Хитой ва Шарқнинг бошқа мамлакатлари билан кучли савдо алоқаларини йўлга қўйган, унда маданият, фан ва ҳунармандчилик жадал тараққий топган.  Зороастризм, яъни оташпарастлик динининг муқаддас китоби “Авесто”да у “Моуру” деб аталади. Кейинчалик шаҳар номи бир неча бор ўзгарди: Марғуш,  Марғиёна, Марғоб, Мару ва Марв. Ўрта асрларда Марв алоҳида сифатлашга эга бўлди - Шоҳижон, яъни “шоҳ қалби”, бошқача айтганда, Хуросон шаҳарларининг тиргаги, онаси. Афсуски, қадимий Марв бино ва иншоотларининг катта қисми замонлар оша шу қадар шикаст топиб, емирилганки, уларнинг ўтмишдаги азим қиёфаси ҳақида фақатгина тарих   дарсликлари ёки Шарқ адабиётидан ўқиб билиш мумкин. Масалан, “Минг бир кеча”да Марв араб халифалигининг  маъмурий-маданий маркази сифатида тилга олинади. Ўша даврларда шаҳарни гўё оламдаги бор хазиналар соҳиби, афсонавий халифа ал-Маъмун бошқарган.

Илк ўрта асрлардаги Марв ҳаким, файласуф ва сайёҳ Барзуя, хонанда ва созанда Барбут, шоирлар Анварий ва Масъудий Марвазий, тарихчи Сомоний, фалакшунос Ҳабаш, файласуф ва шоир Умар Хайём ва яна бошқа кўплаб зотлар етишиб чиққан маъво эди.

ГЎЗАЛ ВА ФАРОВОН

Буюк Умар Хайём бу ажиб гўшанинг Эрк Қалъасида – Қадимги  Марвнинг қоқ марказида туғилган. Ўпирилган, аммо қадимги сулукатини сақлаб қолган деворлари туфайли Эрк Қалъа бошқа қўрғон-қалъалардан ажралиб туради. Унинг майдони катталиги 20 гектарга яқин. Ҳозирги даврда қиялик ва текис қирқилгандай кўринувчи миноралари билан қалъа деворларининг баландлиги 25-29 метрга етади.  Шаҳар марказида ҳукмдор саройи қолдиқлари кўзга ташланади, Эрк Қалъанинг шимолий қисмида эса улкан майдон ястанган.  Айнан Эрк Қалъани қачонлардир Моуру, Марғуш ёки Марғиёна шаҳри деб аташган. У эрамизгача бўлган 522 йилга тааллуқли кўҳна Беҳистун қоятош битикларида тилга олинган. Ўша олис замонларда Марғиёна серҳосил воҳа бўлиб, унинг тупроғи баракотли эканлиги ҳақида афсоналар юрган. Қадимги юнон тарихчиси Страбоннинг ёзишича, бу ердаги токларнинг новдасини икки киши зўрға кўтарган, бир бош узум икки тирсак бўйи (1 метрга яқин) келган. Эрамизгача бўлган IV асрда Марғуш шаҳри ва бутун Марғиёна воҳаси Александр Македонский қўшинлари томонидан истило қилинади. Шаҳар эндиликда Марғиёна Искандарияси деб атала бошланади. Бироқ буюк саркарданинг ўлимидан сўнг, унинг империяси парчаланиши туфайли Марғиёна ерлари Салавкийлар давлати таркибига ўтади.  Страбоннинг гувоҳлик беришича, эрамизгача бўлган 281 йилдан 261 йилгача ҳукмронлик қилган салавкийлар шоҳи Антиох I Сотер Марғиёнанинг ҳосилдор заминига шу қадар ихлос қўйганки, ҳатто воҳани 250 километрга яқин масофадаги ҳимоя девори билан ўрашни буюрган. Антиох бу ерда  кейинчалик ўзининг шарафига Марғиёна Антиохияси деб юритилган шаҳарга асос солиш ҳақида фармон беради. Янги шаҳарнинг қалъа деворлари барпо қилинишида маҳаллий меъморлар эллинизм шаҳарсозлигининг юксак тажрибаларига таянишган. Ушбу муҳташам қалъа қолдиқлари Гаур Қалъа сарҳадларида сақланиб қолган. Қалъа майдони 300 гектардан ошиқроқ бўлиб, ўзида антик даврнинг қудратли иншоотларини намоён этган.

II асрда Марв тараққиётининг юқори босқичига чиққан, III асрнинг биринчи ярмида эса уни сосонийлар эгаллаб олишди. Бу машҳур сулола ҳукмронлиги 651 йилга қадар давом этди. Сўнгра Марв араблар томонидан босиб олинди ва сўнгги сосонийлар ҳукмдори Яздигирд III шу шаҳарда ҳалок бўлди.

САЛЖУҚИЙЛАР ДАВЛАТИ ПОЙТАХТИ

Ўрта асрлардаги Марвнинг энг гуллаб-яшнаган вақти ҳамда унинг жойлашув ўрни борасидаги аниқ хулоса XI-XII асрларга тўғри келади. Бу вақтда шаҳар Буюк Салжуқийлар давлати пойтахти эди. Салжуқ султони Маликшоҳ (1072-1092 йиллар) фармонига биноан шаҳар мустаҳкам қалъа девори ва хандақлар билан ўраб олинган. Ҳозирда майдони 400 гектардан ошиқ бу қалъа “Султон Қалъа” номи билан машҳур. Шаҳар иморатлари Маҳжон каналининг ҳар икки тарафида қад кўтарган. Султон Қалъанинг шимоли-шарқий қисмида яна бир қўрғон – Шаҳри ар-Арк қад керган, бу ерда султон     саройлари мажмуаси, ҳарбий қароргоҳ ва маъмурий бинолар жойлашган. Искандар Қалъа ва кичик Султон Қалъа   кейинроқ, Марв яқинидаги аҳоли зич яшовчи манзиллар муҳофазасини кўзлаб қурилган. Салжуқийлар ҳукмронлиги даврида шаҳарга хос ҳаёт тарзи Султон Қалъа деворларидан ошиб ўтиб, ундан узоқларга тарқалган.

XI-XII асрлардаги Марвдан бир қанча ажиб меъморий иншоотлар сақланиб қолган бўлиб, улар туркман халқининг миллий фахрига айланган. Уларнинг энг машҳурларидан бири  -  султон Санжар мақбараси.  Ушбу ёдгорлик, жумладан, унинг большевиклар пулемётидан бироз шикастланган гумбази ўзида салжуқийлар даврига хос мумтоз меъморчилик услубини акс эттиради. 

Султон Қалъанинг қоқ марказида жойлашган мақбара мўғул-татарлар босқинидан омон қолган. Вақт унга ўз таъсирини ўтказа олди: гумбазининг мовий кошинлари уст қавати тўкилиб тушди, бино бироз соддароқ тус олиб, тантанавор қиёфасини йўқотди. Эндиликда мақбара кўҳна шаҳар харобалари узра маъюс ҳайбати билан қўр тўкиб туради, у бир неча километрданоқ кўзга ташланади. Қандай бўлмасин, мақбара ўрта аср меъморчилигининг ажойиб намунаси ҳисобланади, унинг қурилишидаги композицион ечим ҳамон кишини ҳайратга солади.

ШАРАФ ШУНДАЙ ЎТАДИ

1221 йилда бой ва гуллаб-яшнаган Марв Чингизхоннинг ўғли Тўлихон томонидан ер билан яксон қилинди. Ривоятларга кўра, ўшанда шаҳарнинг 1 миллион 300 минг кишилик аҳолиси ҳалок бўлган. Шаҳар фақатгина  Амир Темурнинг ўғли Шоҳрух 1396 йилда Хуросон ҳукмдори этиб тайинланганидан сўнггина қайта тикланди. 1407-1409 йилларда асосий қисми жануброқда жойлашган қадимги Марвга тақаб у Янги Марв шаҳрига пойдевор қўяди, 10 йилдан сўнг эса бу ерда саройлари, қўрғон ва майдони билан улкан шаҳар барпо этилади. XV аср охирларида  Марвни ўзбеклар эгаллашди, 1510 йилда эса улар ўрнига форслар келишди. 

Деярли 3 аср мобайнида Марв галма-гал форслар, Бухоро, Хива ва бир қисми Афғонистон қаламравида бўлди. Бир муддат, то 1790 йилда Бухоро хонлиги томонидан вайрон қилинмагунича, мустақил ҳукм сурди. Шундан кейин шаҳар билан биргаликда ривожланган Марв воҳасининг асосий  қисми Мурғоб дарёсидаги Султонбанд тўғонининг  бузилиши оқибатида инқирозга учради.  Бу зарба бир неча маротаба харобалар остидан қад тиклаган шаҳар учун тузатиб бўлмайдиган оқибат эди. 

Муаллиф: Николай БЕЛОЗЕРОВ.

Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.

Report typo