Совуқ мавсумда кишиларни коммунал соҳа билан боғлиқ муаммолар қийнаши ҳеч кимга сир эмас. Ахир уйда газ, “свет” бўлмаса, жон сақлашнинг ўзи бўладими? Шундай экан, мавсумда газ, электр таъминоти идораларига фуқаролардан турли мурожаатлар кўпайиши табиий.
Шу асосда Қарши тумани адлия бўлими томонидан “Hududgaz Qashqadaryo” газ таъминоти филиали “Qarshitumangaz” бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартдаги қарори билан тасдиқланган юридик ва жисмоний шахсларни газ тармоқларига улаш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш талабига риоя этилиши ҳолати таҳлил қилинди.
Таҳлил натижасида юридик ва жисмоний шахсларни газ тармоқларига улаш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш бўлим бош муҳандиси У.Н.га юклатилгани, ходим томонидан табиий газни ҳисобга олиш приборларини пломбалаш ва газ таъминоти шартномасини тузиш юзасидан келиб тушган аризалар ижрога ўз вақтида қабул қилинмагани аниқланди.
Ушбу ҳолат юзасидан туман адлия бўлими томонидан Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармасига ходимга нисбатан киритилган маъмурий иш ҳужжатларига асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 215-5-моддаси 1-қисмига кўра амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида жарима тайинланди.