Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

13.09.2019


МАШАҚҚАТЛИ МЕҲНАТНИНГ МУНОСИБ ЭЪТИРОФИ

Айни пайтда корхонада 2 минг нафар киши меҳнат қилмоқда. Бу ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар дунёнинг қарийб 20 та давлатига экспорт қилинаяпти. Қувват ҳам кичик эмас. Мисол учун, биргина ўтган йилнинг ўзида хорижга 230 минг тоннадан ошиқ калийли ўғитлар сотилган. Шу билан бир қаторда, корхона томонидан ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, қўшимча иш ўринларини яратиш ва пировард натижада иқтисодий салоҳиятни юксалтиришга қаратилган янги-янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Албатта, эришилаётган бу ютуқлар замирида шу ерда меҳнат қилаётган мутахассислар, ишчиларнинг улкан ҳиссаси бор. Уларнинг фидокорона меҳнатлари самараси бугун ҳар жабҳада акс этмоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 29 августдаги фармони билан жамиятнинг лаҳим ўтиш комбайни машинисти Шавкат Сафаровнинг "Шуҳрат" медали билан тақдирланиши ҳам корхона ишчи ва ходимлари меҳнатига берилган яна бир муносиб баҳо бўлди.

- Ҳали заводнинг қурилиш ишлари олиб борилаётган бир пайтда, яъни 2008 йилда шу ерда иш бошлаган эдим, - дейди Шавкат Сафаров. - Ҳар доим астойдил ишлашга, билим ва тажрибамни муттасил ошириб боришга ҳаракат қиламан. Энг асосийси, буни раҳбариятимиз ҳам доимо қўллаб-қувватлаб, зарур шарт-шароитларни яратиб бермоқда. Ишга кирганимдан сўнг   дастлаб Россияда 6 ой давомида малака ошириб келган эдим. 2013 йилда яна корхона маъмурияти ташаббуси ва бевосита кўмаги билан Беларусь давлатида бўлиб, бир ойлик ўқув курсини тамомлаб қайтдим. Ўрганганларимни корхонага келиб, амалиётда қўллаш билан бирга, бошқа ҳамкасбларим, ёш ходимларга ҳам ўргатишга ҳаракат қилаяпман. Қилаётган хизматларим Президентимиз томонидан юқори баҳоланиб, "Шуҳрат" медали билан тақдирланишим зиммамдаги масъулиятни янада оширди. Кучим, шижоатим борича ана шу ишончни, эътирофни оқлашга ҳаракат қиламан. Мана шундай йирик корхонада ишлаётганимдан, катта ва аҳил  жамоа билан биргалигимдан бахтиёрман.

Маълумот ўрнида келтириб ўтамиз, Шавкат Сафаров "Деҳқонобод калий заводи" масъулияти чекланган жамияти ходимлари сафидаги давлат мукофоти билан тақдирланган учинчи киши бўлди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Report typo