У машина олишни истар, аммо бунинг учун етарли маблағи йўқ эди. Шундай истак оғушида укасининг синфдоши Фотиҳ Файзиевни учратиб қолди. Ўзаро суҳбатдан маълум бўлдики, Фотиҳ машина олиб сотиш ҳамда уларни ижарага бериш билан шуғулланар экан. Буни эшитган Олтиной дарҳол унга дардини ёрди.
- Укажон, соғлиғим яхши эмас, кўп пиёда юра олмайман, - дея гапни узоқдан бошлади у. - Битта машина олмоқчиману, лекин етарли маблағим йўқ. Шу боис, ижарага машина топиш мақсадида юргандим. Шу ишда ёрдам берсанг, жуда катта яхшилик қилган бўлардинг-да.
- Ҳаракат қиламан, - деди унинг дарду ноласини тинглаган Фотиҳ ҳам. - Менга икки-уч кундан кейин телефон қилинг, бир чорасини топамиз.
Олтиной икки кундан сўнг унга телефон қилди.
"Қарши шаҳрига келинг, битта "Матиз"им бор, шуни олиб кетасиз", деди Фотиҳ. Олтиной шу куниёқ у билан учрашиб, ҳар ойда 900 минг сўм тўлаш шарти билан машинани олиб қайтди.
У ижарага бўлса-да машина олганидан хурсанд, уни бемалол ҳайдаб юрарди. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай кўнгилсиз ҳолат рўй берди. Яъни машинани бошқариб бораётиб, тезликни ошириши натижасида бошқарувни йўқотди ва йўл четидаги бетон тўсиққа бориб урилди. Жони омон қолди, аммо машинанинг аҳволига қараб бўлмасди. Ҳар дарди ичида аёл "Матиз"ни юк машинасига ортиб, бир амаллаб уйига олиб борди. Энди уни эпақага келтириш учун каттагина маблағ керак, бунча пул эса унда йўқ эди. Буёғи аввал таниш-билишлардан ҳам анча-мунча қарз бўлиб қолган, уларнинг ҳам пулини бериши керак. Хўш, нима қилиши мумкин?
Шу ҳақда бош қотирар экан, кутилмаган қарорга келди: машинани сотаман, Фотиҳга бир-икки йил ичида пулини қилиб берсам рози бўлади-да. Агар унга ҳозир уриб олганимни айтсам ҳам, барибир сотиб пулини қилиб беришимни талаб қилади. Буни эса шу аҳволида у айтган пулга олмаслиги аниқ. Яхшиси, унга айтмай турганим маъқул.
У шу хаёл билан машинага харидор излай бошлади. Кўп ўтмай яқин таниши орқали бир харидор топди ҳам. Ўзини Бекмурод деб таништирган кишига машинани 1700 АҚШ долларига сотди. Ҳужжатлари масаласига келганда эса, "Машина укамники, у ҳозир Россияда. Тез орада келади, шундан сўнг ўзим расмийлаштириб бераман", деб айтди.
Халқимизда бир хато иккинчисини бошлаб келади, деган гап бор. Машинани сотиб олган киши ҳам уни тўғрилаб, сўнг яна сотиш тараддудига тушди. Бунинг учун эса ҳужжат керак эди. У бир неча маротаба Олтинойдан ҳужжатлар ҳақида сўради, аммо тайинли жавоб бўлмагач, аслида унда ҳужжат йўқ эканлигини тушунди.
Машина аслида Бахтиёр исмли кишиники бўлиб, ундан Фотиҳ сотиб олган, олди-сотди шартномаси расмийлаштирилган, бу ҳақда техник паспортга керакли муҳр ҳам туширилган, аммо машинанинг ўзи ҳали Фотиҳнинг номига ўтказилмаган эди. Буни билган машинанинг янги эгаси ҳамда Олтиной ўзаро тил бириктириб, махсус кимёвий модда ёрдамида ана шу муҳрни ўчиришди. Сўнг Бахтиёрга бориб, машина бир неча маротаба сотилиб, қўлдан-қўлга ўтиб кетгани, энди уни расмийлаштириш учун ҳам ҳужжатлар масаласи чигаллашиб кетганини айтиб, бу борада ёрдам сўрайди. Уларга ишонган Бахтиёр ҳам нотариусга келиб, машинани сотгани ҳақида яна шартномага қўл қўйиб беради. Қарабсизки, асл эгаси бехабар машина иккинчи кишидан учинчисига, учинчисидан тўртинчисига сотиб юборилади. "Матиз"нинг пулини аллақачон ишлатиб юборган Олтиной Ҳошимова эса Фотиҳнинг пулини топиб келарман-да, деган ўй билан Россияга йўл олади.
Халқимизда қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам чиқади, деган нақл бор. Аслида Фотиҳ Файзиевга тегишли бўлган ушбу машинанинг тегишли ҳужжатлари қалбакилаштирилиб, сотиб юборилгани ҳам кўп ўтмай фош бўлди. Айни пайтда мазкур жиноят иши бўйича тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ф.САЛОҲОВ,
вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси катта терговчиси, майор